Мақолалар

Бир лаҳзада етти мил масофа

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олимларнинг таъкидлашича, кўз юзасида юпқа парда бўлиб, у қоронғуликда кенгаяди, ёруғликда тораяди. Қачон одам қоронғуликдан ёруғликка ёки ёруғликдан қоронғуликка чиқса, торайиш ва кенгайиш жараёни юзага келади. Мана шу торайиш ва кенгайиш жараёнида кўзнинг нерв толалари етти мил масофани босиб ўтади. Қизиғи, инсонга бу тезликдан қилча нарса сезилмайди. Ушбу неъматни Аллоҳ таоло бизга Ўзининг карами ила ато қилгандир. Ундан бошқа нарса эмас! Шунинг учун ҳам бу неъматни қадрлашимиз ва уни тўғри ишлатишимиз лозим. Чунки, инсоннинг кўзи жиловсиз бўлса, у кўп фаҳш ишларнинг манбаига айланади. Шунинг учун муҳаққиқлар наздида кўзни тиймаслик «уммул хобаис» барча ёмонликларнинг онаси кабидир. Улуғ неъмат деганимиз мана шу икки кўз жиловланмаса, улардан фитналар қайнаб чиқади ва атроф-муҳитда, жамиятларда беҳаёликлар тарқалишига сабаб бўлади. Ислом бу икки йўлни назоратга олди. Ҳар мўминга назарини пастга қаратишни ҳукм қилди, на номаҳрамга назар тушсин ва на шаҳват олови аланга олсин, на қамиш бўлсин, на най чалинсин. Бу иш хам исломнинг гўзаллигидандир. Ёмонликни аввал-бошданоқ бартараф қилиш Исломнинг бош шиорларидандир.

Назари тийиқсиз одамларда шаҳват аланга олаверади. Ҳатто фаҳш ишларга мубтало бўлганини билмай қолади.

Бадназар одам Аллоҳга осийлик қилган бўлади.
Кўзини ҳаромдан тиймаган одам Аллоҳга итоатсиздир. Бадназарлик қатъий ҳужжат ила ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло шундай амр этади:
«Иймон келтирганларга айтингки, назарларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар» (Нур сураси, 30-оят).

Шундай экан, қайси инсон бадназарлик қилаётган бўлса, у илоҳий амрга хилоф иш қилаётган бўлади. Бадназарликдан сақланиш учун қалбда қатъий ишонч ва итоат бўлиши кифоядир.

Бадназарлик омонатга хиёнатдир. Бадназар одам Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилган бўлади. Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:
«У (Аллох) кўзларнинг хиёнати ва қалбларнинг сирларини билади» (Ғофир сураси,19-оят).
«Хиёнат» дейилишининг сабаби шуки, биз ўз кўзларимизнинг эгаси эмасмиз, балки уларнинг эгаси-молики Аллоҳ таолодир. Бу кўзларни айнан У ато қилган. Аллоҳ уларни бизга омонат ўлароқ берган. Уларни муҳофаза қилиш, тўғри ишлатиш, бадназарликдан, ҳаромларга қарашдан тўсиш - булар бизнинг бўйнимиздаги масъулиятдир. Масалан, худкушлик - ўз-ўзини ўлдириш ҳам ҳаром, чунки омонат. Унинг ҳам танамиздаги жон эгаси Аллоҳ. Хуллас, биз ўзимизники эмасмиз. Аллоҳникимиз! Шундай экан, ҳеч бир ҳолатда Эгамизнинг айтганига хилоф иш қилишга, берган неъмат-омонатларини Унинг ғазабини келтирадиган ўринларда ишлатишга ҳаққимиз йўқ! Мабодо, жисмимиз ва жонимизга ўзимиз хўжайин бўлганимизда, хоҳлаган тарзда тасарруф этишимиз мумкин эди. Чунки, хўжайин ўз хўжалигида хоҳлаган ишини қила олади. Аллоҳ таоло бандаларига бу ихтиёрни бермагани ҳам жисмимиз Аллоҳнинг омонати эканига далилдир. Омонатга хиёнат эса, катта жиноят гуноҳдир. Шунга кўра, бадназарлик қиладиган кимса Аллоҳ берган кўз омонатига хиёнат қилади. Аллоҳнинг омонатларига хиёнат қилувчи у зотнинг дўсти ва маҳбуби бўла олмайди. Бу эса жуда катта зиёндир.


«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди

 

Read 848 times

Мақолалар

Top