Мақолалар

Намозда “омин”ни махфий айтиш суннатдир

 

Фақиҳларнинг барчаси намозда Фотиҳа сурасининг сўнгида “омин”ни айтиш суннат эканига иттифоқ қилишган. Улар “омин”нинг дуо экани, яъни “Дуоларимизни ижобат қил” маъносини билдириши борасида ихтилоф қилишмаган.

Шунингдек, уламолар дуо жаҳрий бўлганидан кўра, махфий тарзда амалга ошириш афзал эканини бир овоздан маъқуллашган. Зеро, Аллоҳ таъоло Қуръони каримда марҳамат қилади “Раббингизга махфий ва тазарруъ ила дуо қилинглар” (Аъроф сураси, 55-оят).

Бироқ намозда Фотиҳа сураси овоз чиқариб ўқилганидан сўнг “омин”, дейиш борасида ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари махфий айтиш афзаллигини айтганлар.

“Ҳидоя” асарида бу хусусда қуйидагилар айтилган: “Имом “وَلاَ الضَّالِّينَ”ни айтиб “омин” дейди ва муқтадий ҳам уни айтади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон имом “омин” деса, сизлар ҳам “омин” денглар», деганлар.

Ҳанафий мазҳабининг “омин”ни махфий айтиш суннат экани борасидаги далиллари қуйидагилар:

– Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни ўқидилар-да  “омин”, дедилар ва буни паст овоздаайтдилар» дейилган.

Ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ Фотиҳа сурасини баланд овоз билан ўқиб, “омин”га келганда, овозларини пасайтирганларини тушунамиз. Ҳанафийлар мавзуга оид бошқа бир ҳужжат: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни тиловат қилсалар, “омин”, дер эдилар. У кишининг ортида биринчи сафда турган одам эшитар эди», ҳадисини ҳам юқоридаги далилни изоҳловчи сифатида тушунганлар. Яъни, “омин”ни имомга яқин сафдаги кишиларгина эшитгани уни паст тарзда айтилганини билдиради.

– Шунингдек, “омин” дуо бўлиб, Қуръони каримда дуонинг асли махфий тарзда бўлиши зикр этилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингизга тазарруъ қилган ва махфий ҳолда дуо қилинг” (Аъроф сураси, 55-оят).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда “омин” дуо экани айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичида қилинган дуо Ововз чиқариб қилинган дуонинг етмиштасига тенг”, дедилар.

– Ҳанафийларнинг “омин”ни махфий қилиш афзал эканига саҳоба ва тобеинларнинг амалларидан далил келтиришган. Жумладан, Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда: «Умар ва Али розияллоҳу анҳумо “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “омин”ни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.

Шунингдек, мавзу доирасидаги энг машҳур далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон имом: “Ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддоллиин”, деса: “Омийн”, денглар. Чунки кимнинг омини фаришталар омини билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда имомнинг ортидагилар “омин” айтишлари имомнинг Фотиҳа сураси якуни “Валаззоллийн” калимасини талаффуз қилишига боғланган. Агар имом “омин”ни баланд овозда айтиши керак бўлганида эди, унинг ортидагиларнинг “омин” айтишлари имомнинг “Валаззоллийн” калимасини талаффуз қилишига боғланмас эди, балки имомдан “омин”ни эшитишларига тақалар эди.

Собиржон РУСТАМОВ,

Шайхонтоҳур тумани “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 1125 times

Мақолалар

Top