Мақолалар

Ваъда – қарз

Ёмонликдан қайтариш

Умр – инсоннинг энг бебаҳо бойлиги. Унинг қиймати ҳам, ўлчови ҳам йўқ. Қадрли вақтимизнинг исроф бўлиши эса энг аламли ҳолат.

 Ҳаёт тақозоси билан турли идораларга ёки айрим инсонларга ишимиз тушиб, уларни соатлаб кутишга тўғри келади.

Яқинда пойтахтдан водийга бориш учун бир киракашга қўнғироқ қилиб, тонг-саҳарда жўнашим зарурлигини айтдим. У: “Тонгги бешда етиб бораман”, деди. Бироқ эрталаб соат олтидан ўтса-да, ундан дарак бўлмади. Қўнғироқ қилсам у: “Йўлдаман, одам оляпман”, деди. Шундан сўнг ҳам у салкам бир соатда келди. Машинада бирор йўловчи йўқ. “Одамларингиз қани?”  десам: “Ҳали тайёр эмас экан. Йўл-йўлакай олиб кетамиз”, деди. Хуллас, машина пойтахтдан чиқишда соат 10 дан ўтганди. Йўл-йўлакай газ қуйиш шахобчаларига кириш, тушлик билан кеч кирганда уйга етдик. Бир кунлик умрим йўлга кетди.

Бундай ҳолатга кўплаб юртдошларимиз дуч келгани тайин. Худди шундай бирор мансабдор ёки хизмат кўрсатиш идораларига ишингиз тушса, “кутиб туринг”, дея соатлаб вақтингизни олиши одатий ҳол. Бундан ҳам ёмони, бирор киши қарз бериб ун ололмай сарсон бўлишда. Унга вақтинг ҳам, асабинг ҳам кетади. Шу боисдан бўлса керак, кейинги пайтда одамлар орасида қарз олди-бердиси камайиб боряпти.

Афсуски, кундалик ҳаётимизда ёлғон сўзлаш ёки ваъдани бажармаслик оддий ҳолга айланган. Динимиз эса лафзсизлик, ёлғон гапириш ва шу орқали пул топишдан қайтаради. Бу йўл билан топилган мол ҳаром ҳисобланади. Шундай бўлса-да, ёлғон гапираётган кўплаб инсонларни учратамиз.

– Кўпинча айтган сўзидан чиқадиган, бир тийинга хиёнат қилмайдиган инсонни кўрсак: “Немисча ҳисоб-китоб қилар экан”, деб қўямиз. Аслида ваъдага вафо, айтган сўзидан чиқиш, бировнинг ҳаққидан қўрқиш мусулмоннинг иши эмасми? – дейди Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари. – Араб ўлкаларидан бирида узоқ йиллар муфтий бўлган бир уламо оғир бетоблиги туфайли Ғарб мамлакатларида даволанибди. У соғайиб юртига қайтгач, шогирдлари у кишидан: “Устоз, Ғарб давлатларида нима кўрдингиз?” деса, устоз: “У ерда Исломни кўрдим. Аммо мусулмонни кўрмадим. Афсуски, бизда мусулмон кўп, аммо чин Ислом ахлоқи йўқ”, деб йиғлаган экан. Алҳамдулиллаҳ, аҳолимизнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилади. Аммо улар орасида ёлғончи, ўзгалар ҳақини ейдиган, омонатга хиёнат қилаётганлари ҳам бор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ваъда қарздир”, дедилар ва унинг масъулияти юксак эканини таъкидлаб: “Ваъда қилиб, кейин унга хилоф қилган кишининг ҳолига вой бўлсин!” дея уч бора такрорладилар».

– Афсуски, кейинги пайтларда ваъдабозлик, сўзида турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда,  – дейди ЎМИ Фатво маркази мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – “Фалон жойда, фалон соатда учрашамиз”, деб шартлашиб, унга амал қилмайдиганар, “Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма” дея, ўша заҳоти унутадиганлар ёки фарзандига: “Бу ишни қилсанг, буни олиб бераман”, дея ваъда беради-ю, вафо қилмайдиганлар қанча. Турли баҳоналар билан қарз олиб, пул берганни сарсон ва пушаймон қилаётганларни айтмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, ваъдага вафо қилмаслик – катта ва оғир гуноҳ. Бундай кимсалар ҳақида Қуръони каримда: “Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир” (Анфол сураси 56-оят), дея марҳамат қилинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва  саллам эса: “Омонатдор бўлмаган кишида (комил) иймон йўқ. Ваъдасига вафо қилмайдиган кишида (комил) дин йўқ”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят). Демак, мўминлик сифатини ўзимизда мужассам қилишимиз учун омонатни адо қилишимиз ва берган ваъдаларимизни устидан чиқишимиз лозим. Акс ҳолда мунофиқлардан бўлиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ асрасин!

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Демак, мунофиқликнинг белгиларидан бири ваъда берса, бажармасликдир.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?” Пайғамбаримиз: “Ҳа бўлиши мумкин”, дедилар. Яна улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?” Пайғамбаримиз: "Ҳа қўрқоқ ҳам бўлади", дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам ёлғончи бўладими?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ”, деб жавоб бердилар.

Ёлғончилик катта гуноҳлардан бири бўлгани учун ҳам Қуръони каримнинг  бир юз олтмиш еттита оятида бу иллат ҳақида келтирилган. Шулардан бирида: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас”, деб баён қилинган (Ғофир сураси, 28-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар».

Барчамизга ростгўйлар қаторида бўлиш насиб этсин.

Бобур МУҲАММАД

Read 1051 times

Мақолалар

Top