Мақолалар

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, ўз истеъдоди ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз, миллий журналистикамиз жонкуярларини, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган муҳтарам фахрийларимизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Маълумки, ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келмоқда. Мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилгани, соҳага доир ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Айниқса, кейинги йилларда юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтирмоқда.

Бугунги кунда жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида сизларнинг ўрнингиз ва таъсирингиз тобора ортиб бораётганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Шу ўринда газета ва журналларимиз, теле ва радио каналлар, ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги долзарб чиқишлар, муаммоли масалалар юзасидан мутахассис ва экспертлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришлар, таҳлилий шарҳлар, баҳс-мунозаралар сезиларли равишда кўпайганини таъкидлаш лозим.

Хусусан, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда.

Мухтасар айтганда, куюнчак ва олижаноб журналистларимиз, фаол блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси миллий медиа воситаларимиз “тўртинчи ҳокимият” даражасига яқинлашиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бундай юксак маррага етиш осон эмаслиги, бу йўлда тўсиқ ва қийинчиликлар бўлиши табиийдир.

Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, бу борадаги ишларимизни қатъият билан давом эттирамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда.

Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда.

Ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Шу билан бирга, ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир.

Шу боис, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб бориш ўта муҳим, деб ўйлайман.

Шунингдек, бугунги кунда ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, тўғри йўлдан чалғитиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани аҳолининг медиа саводхонлигини оширишни олдимизга кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб қўймоқда. Ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши шарт.

Сиз, ҳурматли медиа тармоқлари вакиллари ана шундай масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этасиз, деб ишонаман.

Албатта, соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Ушбу қувончли айёмда сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам муносабати билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган оммавий ахборот воситалари ходимларини чин дилдан қутлайман.

Изланиш ва илҳом завқи, янги ижодий ютуқлар сизларга ҳамиша ёр бўлсин, азизлар!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Read 1803 times

Мақолалар

Top