Мақолалар

Тўрт машҳур саҳобий сифатлари

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ҳамда бутун инсониятга намуна қилиб юборди. У зотни пайғамбар қилиб  юборишдан бирдан-бир мақсад – инсониятни жаҳолат ботқоғидан ҳидоят нури сари етаклаб бориш бўлган. Охирзамон пайғамбари билан замондош бўлишдек улкан бахт ва шарафга муяссар бўлган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар у зотга эргашишда пешқадам бўлганлар, у зотнинг суннатларини ўзларига дастурул амал қилиб олиб, ўз садоқатларини изҳор этганлар. У зотлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқланишга доим ҳаракат қилганлар ва бу гўзал хулқларни ўзларида мужассам этганликлари билан маълум ва машҳур бўлганлар. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Содиқ (ростгўй),  Амин (ишончли), Ҳалим сифатлари билан сифатланганлар. У зотнинг ўзларига хос “Сиддиқ” сифати бўлган. У зот айни шу сифат билан машҳур бўлганларидан кўпинча куняларига қўшиб айтилади. Набий алайҳиссалом қавмларини Исломга даъват қилишни бошлаган кезлари Жаброил алайҳиссаломга: “Эй Жаброил, қавмим мени тасдиқ этмаяптилар”, деб шикоят қилганларида, Жаброил алайҳиссалом:  “Абу Бакр сени тасдиқлаяпти-ку, у Сиддиқдир”, деб у зотнинг қалбларига таскин берган эдилар.

“Сиддиқ” сўзи луғатда “буткул тасдиқловчи”, “тасдиғига биноан амал қилувчи” деган маъноларни англатади. Бундай шарафли ном билан номланишларининг сабаби у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирзамон пайғамбари қилиб юборилганликларини ҳеч иккиланмай, тўлалигича тасдиқ этдилар ва у зотга доимо ўз ёрдамлари билан кўмакчи бўлдилар. Аллоҳ таоло “Лайл” сурасида бундай марҳамат қилади: «Албатта, ундан (дўзах ўтидан) тақводор банда четда қоладир. У молини сарфлайдир ва ўзини поклайдир. Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Фақат, ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қиладир. Ва албатта, тезда рози бўладир» (17-21-оят). 

Ушбу ояти карималардаги “тақводор банда”дан мурод Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) эканликларини кўплаб муфассирлар айтишган. Ушбу ояти карималарнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги қисса ривоят қилинади: Умайя ибн Халаф Билол ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳуни Исломни қабул қилгани учун қаттиқ азоблайди. Бундан хабар топган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни сотиб оладилар. Бу ҳолатни кўрган мушриклар: “У бу ишни Билолдан қайтариши керак бўлган қарзи борлиги учун қилди” дедилар. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло юқоридаги оятларни нозил қилди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг шижоат, қатъият ва адолатпарварлик каби юксак сифатларини ўзларида мужассам этган улуғ саҳобийдирлар. Биз у зотни доимо “Ал-Форуқ” сифати билан эсга оламиз. “Ал-Форуқ” луғатда “яхшилик ва ёмонликни жуда яхши фарқлай биладиган донишманд инсон”, “ҳақ ва ботил орасини ажратувчи” деган маъноларни англатади. Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ Умар розияллоҳу анҳу бу ном билан номланишларининг сабабини қуйидагича баён қиладилар:

“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилишлари мусулмонлар учун ҳақиқий ғалаба эди. Саҳобалардан бирлари мусулмонларнинг Умар розияллоҳу анҳунинг Исломга кирганларидан кейинги ҳолатларини бундай ҳикоя қилади: “Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганларидан кейин бизнинг иззат-у қудратимиз ошгандан ошди (негаки, Умар розияллоҳу анҳу араб қабилалари орасида шон-шарафи энг улуғ, забардаст кишилардан эдилар). Эндиликда мусулмонлар ҳатто, Каъба олдида ҳам қўрқмасдан жаҳрий ўқийдиган бўлдилар”. Шу кун Набий алайҳиссалом Умар розияллоҳу анҳуни “Ал-Форуқ” деб номладилар. Чунки у зот ҳақни ботилдан очиқ-ойдин ажратиб бердилар. Мусулмонлар узоқ вақт яшириниб юриб, энди инсонларни баралла Ислом динига даъват қилишга ўтдилар.

Усмон розияллоҳу анҳу “Зуннурайн” (Икки нур соҳиби) деган улуғ ва шарафли номга сазовор бўлган ягона саҳобадирлар. Бу ном билан номланишларининг сабаби у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизлари – Руқайба розияллоҳу анҳо ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳога уйланганликларидир (Умму Кулсум розияллоҳу анҳога Руқайба розияллоҳу анҳо вафот этгандан сўнг уйланганлар). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Усмон розияллоҳу анҳуни васфлаб: “Фаришталар ҳаё қиладиган кишидан ҳаё қилмайми?!” деганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эса саҳобаларнинг энг фақиҳларидан бўлганлар, Набий алайҳиссалом билан доимо бирга бўлиб, у зотдан жуда кўп илм олганлар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб гувоҳлик берадилар: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”. Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳикматлари машҳурдир:

   “Беш нарсанинг қандайлиги беш нарса билан билинади: Дарахтнинг қандайлиги – меваси билан, аёлнинг қандайлиги эри фақир бўлиб қолиши билан, дўстнинг қандайлиги қийинчилик, бошга мусибат тушиши билан, мўминнинг қандайлиги имтиҳон қилиниши билан, ҳақиқий сахийнинг қандайлиги муҳтож бўлиб қолиши билан билинади”.

Саидмаҳмуд ПАРПИЕВ

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Read 6259 times
Tagged under

Мақолалар

Top