Мақолалар

Набавий уч башорат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга уч нарса севимли қилинди: хушбўйлик, аёллар ва кўз қувончим бўлмиш намоз”, деганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг барча сўзлари каби бу ҳадислари ҳам гўзал хулқ намунасидир.

1. Хушбўйлик – ҳар бир инсон табиати хуш кўрадиган нарса. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жисман ҳам хушбўй эдилар. Бирор кўчадан ўтсалар, ҳамма тарафни муаттар ҳид тутиб кетар, саҳобалар у зот ўтганини билар эдилар. Бир боланинг бошини силасалар, бошқа болалар унинг ёнидан кета олмай қоларди. Бутун оламдаги гўзал гуллар, чечаклар у зотнинг ифорларидан баҳра оларди.

Ақида китобларида ҳар бир авлиёнинг каромати ўз пайғамбарининг мўъжизасига тобе экани айтилади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ вафот этганида қабридан хушбўй таралгани, ҳатто одамлар қабр тупроғидан олиб кетишгани ҳақида ривоятлар бор.

2. “Аёллар менга севимли бўлди”, деганлари ҳам ҳис-туйғу тарбияси, пок муҳаббат, ҳалол жуфт бўлиб яшаш каби дунёвий ҳаётнинг асосий қоидаси намунасидир. Аёллар ҳис-туйғуга тезроқ ва кўпроқ берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки аёли (Ойша ва Ҳафса) туфайли ўзларига ҳалол ишни ҳаром қилдилар.

Аллоҳ таолодан: “Эй Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз!” (Таҳрим сураси, 1-оят) деган танбеҳ тушди. Бу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига нақадар кўнгилчан ва севимли бўлганлари аёнлашади. У зот ҳеч қачон аёлларига юзларини буриштириб қарамаганлар. Уларни “биллур қандиллар”, деб эркалаганлар. Кўнгилларини чўктирадиган сўз айтмаганлар. “Оталари қазо қилган қизларнинг отаси менман, уларни хафа қилманглар”, дея қизларни ҳимоясига олганлар. Зеро, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёллар эркакларнинг туғишганларидир”, “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деганлар. Чунки улар зурриётини юраги остида тўққиз ой асраб, озиқлантириб, сўнг оқ сути билан, сўнг қўли билан боқади. Айни пайтда, эрининг хизматида бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муносиб уммат бўламан деган эр аёлини эъзозлаши лозим.

3. “Намоз – кўз қувончим”. Ойша онамиздан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин иситма сабаб бемажол бўлдилар. Намоз вақти кирганида Ойшага: “Абу Бакрга буюргин, одамларга намоз ўқиб берсин”, дедилар... Намозга такбир айтилганида: “Мени кўтаринглар, менга ёрдам беринглар. Намозга чиқиб роҳатланмоқчиман. Мени кўтаринглар, намоз ҳаётимнинг мазмуни, кўз қувончимдир”, дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги сўзларида ҳам: “Намозни қоим қилинглар! Сизларга намозни васият қилурман”, дедилар. У зотнинг умматлари учун Ер юзининг барча покиза жойи исталган вақтда саждагоҳ қилинган.

Қиёматга қадар ҳаё, яхшилик, тартиб, поклик, муҳаббат, ризолик, оқибат деган тушунчаларнинг олий мақомларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга йўлбошчи эканлар, у зотга суюкли қилинган ишлар бизга ҳам севимли бўлмоғи керак.

Абдумуталиб ОТАБАЕВ,
Жиззах вилояти “Холид ибн Валид”
жоме масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан

Read 911 times

Мақолалар

Top