Мақолалар

Иймони бор синовдадир

Иймоннинг етти шарти бўлса, шулардан бири тақдирга, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига қатъий ишонишдир. Аммо кўпинча бизга бирор мусибат етса: “Агар ундай қилсам, бундай бўларди, нега шунақа бўлди?” дея афсус чекамиз. Аксинча, бирор муваффақиятга эришсак: “Ақлимни ишлатиб ундай қилдим, бундай қилдим”, дея ғурурланамиз. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдиримизга битилгани ёдга ҳам келмайди.

Аллоҳ таоло: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз”, деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 155-оят).

Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, улардан кейин солиҳ зотлар, кейин уларга яқинлар ва ундан кейин уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳонга солинади, агар динида салобат бўлса, синови ҳам зиёда қилинади, агар динида енгиллик бўлса, синови ҳам енгил қилинади. Бандага синовлар келаверганидан, у охир-оқибат бориб Ер юзида гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Бундай синовлар ҳар бир кишига берилади. Бойлар мол-дунё, олимлар илми билан, амалдорлар амали, камбағаллар ночорлик билан синалади. Шунингдек, инсон офатлар, машаққату касалликлар билан ҳам синалса, айримлар яқинлари, яъни нобоп эр ё хотин, фарзанд ёки қўни-қўшниси билан ҳам синалиши мумкин. Кишининг кимлиги мана шу онларда намоён бўлади. Иймони мустаҳкам банда бу ишларнинг барчаси Аллоҳдан эканига инонади ва тақдирига рози бўлади. Аксинча, иймони заиф киши ҳаётидан норози бўлиб, афсус-надомат қилади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Агар сенга мусибат етса, “Агар ундай қилганимда, бундай қилганимда”, дема. Лекин “Аллоҳ тақдир қилди ва хоҳлаганини қилди”, дегин. Албатта, “агар” (дейиш) шайтоннинг амалини очади», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бундай синовлар гоҳида бутун бир миллату элатларга, қавмларга ҳам берилиши мумкин. Худди Од қавми жуда бақувват ва бой-бадавлат бўлгани каби. Самуд қавми ҳам ниҳоятда тўкин ҳаёт кечирар эди. Аммо улар кибрга кетиб, бу дунё синов эканини англамадилар ва ҳалокатга учради. Бани Исроил қавми неча йиллар Фиръавн зулмида ва сарсон-саргардонликда яшади. Вақт ўтиб Аллоҳ уларни Фиръавн зулмидан халос этиб, кўплаб неъматлар ато этди.

Айни кунда баъзи фаластинликлар шу каби машаққатларни бошидан кечираётган бўлса, XX аср бошларида халқимиз ҳам ана шундай оғир дамларни ўтказган. Босқинчилар ота-боболаримизнинг руҳини синдириш учун неча йиллар давомида қирғину қатағонлар, тайзиқлар уюштириб, иймонидан, ўзлигидан айиришга ҳаракат қилди. Оқибатда боболаримиз ҳаловат нималигини билмай, салкам бир асрга яқин хавотирда яшади. Шукрки, халқимиз бундай машаққатни матонату сабр билан енгди. Иймон-эътиқодини, тилини, ўзлигини сақлаб ҳурриятга етишди.

Қуръони каримда: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 6-оят) дейилади. Ҳадиси шарифда эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ёқтирмайдиган нарсаларингга (яъни мусибатларга) сабр қилишингда кўпдан-кўп яхшиликлар бор. Аллоҳнинг ёрдами сабр (қилинганда) бўлади. Албатта, шодлик машаққатдан сўнг келади. Албатта, қийинчиликдан сўнг енгиллик келади”, дея таъкидлаганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ояту ҳадиснинг ҳаётдаги исботини кўп бор кўрганмиз. Бирор машаққатдан сўнг, албатта, қувончли кунлар келганига гувоҳ бўлганмиз. Вақт ўтиб бу синовлар бизга яхшигина сабоқ ва ҳикмат бўлганини тушуниб етганмиз.

 

Жўрабек ЭРГАШЕВ,

Балиқчи тумани бош имом-хатиби

 "Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

 

 

Read 1038 times

Мақолалар

Top