Мақолалар

Қалбини ёриб кўрмабсан-да?

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар:


"عليك بالعلانية وإياك والسر وكل شيء يستحيى منه"

«Одамларнинг ошкора қилаётган амалларига қара, уларнинг қалбларидаги нарсалар(га баҳо бериш)дан сақлан ва уялишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазир бўл!» (Абу Довуд. аз-Зуҳд 104-бет;). 

Ушбу ўгит баъзи манбаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади. Лекин, муҳаддислар унинг ҳазрат Умар томонидан айтилганлиги, яъни мазкур саҳобага тақалувчи «мавқуф ҳадис» эканлигини айтадилар. Бироқ, унинг мазмуни Қуръону суннатга асослангандир. Зеро, Аллоҳ таоло қалбларни ўзгалар кўзидан махфий қилиб қўйган. Ҳарчанд уринмасинлар, бир-бирларининг қалбларидаги нарсаларнинг ҳақиқатига ета олмайдилар. Ўзгалар қалби яширган нарсаларни аниқ билолмайдилар. 
Ўзи аниқ билмаган нарсага, яъни гумонга эргашишдан Аллоҳ таоло қайтариб:

"وَلا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ"

«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!», деган (Исро сураси, 36-оят).
Машҳур муфассир Ибн Жарир Табарий айтади: ушбу ояти карима тафсирида айтилган сўзларнинг энг тўғриси мана бу сўздир:

«Одамларга улар ҳақида ўзинг аниқ билмаган нарсаларни гапирма. Акс ҳолда уларни ботил билан (нотўғри) айблаб, уларга қарши ноҳақ гувоҳлик бериб қўясан». 
Ояти карима давомида шундай дейилади:

"إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولا"

«Чунки, қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур».

Демак, инсон эшитган, кўрган ва гумон қилган нарсалари борасида сўралади Қиёмат кунида. Савол-жавоб қилинади. Эшитмаган нарсасини эшитдим, деб, кўрмаган нарсасини кўрдим деб ноҳақ гувоҳлик берса, ёхуд аниқ билмаган нарсаси ҳақида гумонга эргашиб, ўзгалар ҳақида бадгумонлик қилса ва ҳатто мазкур гумонига эргашиб ўзгаларни ноҳақ айблаб, уларга маънавий зарар етказса, албатта бунинг жазосига йўлиқади. 

Шу боис ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг зоҳирига қараб муомала қилар ва уларнинг ботинларини, қалбларини Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола қилардилар. Уларнинг ният-мақсадларини тафтиш қилиб юрмасдилар. Ўзларига ваҳий билан мунофиқларнинг ҳоли билдириб турилса ҳам уларга нисбатан зоҳирдаги ҳолатларига қараб муомала қилар, қалблари яширган нарсаларни эса Аллоҳга қўйиб берардилар. 

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жуҳайна уруғидан бўлган Ҳурақа қабиласига жанг учун айрим саҳобаларни жўнатадилар. Саҳобалар улар устидан ғалаба қозонадилар. Ғаним қабиласидан бўлган Мирдос исмли бир киши қочаётганда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ва бир ансорий саҳобий унга етиб олиб, қуршаб оладилар. Шунда ҳалиги киши "لا إله إلا الله" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) дея тавҳид калимасини айтиб исломга киради. Бу сўзни эшитиши билан ансорий унга ҳужум қилишдан тийилди. Бироқ, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу унга найза санчиб ўлдирди. 

Бу хабар Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб борганда қаттиқ ғазабланиб, Усоманинг қилган бу ишини шиддат билан танқид қиладилар. «Эй Усома, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дегандан кейин ўлдирдингми?!», дея инкор маъносида сўроққа тутадилар. «Ё Расулуллоҳ, у ўлимдан қутулиш учун айтганди бу сўзни», яъни чин маънода иймон келтириш учун эмас, балки, шунчаки, тирик қолиш учун айтди, дея ўз ишига узр излади ҳалиги саҳобий. 

Усома ибн Зайд чиндан ҳам шундай деб ўйлаган эди. Аммо, Набий алайҳиссалом бу сўз билан қониқмадилар. Ғазабдан тушмадилар ва «Қалбини ёриб кўрмабсан-да, ростдан айтдими ёлғондан айтдими билиш учун?!», дея бу ишни ўта шиддат билан инкор қилдилар. Бу билан «Сен қалбдаги нарсани билишга қодир эмассан!», демоқчи бўлгандилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Яна: «Қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни нима қиласан энди?! Ким сенга «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзи турганда ёрдам бера олади?!», дея айблашда давом этдилар. Охири, Усома қилган хатосига қаттиқ пушаймон бўлиб, «Эҳ, қанийди бундан олдин эмас ўша куни, (яъни шу воқеалардан сўнг) мусулмон бўлган бўлсам эди», дея афсус-надоматда қолди. Чунки, Ислом ўзидан аввалги гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади. Яъни, мазкур саҳобий наздида бу хатоси туфайли ундан аввал амалга оширган барча яхши ишлари, улкан солиҳ амаллари гўёки арзимас бўлиб қолди. Шу боис ҳам муболаға тарзида юқоридаги сўзни айтди.


Алишер Султонходжаев

 

Read 991 times

Мақолалар

Top