Мақолалар

 

Яшил макон 


Юртимизда қадимдан боғ барпо этиш, дарахтлар экиш, гулзорлар ва чаманлар бунёд қилиш эзгу анъана сифатида авлоддан-авлодга ўтиб, бу амаллар айнан баҳор фаслида кўпроқ амалга оширилади. Ҳар йили баҳор бошланиши билан, халқимиз таъбирича, “Ҳамал келди – амал келди” бўлса, қишлоқларда қимирлаган жон борки, далага ошиқади. Эзгу ниятлар билан ерга ниҳол қадайди. Айниқса, ўғил фарзандли бўлган оталарнинг хайрли ниятлар билан тераклар экиши миллат давомийлигини таъминлайди.
Шугина эмас, балки баҳор бебаҳо қадриятларимизнинг наслдан-наслга безавол ўтишини таъминловчи фаслдир. Эътибор берган бўлсангиз, отахонлар ҳашарлар уюштириб, фарзадларига, набира-абираларига дарахтларни қандай буташни, оқлашни, ерга ниҳол қадашни ўргатишади. Бу халқимизга хос катта мактаб.
Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида юртимиз боғу бўстонга айланмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги жамоаси ҳам “Яшил макон” доирасида пойтахтимиздаги барча масжидлар ҳудудларига турли мевали ва маназарали кўчатлар, гулу райҳонлар экишни бошлаб юборди.
Куни кеча Чилонзор туманидаги “Дўмбиробод” жоме масжиди, шу билан бирга, тумандаги барча масжидлар ҳовлиларига дарахтлар ўтқазилди, райҳонлар экилди. Бу анъана изчил давом этади.
Муқаддас динимизда ҳам зироат, яъни деҳқончилик қилиш улуғланади. Ердан униб чиқаётган ўсимликлар Аллоҳ таолонинг мўъжизасидир. Қуръони каримда: «Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!» (Воқеа сураси, 63–64-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирор туп кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларидан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).
Муқаддас динимизнинг ана шу буйруқлари миллатимизнинг қадриятлари қаторидан жой олиб, истиқлол туфайли янгича маъно-мазмун касб этаётгани айни ҳақиқат.
Заминимиз серунум, ерга чўп тиқсак, ниҳол бўлиб кўкка бўй чўзишини тажрибада кўп марта кузатганмиз. Лекин, афсуски, айримларнинг ҳайҳотдек томорқаси йил бўйи бўш ётиши киши дилини хуфтон қилади. Бундай ҳолатларни кўриб, ҳатто башарият отаси Одам алайҳиссалом ҳам ердан унумли фойдалангани, деҳқончилик билан шуғуллангани эсимизга тушади. Аллоҳнинг эрка бандаси ҳам серғайрат бўлгани бизга намунадир.
Демак, кўчат экиш, экин-тикин қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш савобли амаллар сирасига киради. Киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳақига муттасил равишда савоб бориб туриши учун ерга ниҳол қадаши керак. Шундай экан, бу эзгу ишдан четда қолмайлик.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 835 times

Мақолалар

Top