Мақолалар

Қурбонликнинг фазилати

Ислом оламида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта тантана билан байрам қилинади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатлари ичида қурбонлик қилиш ҳам бор. Бунинг устига ҳаж қилмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга ҳам қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.

Қурбонлик қилиш – “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир (“Ал-муътасар аз-зарурий” китоби).

Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани – Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, Қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зул-ҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.

“Хос ҳайвон”дан мурод – қурбонлик учун сўйиладиган туя, қорамол, қўй ёки эчкидир.

Қурбонлик қилиш шариатимизда, худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йили жорий этилган.

Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкка эга бўлишдир.

Бу миқдор бойликка бир йил тўлган бўлиши ёки йил давомида ўсувчи бўлиши шарт эмас. Ҳатто қурбон ҳайити куни фақир киши 85 грамм тилла ёки унинг қийматига эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Аммо кимда закоти бериладиган мол-мулк, сотиш ниятида олинган ёки кейинчалик сотиш нияти пайдо бўлган нарсалар, айни пайтда яшалмаётган уй-жойлар, ер ва боғлар, ижарага берилган уйлар ва машиналар, минилмаётган уловлар, соғиб ичиладиган ҳайвонлардан бошқа чорва моллари, ўқилмайдиган китоблар, уйда ишлатилмай турган идиш-товоқ, кўрпа-тўшак ва гиламлар, сувенирлардан қайси бири мавжуд бўлиб, унинг қиймати 85 грамм тилланинг қийматига етса, у кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Қурбонлик ҳақида Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида шундай дейилади: (Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир”  (36-оят).

Бошқа бир ояти каримада шундай баён қилинган: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримани уламоларимиз қурбонликнинг вожиб эканига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодатдир. Қурбонлик – Аллоҳни улуғлаш учун қулай фурсат ва уни розилигини топишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Демак, қурбонлик фақатгина Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун, Унинг розилигини қозониш учун қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган улкан ажрларга муҳтождир.

Қурбонлик қилишнинг бир қанча фазилатлари бор. Аввало, қурбонлик – Аллоҳ таолонинг шиорларидан бўлиб, Аллоҳ таоло шарафлаган нарсани улуғлаш ва бошқа нарсалардан устун қўйишдир. Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай марҳамат қилади: (Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (32-оят).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: Қурбон ҳайити куни одамзот қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилолмас. Албатта, у ҳайвонлар Қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Шундай экан уни чин кўнгилдан қилингиз” (Имом Термизий ривоятлари)

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Баъзи вақтлар маълум бир ибодатга хослангандир. Қурбон ҳайити куни эса, Иброҳим алайҳиссалом адо этган – жонлиқ сўйиш ва такбир айтиш билан хосланган” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). 

Қурбонлик қилиш – Набий алайҳиссаломнинг муборак суннатлари ҳамдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Набий алайҳиссалом Мадинада ўн йил қурбонлик қилдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Бу ривоятдан Набий алайҳиссалом Мадинада қурбонликни канда қилмаганлари маълум бўлмоқда.

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизнинг аввали ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик қилишдир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан яқинларга улашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.

Мана шундай фазилатли амал – қурбонлик қилганимизда ота-она, опа-сингил, ака-ука, қариндошлар, қўни қўшнилар ва маҳалламиздаги камбағал оилаларга ширин сўз айтиш ва эҳсон қилишни унутмайлик. Зеро, динимизда ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик солиш Аллоҳ таолога энг севимли ишлардандир!

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд”

жоме масжиди имом-ноиби

Read 801 times

Мақолалар

Top