Мақолалар

Нозик ишда бефарқ бўлманг

Мажлислардан бирида Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳамсуҳбатларидан сўрадилар:

– Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?

– Ҳосил йиғиб олинади, – деб жавоб беришди.

– Шуни билинг, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ҳам мумкин, – дея Ҳасан Басрий фарзанд тарбиясига лоқайд бўлиш оқибатига ишора қилдилар.

Фарзанд улуғ неъматдир. Оталик, оналик масъулияти катта. Бурчини тўғри тушунган ота-она тарбияга асло эътиборсиз бўлмайди.

Тарбия жуда нозик ишдир. Фарзандга бир яхши одатни сингдириш учун бир неча ой, ҳатто йиллар керак бўлади. Бу машаққатли иш ота-онадан катта қунт ва сабр-қаноат талаб этади. “Сабр қилган кам бўлмас” ҳикмати фарзандига яхши таълим бериб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаган кишилар ҳаётида исботини топган.

Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёсдир. Чунки болалар кўп вақтлар оналари билан бирга бўлишади. Шу сабабли ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хотинлар тўрт нарсанинг бири учун никоҳга олинади: мол-дунёси, насл-насаби, чирой-жамоли ва дин-диёнати учун. Сен дин-диёнатлисига уйланиб муваффақият қозонгин, эй қўлинг тупроққа белангур!” деб марҳамат қилганлар (муттафақун алайҳ).

Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ўз нутфангиз (наслингиз)га муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар (яъни, бўлажак зурриётингиз учун яхши, солиҳа аёлларни танланглар)” (Ибн Можа, Дорақутний).

Баъзан ота-она меҳр кўрсатяпман деб ҳам ўзларига, ҳам болаларига зулм қилишади. Бурч деганда, фарзанди айтганини муҳайё этишни тушунишади. Мутахассислар таъкидлашича, бундай шароит болада худбинлик, дангасалик, лоқайдлик иллатларини уйғотади. Шу билан бирга, ўта сиқиқ муҳитда яшаган, оиласи, ота-онасидан етарлича меҳр кўрмаган болаларда ҳам бу каби иллатлар, айниқса, худбинлик шаклланиб боради. Демак, ҳар бир ишда бўлганидек, фарзандга меҳр беришда ҳам, қаттиққўл, талабчан бўлишда ҳам ўртача йўл тутиш керак.

Донишмандлар болани ниҳолга қиёслашади. Ниҳол чоғидаёқ тўғри ўсишига эътибор берилган, яхши парваришланган дарахтнинг ҳосили ҳам шунга яраша бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 5608 times

Мақолалар

Top