Мақолалар

Конституция – тинчлик омили, адолат устунидир

Тарихга назар ташласак кўрамизки,  ҳар қандай ривожланган жамият борки, албатта, ўзининг бирламчи қонунларини жорий қилиб, унинг устуворлигини таъминлаган. Айнан ана шу қонунлар устуворлиги уларнинг ривожланишида асосий омил бўлиб хизмат қилган.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан бошлаб ўзининг Конституциясини шакллантириб борди  ва 1992 йилнинг 8 декабрь санасида асосий қонун ва эркинликлар, ҳуқуқ ва вазифалар жамланмаси бўлган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси» қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида бир неча йиллар давомида ривожланган давлатларнинг амалдаги Конституциялари ўрганилди ва миллий ва диний қадриятларимизга зид келмайдиган, халқимизнинг урф-одатлари ва менталитетига мос бўлган жиҳатлари сараланиб, мувофиқлаштирилган ҳолда қонунга киритилди. Халқимизнинг аксари мусулмонлардан иборат экани ва уларнинг диний расм-русумларга, фиқҳий аҳкомларга сидқи дилдан риоя этишлари инобатга олиниб, Ислом фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган «Ҳидоя» асаридан ҳам маълумотлар ўрганилиб, Конституциямиз таркибидаги қонун ва ҳуқуқлар жамланмасида ўз аксини топди.

Албатта, Конституция бекорга бундай машаққат билан, игна билан ер ковлагандек даражада синчковлик билан ўрганилиб, сўнгра қабул қилинмади. Зеро, халқнинг фаровонлиги-ю жамиятнинг ривожланиши, барчаси мустаҳкам қонуннинг, ҳуқуқий етукликнинг натижасида юзага келади. Шунинг учун ҳам қонун устуворлиги биринчи ўринда таъминланиши шарт ва лозимдир.

Ана шундай машаққатли йўл натижаси ўлароқ шакллантирилган Конституциямиз қабул қилинган сана – 8 декабрни 25 йилдан буён халқимиз хуш кайфиятда кутиб олади ва байрам қилади. Ҳукуматимиз бу санани дам олиш куни   деб эълон қилган, сайилгоҳлар, боғлар ва хиёбонлар байрам безаклари билан безатилиб халқимизга байрам шукуҳини тақдим қилишга тайёрланади. Барча муассасаларда тадбирлар, байрам дастурхонлари ёзилади.

Буларнинг барчаси юртимизда тинчлик ва адолат ҳукм сураётганининг натижасидир. Бунда эса Конституциямиз муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Конституция – тинчлик асоси, адолат устунидир.

Ажинияз ЖИЕМУРАТОВ,

Тошкент ислом институти талабаси

Read 6278 times
Tagged under

Мақолалар

Top