Мақолалар

ПАҚИЛДОҚДАН ОГОҲ БЎЛИНГ

Алҳамдулиллаҳ, сўнгги йилларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “Пақилдоқ ўйнаши оқибатида кўзи кўр бўлиб қолди”, “Қўли куйиб қолди”, “..уйга ўт кетди” каби турли кўнгилсиз воқеалар ҳақидаги хабарлар сезиларли даражада камайди. Лекин бу ҳолат бизнинг хотиржам бўлишимизга асос бўла олмайди.

Ҳар йили декабрь ойи бошидан кўчаларда, аҳоли гавжум жойларда болалар пақилдоқ ўйнаб, инсонларнинг тинчини буза бошлайди. Онда-сонда, у ер-бу ерда бундай овозлар ҳали-ҳануз эшитилиб турса-да, тарихнинг аччиқ сабоғидан хулоса чиқаришимиз керак.

Ислом дини таълимотида ўзгаларга азият етказиш, озор бериш қаттиқ қораланади. Қуръони каримда Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар”, деб марҳамат қилади (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Демак, бировга озор бериш – катта гуноҳ. То азият чеккан киши озор берган кишини кечирмагунча Аллоҳ таоло ҳам уни мағфират қилмаслиги мўътабар манбаларимизда келтирилган.

Шу билан бирга, ҳадиси шарифларда ҳам ўзгаларга азият бериш, қўрқитиш, бировнинг устидан кулишнинг оқибати жуда ёмон экани огоҳлантирилади.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?” дедилар. Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар».

Бошқа бир ҳадисда: Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қиладилар (Муттафақун алайҳ).

Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли кулфатлар ёғилиши, ҳаёти хавф-хатарда қолиши ва ҳатто ҳалокатга учраши ҳам мумкин. Раббимиз Каломуллоҳда: “Ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 195-оят).

Пиротехника воситаларига сарфланаётган маблағни хайрли ишларга йўналтирсак, дейлик, китоб сотиб олиб, мутолаа билан шуғуллансак, қандай ҳам яхши: бундан жуда катта манфаат топамиз, ақлимиз чархланади, дунёқарашимиз кенгаяди, билимизмиз ошади, натижада маърифатли инсон бўламиз.

Аксинча, пиротехники воситаларини сотиб олиб, одамлар гавжум жойда пақиллатсак, одамларнинг тинчини бузамиз ҳамда уларга зарар етказамиз. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, пиротехника воситаси пақиллаши оқибатида:

– руҳий бузилиш;

– сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари;

  • қандли диабет, ҳомилага зиён етиш каби зарарлар юзага чиқади. Яқин масофада пақилласа, карлик ёки умрбод қулоқ шанғиллаши (тиннитус) касаллигига олиб келиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Пиротехника воситалари савдоси ёки сотиб олиш билан шуғулланиб, тинч аҳолини қўрқитаётган, айрим инсонларнинг касал бўлишига сабаб бўлиш шаръан ман этилган, қонунан мумкин эмас.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.

Шундай экан, азизлар, фарзандларимизга бу ишнинг оқибатларини батафсил тушунтирайлик, уларга пақилдоқлар оқибатида қанчалаб соғлом кишилар ногирон бўлиб қолганини мисоллар орқали очиб берайлик. Шундагина кўзланган мақсадга эришамиз, иншоаллоҳ.

 

Элёр ЗИЁВУДДИНОВ,

Янги ҳаёт тумани “Ниёзмат ота” жоме масжиди имом ноиби

Read 1124 times

Мақолалар

Top