Мақолалар

Уйқуга ётишдан аввал кўрпа қоқишнинг ҳикмати нимада?

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари руҳий ва маънавий озуқа манбаи бўлиши билан бирга, унда дунёнинг кашф этилмаган кўпдан-кўп сир-синоатлари ҳам мужассамдир.

Фан-техника жадал ривожланиб бораётган бугунги асрда бошқа динга мансуб айрим замонавий олимлар, тадқиқотчилар Қуръоннинг илоҳий мўъжизаларидан ҳайратга тушаётгани ҳам сир эмас. Бунга юзлаб мисолларни келтириш мумкин.

Яқинда ғарб олимлари ана шундай суннатлардан бирининг илмий жиҳатдан исбот қилдилар. Инсон уйқуга ётганда унинг танасидаги айрим ҳужайралар ўлиб, кўрпага тўкилар экан. Ушбу ўлик ҳужайраларни кўз билан кўриш мумкин эмаслигидан кўпчилик бунга эътибор бермайди. Эртасига уйқуга кетганда яна ўлик ҳужайралар тўкилиб, аввалгилари билан бирлашиб, танага ёпишади. Шу сабаб билан инсонда ҳар хил касалликлар пайдо бўлади.

Олимлар ушбу ҳолатнинг олдини олиш чораларини қидирдилар. Аввалига, кўрпажилдни кир ювиш кукуни билан ювдилар. Бу фойда бермагач, турли тозаловчи воситаларни ҳам қўллаб кўрдилар. Аммо ҳужайраларни кетказишнинг сира имкони бўлмади. Олимлардан бири кўрпани қўл билан қоқишни таклиф қилди. Шундан сўнгина ўлик ҳужайралар кўрпажилдни тарк этди.

Энг ҳайратланарли жиҳати, бундан 14 аср илгари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ушбу амални таълим берган эдилар. Қарангки, унинг илмий исботи энди маълум бўлди.

Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши тўшакка ётаётганида кўрпа ва изорини қоқиб ташласин. Чунки унинг орасида нима борлигини билмайди” дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Равшан ДОНИЕВ

тайёрлади.

Read 8051 times

Мақолалар

Top