Мақолалар

Оқибатли фарзандлар кўпайсин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қўшни кўчадаги уйда яшайдиган амакимнинг ўғли, еттинчи синф ўқувчиси – Маъруфнинг эрталаб рюкзагини елкасига илиб олганча қаергадир югуриб кетаётганини кўриб, унинг йўлини тўсдим. 
– Қаерга шошиляпсан? 
– Мактабга. 
– Мактабга?! Дарс бошланишига ҳали анча бор-ку! Автобус бекати эса анави ерда. Нега бу томондан кетяпсан? 

Бу саволни беришимни кутмаган Маъруф қизариб кетди.
– Пулим йўқ эди... Дадам йўлкирага берганларини ишлатиб қўйгандим...
– Анави куни ҳам яёв кетаётганингни кўргандим. Майли, мана буни олгин-да, – дедим унга чўнтагимдан пул чиқариб, – мактабга автобусда бор, қолганини кейин гаплашамиз.

Кечқурун ишдан қайтаётганимда атайлаб қўшни кўчадаги қариндошимизникига кирдим. Амаким, келинойим билан озгина у ёқ-бу ёқдан гаплашгач, уларга «Маъруфда озгина ишим бор эди», деб жиянни ташқарига олиб чиқдим.

– Хўш, – дедим бошини қуйи қилиб олган Маъруфга қараб. – Яна нималар қилиб юрибсан? Амаким йўлкиранг учун пул беришларини биламан... Ўртоқларинг билан компьютер хонага кирдингларми?
– Йўқ. Дадам рухсат бермайдилар интернет-кафега киришга...
– Алдамаяпсанми?
– Йўқ.
– Барибир ўртоқларингдан билиб оламан. Қанчадан бери пиёда юрибсан?
– Бир ойча бўлиб қолди...
– Вой-бў... Нимага ишлатдинг шунча пулни?
– Битта одам сўраган эди...
– Ким?

Шу пайт бармоқлари қалтирай бошлаган Маъруфнинг паст овозда айтган «Онаси касал бўлиб қолган экан...» деган сўзларини зўр-базўр англадим. Кейин жияним тез-тез бир нарсаларни ғўлдирай кетди. Йиғламсираб гапиргани учун нима деётганини тушуниб бўлмасди.

– Энди, шошма, – дедим жиянни бағримга босиб. – Ҳаммасини бошидан дона-дона қилиб айтиб бер.

Аҳамиятлиси, Маъруф менга бир ой давомида бошидан ўтганини тушунтириб берганидан сўнг у анча улғайганини тушуниб етдим. Жияннинг айтиб берганидан шу маълум бўлдики, у ҳар куни мактабдан пиёда қайтаётганида уйидаги аҳволни таҳлил қилар, битта ўзи ишлаб, онаси ва укаларини боқиб келаётган дадасига қандай қилиб ёрдам бериш ҳақида бош қотиришга ҳаракат қилган экан.

– Тўғри, бошқа синфдошларимга ўхшаб ҳар куни дўкондан мазали егуликларни ололмасдим. Бироқ уст-бошим тоза ва бутун, уйда еб-ичишимиздан муаммо йўқ эди, – дея тушунтирарди менга Маъруф. – Шунчаки, ўртоқларим ўзлари хоҳлаган нарсаларни сотиб олиш учун дўконга кириб кетганларида, ичимда «Бизга ҳам шундай кунлар насиб қилиб қолар», деб қўярдим. Бир куни шунга ўхшаш ҳар хил нарсаларни ўйлаб мактабдан уйга кетаётганимда олдимдан кичкина халта кўтариб олган, чамаси 25-30 ёшлардаги бир киши ўтиб кетди.

