Мақолалар

Ризқлар тақсимланадиган соатни ғанимат билинг!

Ёшлик пайтларимизда катта бувим оила аъзоларимизни доимо эрта туришга, хонадонларни озода ва покиза сақлашимизга тарғиб қилар эдилар. Мурғак чоғларимданоқ қулоғимга сингиб қолган сўзлари шу эди: “Эрта турган кишини, худо ўнглар ишини”.

Ҳаттоки, баъзи оилалар ҳақида фикр сўралганда: “У хонадоннинг аёли, эрта туради. Аллохдан яхшиликларни сўрайди.  Шунинг учун унинг хонадони тартибли ва барокатли”, дердилар.

Йиллар мобайнида хизмат юзасидан кўплаб хонадонларга кирига тўғри келди. Баъзиларини кўриб ибрат олсак, яна бошқаларини тинглаб ислоҳ қилишга, муросага келтириб, яраштиришга ҳаракат қиламиз. Бу билан кимнидир айбини айтиш, ошкор қилиш эмас, балки ён атрофимизда учраётган бу иллат, хонадонлардан файз-баракотни кеткизаётгани, оилаларни бузилиб кетишига сабаб бўлаётганига жамоатчилик эътиборини қаратиш холос.

Қайноналардан бири билан бўлиб ўтган суҳбатдан иқтибос келтирсам:

— Келин туширганимга ўн икки йилдан ошди. Аввалида келинимни уйқуни яхши кўришини ёшлигига, кейинчалик ҳомиладорлигига йўйдим. Яхши гапириб тушунтирдим. Ўғлим азонда хизматга кетади. Эр-хотин ўртасидаги кўп жанжаллар аёлини эрта турмаслиги сабаб доимий гап эшитишидан содир бўлади. Минг афсус, ёшлигидан одат бўлмагани учун шунча йил ўтса ҳам, эрта туришга ўрганолмади. Қиз ўстираётган аёллар фарзандларига эрта туришни ўргатишсин. Сиз шуни аёлларга етказинг, — дея илтимос қилди.

Дарҳақиқат, динимиз ҳам эрта турган кишининг руҳи тетик ва ишлари баракали бўлишини таъкидлайди. Айниқса, бу борада Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага ибрат эдилар.  Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Барвақт туриб ризқларингизни талаб қилинглар. Зеро, куннинг аввали барака ва нажот вақтидир” (Имом Баззор ва Табароний ривояти).

Фотима бинту Муҳаммад розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен субҳ пайтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар ва оёқлари билан мени турғазиб: “Эй қизим тур, Роббингнинг ризқ тақсимлашига шоҳид бўл ва зинҳор ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ таоло тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган вақт ичида одамларнинг ризқларини тақсимлайди”, дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом барвақт ризқ талаб қилишга ундаб тонг пайтида ғафлат ҳолидан чиқариш мақсадида ўз умматлари ҳаққига  хайр ва барака сўраб дуо қилганлар. У Зот алайҳиссалом: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларини баракали қилгин”, дея сўраганлар.

Минг афсуски,  кўпчилик аёл ва қизларимиз олтинга тенг вақтларини беҳудага сарфлаб, ярим кечасигача ижтимоий тармоқларда кимнидир ҳаётини кузатиш, маъносиз сериалларни томоша қилиш билан банд. Тиббиёт ва руҳиятшунос олимлар ҳам эрта ётиб эрта туриш инсон соғлиги руҳияти учун катта фойда бериши ҳақида айтишмоқда. Азал-азалдан эрта туриш диний ва миллий қадрият сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган энг гўзал одатларимиздан биридир. Хонадон бошлиқлари ота-оналар, бу борада фарзандларига ўрнак бўлишса, бу суннатга эргашувчилар кўпайса, оилаларимиз файзли ва ҳаётимиз баракали бўлади, инша Аллоҳ!


Ҳилолахон КОМИЛОВА,
Фарғона вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси,
вилоят бош отинойиси

Read 751 times

Мақолалар

Top