Мақолалар

Рамазон — ниятлар мақсадларга муштарак айём

Асрлар давомида халқимиз учун маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру-саховат айёми сифатида қадрланиб келинган муборак Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амал яхшиликларни бошлаб келиши билан қадрли ой саналади.

Бугун, 10 апрель эрта тонгдан мамлакатимиздаги масжидларда ҳайит намозлари ўқилиб, қалбларимизга қувонч индирган шукуҳли кунлар, тинч  ва осойишта кунлар қувончи янада зиёда бўлиши, халқимизнинг бахту саодати тўкис, хонадонларимиз файзу тароватга тўлиши учун дуолар қилинди.

Дарҳақиқат, Рамазон ойи инсонийлик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, тинч ва фаровон ҳаётни қадрлаш, одамларни бир-бирига ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган дамлар эканлиги билан қадрлидир.  

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам инсонни улуғлаш, аҳолига зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, эзгу ишларни зиёда қилиш асносида жамиятда соғлом турмуш тарзини рўёбга чиқаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Рамазон ойи халқимизнинг меҳр ва саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни ўзида мужассам этганлиги бажарилаётган эзгу амалларда ўз аксини топмоқда.

Ушбу байрам халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказилмоқдаки, бу ҳар бир ишда, хусусан, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатида, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабардорликда, аҳоли даромадини ошириш, турмуш даражасини юксалтириш, кўча ва хиёбонлар, маҳалла ва гузарлар ободлигига эътибор, чет элларда умргузаронлик қилаётган ватандошларга кўрсатилаётган кўмак, шижоатли ёшларимизни баркамол инсонлар бўлиб камолга етиши йўлида амалга оширилаётган кенг миқёсли саъй-ҳаракатлар кейинги йилларда Янги Ўзбекистон тамойилига айландики, бу, Ватан тараққиётини янги босқичга олиб чиқишда зарур шарт-шароитларни яратмоқда. Ниятлар мақсадларга муштарак эканлигини кўрсатмоқда.

Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ҳар недан-да улуғ неъмат саналади. Давлатимиз раҳбари муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаши ортидан Рамазон айёми кунларида юзлаб хонадонларга шукроналик, хурсандчилик олиб кирди.  

Куни кеча Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган Рамазон айёми табригида айтилганидек, сидқидилдан қилинган дуо ва ниятларимиз, эҳсон ва амалларимиз ҳозир дунёда юзага келган ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда диёримиздаги тинч ва осойишта ҳаётни кўз қорачиғидек асраб, янада ҳамжиҳат бўлиб, халқ манфаатини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қадриятларимизни асраш, улуғлаш билан бирга замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёш авлодни камолга етказиш, Ватан тупроғини кўзига тўтиё қилиб яшайдиган инсонлар этиб тарбиялаш халқимиз қалбидаги эзгу ниятки, бу, “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” эканлиги Рамазон айёмининг мазмун-моҳиятида ўз ифодасини топмоқда.  

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА

Read 1087 times

Мақолалар

Top