Мақолалар

Ният ва ихлоснинг аҳамияти

Савдо қилаётган тижоратчи, тер тўкиб ишлаётган деҳқону чорва боқаётган чўпон, илм масканларида мударрислик қилаётган устоз ёки раҳбар, хизматчи ходимлару чегаралардаги аскарлар бўлсин, ниятига қараб савоб олади. Ҳадисда: “Амаллар  ниятга боғлиқдир”, дейилган. Масалан, эр-хотиннинг оилавий вазифаларни бажаришида ҳам савоб умиди бўлиши керак.

Зайд Шомий раҳимаҳуллоҳ: "Мен ҳар бир ишда, ҳатто ичмоқ ва емоқда ҳам Аллоҳнинг розилиги бўлишини истайман", деган. Демак, ният холис бўлса, инсон тирикчилигига куч ва озуқа истаб, ҳалолдан ейиши, ичиши, ҳатто дам олиши ҳам ибодат бўлади. Амалнинг ибодатга айланиши учун ният холис бўлиши лозим. Яҳё ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: "Ниятинг ҳақида огоҳ бўл, чунки у амалингдан кўра муҳимдир", дейди. Юсуф ибн Асбот раҳимаҳуллоҳ эса: "Ниятни ҳар хил бузғунчиликлардан тозалаш меҳнаткашларнинг қаттиқ ишлашидан ҳам оғирроқдир", деган.

Амал тил билан бажариладими ёки жисмоний қувват кетадими, унинг савоби банданинг хоҳиш-истагига қараб бўлади. Шу боис ниятсиз ибодат одатдаги оддий ишдан фарқланмай қолиши мумкин . Масалан, катта ёшдагиларни ҳурматлаш миллий қадриятларимиздан бири дейдиган бўлсак, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катталаримизни ҳурматламаган ва кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган киши биздан эмас”, деганлар. Ҳадисга мувофиқ ёши улуғларга жой берган, оғирини енгиллатган ёки кичикларга ғамхўрлик қилган киши ҳам ажр олади. Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: "Кичик амал ниятга қараб (холис Аллоҳ учун қилинган бўлса) катта бўлур ва катта амаллар ният сабабли (риё, яъни, ўзини кўрсатиш бўлса) кичик қилинур (яъни, савоби бўлмас)", деган.

Ҳадисда: “Сен динингга ихлос қилсанг, озгина амал ҳам кифоядир”, дейилган. Ибн Ижлон раҳимаҳуллоҳ: "Аллоҳ сендаги ният ва хоҳишнинг холислигини баҳолайди", деган. Демак, амал ниятнинг тўғрилиги билан ибодат бўлади, ихлосига қараб, савоби кўпаяди. Шу сабабли инсоннинг бутун ҳаёти, ҳар бир лаҳзаси, ҳатто уйқуси ҳам ибодатга айланиши мумкин.

 

Толиб ҚОДИРОВ

Read 4746 times

Мақолалар

Top