Мақолалар

Бахт-саодат калити

Абон ибн Абу Айёш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар» (Имом Дайламий ривояти). Биз-чи? Касбимизни пок қиляпмизми? Афсуски, қандай қилиб бўлсаям тўрт-беш сўм топиш илинжида бўламиз. Унинг иймонимизга, саломатлигимизга зарари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Шунинг учун ишларимиз юришмайди, топган-тутганимизда барака йўқ.

Бундан беш-олти йил олдин бир одам масжидга келиб: “Домла, негадир ишларим ҳеч юришмайди, ҳаловатим йўқ, бир дуо қилинг”, деди. Жамоат билан дуо қилдик. Сўнг зикр, истиғфор айтиб юришни маслаҳат бердик. Кўп ўтмай ҳалиги киши яна келди. “Шерикларимнинг-ку, омади чопиб кетди, меники эса ўша-ўша: қора қозон аранг қайнаяпти”, деб нолиди. “Ўзи нима иш қиласиз”, деб сўрадик. “Бозорда даллолчилик қиламан”, деди. Гап орасида тирикчилик важидан ёлғон ишлатишини, бу эса касбининг талаби эканини тушунтирди. Ҳаммаси ойдинлашди. “Қўйинг, бундай қилманг, ака, ҳалол иш билан шуғулланинг”, деб маслаҳат бердик.

Энди билдингизми, нима учун бу одамнинг иши юришмаган, омади чопмаган? Боиси луқмани ҳаром йўл билан топган. Уни бола-чақасига едирган. Зеро, ҳаром нарса оиладан ҳам баракани кетказади, дуоларнинг қабул бўлишига тўсқинлик қилади. Баъзан бундай кимсаларнинг иши юришиб тургани билан гуноҳи, зиён-заҳмати бир кун келиб юзага чиқади.

Аллоҳ таоло Бақара сураси, 172-оятида бундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!» Мўмин киши ҳамиша ҳалол меҳнат билан ризқ топиши, уни тановул қилганида Аллоҳга шукр қилиши лозим. Бундай инсон бу дунёда ҳам, охиратда бахт-саодат топади.

Дарвоқе, бир одамни биламан. Масжидимизга келиб, бир чеккада хокисоргина ўтиради ва намоздан сўнг узоқ дуо қилади. Бир куни шу одам: “Бугун ўғлимнинг имтиҳони бор, бир дуо қилинг”, деди ийманибгина. Маҳалланинг оқсоқоллари билан биргалашиб дуо қилдик. Ҳалиги киши хурсанд бўлиб кетди. Бироз вақт ўтиб яна шу киши: “Сизларга минг раҳмат, домла, дуоларингиз ижобат бўлиб ўғлим ўқишга кирди”, деб қувонди. “Машааллоҳ, ажойиб бўпти, илми янаям зиёда бўлсин, бирор касбнинг бошини тутиб, юртимизга хизмат қилсин”, дедик. Сўнг бироз гурунглашиб қолдик...

У олис қишлоқдан келиб, мардикорлик қиларкан. Эрталабдан кечгача ҳалол меҳнат қилиб, оиласини моддий жиҳатдан таъминлар, ўсиб-улғайиб келаётган болаларини қўшимча фанларга ўқитаркан. Ўзганинг ҳақига ҳеч хиёнат қилмабди. Ҳар замон оиласи даврасида фарзандларига ҳалол меҳнатнинг нони ширинлиги, бировнинг молига кўз олайтириш яхши эмаслиги, ҳар доим қаерда бўлсангиз ҳам Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиш кераклиги хусусида насиҳатлар беради.

Яқинда тўнғич ўғли Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига бюджет асосида ўқишга кирди. Худо хоҳласа, қолган учовиниям ўқитаман, дейди. Хуллас, маза қилиб гурунглашдик. Биласизми, шу одам фарзандларининг кетма-кет ўқишга кирганини, катталари эса, таълимнинг кейинги босқичига ўтганини айтиб, болаларча қувониб келади. Биз эса, у кишининг эзгуликка лиммо-лим суҳбатларидан тўймаймиз, қўшилиб хурсанд бўламиз ва дуолар қиламиз. Хуллас, биз унинг гурунгини маза қилиб эшитишга одатландик. Нега? Ҳалоллик, поклик кишининг бахтига сабаб бўлишини шу киши мисолида кўрдик. Бундай одамлар орамизда кўп.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг яна бирида: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳа, ҳалол меҳнат кишини улуғлайди. Нонини ширин, баракали қилади. Пайғамбарлар зарур касб-кор билан шуғулланиб, бизга ибрат бўлганлар. Шунинг учун фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатишимиз, меҳнат – бахт калити эканлигини англатишимиз лозим. Шундагина улар тинчлик, омонлик ва фаровонликда яшайди, дунё ва охират саодатига мушарраф бўлади.

Абдураҳмон АСҚАРОВ,

Чилонзор туманидаги “Катта Қозиработ” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 904 times

Мақолалар

Top