Маъруфнинг айтишича, ўзига ярашган кийимларни кийиб олган ўша йигитнинг қадамида қандайдир қатъият ва ишонч бўлган. Сал ўтиб йигит эски бир уй дарвозаси олдидаги супачада ўтирган, ёши саксонлардан ошган онахонга халтасидан бир даста пулни олиб, узатибди. Онахон эътироз билдириб, олишни истамаса ҳам ҳалиги киши унинг қўлига пулни тутқазибди. Охири ҳадяни олган аёл йигитни дуо қилибди. Маъруф аввалига кўрганини ҳазм қила олмай, жойида қотиб қолибди. Кейин тўсатдан бошқа кўчага бурилиб кетган йигитга етиб олиш мақсадида қадамини тезлатибди. Ўша кўчага кирганида йигит анча узоққа кетиб қолган экан. Маъруф сахий кишига етиб олиш илинжида бегона кўча бўйлаб анча юриб, катта йўл ёқасига чиқибди. Аввало чарчагани, иккинчидан бошқа йўлдан кетиб қолгани учун уйига таксида кетадиган бўлибди. Кўп ўтмай олдига «Нексия» тўхтабди. Ҳайдовчи билан йўл ҳақини келишгач, орқа ўриндиққа яхшилаб суяниб ўтириб олибди. Таксичи ҳаракатланишни бошлаганида машина магнитофони овозини баландлатибди.

«Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Aллоҳ таоло бандасининг садақасини ўнг қўли билан қабул қилади ва уни сизлардан бирингиз тойчоғини тарбия қилгандек тарбия қилади» (Бухорий ривояти). Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мол садақа сабабидан камаймайди» (Термизий ривояти). Ҳатто энг кичкина қилинган садақа ҳам, Aллоҳнинг наздида катта қийматга эга. Aгар ҳамма одамлар, бу нарсаларни Aллоҳ қабул қилишини билганда ва тушуниб етганда эди…».

Маърузага берилиб кетган Маъруф уйига қандай етиб келганини билмай қолибди. Агар ўша пайт таксичи «Ука, шу ерда тушасанми?» демаганида кетаверар экан. Машинадан тушиб, кўчанинг бошидан уйи томон бораётганида рўпарасидан ёши 17–18 дан ошмайдиган бир йигит чиқиб қолибди. Бошига эски дўппини бироз қийшайтириб қўндириб олган, бир кўзи негадир юмилиб қолган йигит хижолат бўлиб, Маъруфга мурожаат қилибди: 
– Узр, – дебди нотаниш йигит саломлашгач, ўзидан кичик болани сизлаб. – Уят бўлса ҳам сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим.
– Майли, сўрайверинг, – дебди Маъруф.

– Вазият шундайки, онам бетоб бўлиб, бир ҳафтадан бери касалхонада ётибдилар. Уларнинг муолажаларига керак пулни ишлаб топиб бердим. Энди дориларга ҳам пул зарур бўлиб қолди. Ҳозир масжиддан керакли пулнинг бир қисмини олиб чиқдим. Барибир етмаяпти. Имкониятингиз бўлса, сиз ҳам ёрдам беринг... Aллоҳ номи билан сўрайман, ёлғон гапирмаяпман. Онам ростдан ҳам касал. 

 Уни диққат билан эшитиб, ўйлаб ҳам ўтирмай чўнтагидан эллик минг сўм пулни чиқариб, «кўп эмасу, фақат шунча бера оламан» деб узатдим, – дея ҳикоясини давом эттирди Маъруф. – Ўша ака пулни олиб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб, раҳматлар айтиб, дуолар қилди. Аммо бу сўзлар қулоғимга кирмади. Сабаби мени аллақандай ҳислар чулғаб олганди. Мен бахтиёр эдим. Бир тарафдан уйдагиларимга пулни қаерга сарфлаб юборганимни қандай қилиб тушунтиришни ўйлардим. Ўйлаб-ўйлаб, ҳеч кимга ҳеч нима демай, уйдан сал эрта чиқиб, мактабга пиёда бориб, вазиятдан чиқиб кетишга қарор қилдим. Бор гап шу. 

– Шундай йўл тутиб, катта савоб олибсан, – дедим жиянга қараб. – Ҳақиқатан ҳам садақанинг катта-кичиги бўлмайди. Аммо келаси сафар бундай ишларни катталар билан маслаҳатлашиб қилгин. Нотаниш жойларга боришинг, бегона машиналарга ўтиришинг яхши эмас...

Боланинг қўлига керакли миқдорда пул бериб, Аллоҳ таолодан шунақа эсли ҳушли, иймони бутун фарзандларимизни кўпайтиришини сўрадим.

Сардор Қурбонов

«Ҳилол» журналининг 4(49) сонидан

 

 

Read 831 times

Мақолалар

Top