Савол: Аёл ва эркак бир-бирига кўнгил қўйса, улар ФҲДЁдан ўтса-ю, лекин никоҳ ўқитмасдан яшаса бўладими?
Жавоб: Мусулмонлар турмуш қураётганида шаръий никоҳ ўқитиши фарзи айн. Никоҳнинг шарти: бирга ҳаёт кечирмоқчи бўлган йигит ва қиз икки нафар мусулмон эркак ёки бир мусулмон эркак билан икки муслима аёл олдида «мен ўзимнинг танамни фалончига бағишладим», «мен фалончини хотинликка қабул қилдим» каби сўзлар билан оила қураётганини эълон қилишдир.
Эркак ва аёлнинг никоҳ қилдирмасдан бирга яшаши улкан гуноҳдир. Имом Заҳабий айтади: «Кимки ўзига ҳалол бўлмаган аёлни шаҳват билан ушласа, қиёмат кунида қўли бўйнига боғланган ҳолда келади. Агар ўпса, лаблари оловда қирқилади. Борди-ю, зино қилса, қиёмат кунида сонлари тилга киради-да, унинг зарарига гувоҳлик беради» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифда: «Икки кўзнинг зиноси – назар, икки қулоқнинг зиноси – эшитиш, тилнинг зиноси – гапириш, қўлнинг зиноси – ушлаш, оёқнинг зиноси қадам – ташлашдир. Қалб эса истайди ва орзу қилади. Ана шуни фарж тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради», дейилган. Бундай нохуш ҳолатлар содир бўлмаслиги учун никоҳ билан турмуш қуриш банданинг ўзини сақлашидир.
«Сўраган эдингиз».