Мақолалар

Муносабат: Ҳали бу юртдан Абдулла Ориповлар... чиқажак!

22 декабрь куни Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўрт соатдан ортиқ тик оёқда туриб нутқ сўзлаганини кўриб, ўша нутқда тилга олиб ўтилган ютуқларимиздан севиниб, камчиликларимизни бартараф этиш йўлларини ўзаро муҳокама қилиб турганимизда муҳтарам Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 23 декабрь куни Тошкент шаҳридаги бир қатор ижтимоий объектларга ташриф буюрди.

Давлат раҳбари бунёдкорлик ишлари билан танишишни Адиблар хиёбонидан бошлади.

Юртбошимизнинг бу иши замирида ҳам ўзига хос ҳикмат мужассам. Зотан, шоиру ёзувчилар ҳар доим элнинг дарди билан яшаб, элнинг орзу-армонларини куйлаб, халқни, ёшларни эзгуликка, хайрли ишларга, ватанпарварликка ундаб ҳар доим Она Ватан шарафини тараннум этиб келган.

Турк назмида чу тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам,

дея ўзининг бажарган хизмати билан ҳақли равишда фахрланган ҳазрат Навоий тилимизнинг обрўси учун курашишга умрини бағишлаган бўлса, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Абдулла Авлоний ва яна кўплаб адибларимиз миллат ва юрт озодлиги учун жон фидо қилиб, мустабид тузум истилосига қарши курашиш учун халқнинг қалбида озодлик туйғуси жўш уриши йўлида жидду жаҳд этдилар...

Улардан кейинги авлод  – Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Саид Аҳмад ва бошқаларнинг эса баъзилари умрининг узоқ йилларини қамоқда ўтказди, баъзилари ҳар тунда энди мени ҳам олиб кетади деган қўрқув-ваҳима остида яшади. Лекин улар ана шундай даҳшатли шароитда ҳам ижод қилишдан тўхтамади, халқнинг дардини айтишга, миллатнинг ўзлигини сақлашга тарғиб этишга жасорат топа олди.

Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар авлоди ҳам қаттиқ сиқув остида ижод қилганидан хабаримиз бор. Лекин ана шу дилбар шоирлар шу қадар ажойиб шеърлар ёздики, жаҳон адабиётининг энг машҳур намоёндалари ҳам улардан ўтказиб шеър айта олгани йўқ.

Адиблик – қисмат. У миллат ва Ватан учун қалбидаги энг теран туйғуларни  бахшида этиш қисмати. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 18 апрелида “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилди. Ушбу хиёбон нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантирилиб, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилмоқда.

Дарҳақиқат, бу борада олиб борилаётган ишларнинг моҳиятида бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар фақат томоша қилиш билан чекланиб қолмайди, балки ўтган адибларимиз хотираси ҳурматидан зиёрат ҳам қилади. Ўтганларни хотирлаб, уларнинг руҳига бағишлаб тиловат ва дуолар қилади.  Бу эса ўз навбатида зиёрат туризми равнақига ҳам ҳисса бўлиб қўшилади.

Давлатимиз раҳбари қарорида Адиблар хиёбонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун  бино қуриш масаласи ҳам бор эди. Ушбу бино қуриб битказилди. Президентимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг замонавий биноси билан танишди, ёзувчи-шоирлар билан мулоқот қилди.

Икки қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида "Жаҳон адабиёти", "Шарқ юлдузи", "Ёшлик" журналлари таҳририяти, "Ижод" жамоат фонди, 150 ўринли фаоллар зали жойлашган. Иккинчи қаватда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бошқаруви маъмурияти, турли тадбирлар, учрашувлар ўтказиладиган битта 50, иккита 30 ўринли заллар ўрин олган. Бинонинг ертўла қисмида кутубхона, музей бор.
– “Биз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак”, – деди Шавкат Мирзиёев. – Улар яратган ибратли асарларни, шеърларни ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади, демакки, ватанпарвар бўлади. Ватанпарварлар қанча кўп бўлса, мамлакатимиз ҳам шунча тез равнақ топади.
Бинобарин, ижодкорларга муносиб шароит яратилса, улар эркин ижод қилади. Юртбошимизнинг ташрифидан руҳланган ижодкорлар суҳбат чоғида яратилган шароит, юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, халқимиз маънавиятини бойитиш, ёш иқтидорларни юзага чиқариш борасида бор куч-ғайратини ишга солишларини таъкидлади.

Хиёбонда улуғ адибларимиз Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотираларига бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик мажмуалари қаторига Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, халқ шоирлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом ва Зулфия мажмуаларини хиёбонга кўчириш бўйича амалий ишлар қизғин давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуалари яратиш концепцияси ишлаб чиқишга алоҳида ёндашиш лозимлигини қайд этди.

Қарорнинг бошида айтилганидек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи мустақиллик йилларида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан тобора чирой очиб бормоқда.

1991 йили Миллий боғ ҳудудида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг муаззам ҳайкали барпо этилгани, таъбир жоиз бўлса, ана шу ишларнинг дебочаси эди. Насиб этса адибларимиз ана шундай муҳташам масканда, гўзал боғ ичида, қулай шароитларда ижод қилиб, ёшларимизнинг чинакам ватанпарвар, миллатпарвар инсонлар бўлиб етишишига хизмат қилади. Марҳум шоиримиз Эркин Воҳидов бир шеърида:

Мен шеър ёзсам, ўқисам уни,

Тинглаганлар қарсак чалмаса,

Бирор кимса бирор сўзини,

Ёдида ҳам сақлаб қолмаса,

 

Фақат биттагина бўз ўғлон

Уйга қайтгач, йиғласа тўлиб,

Йиғлаб-йиғлаб тонг бўзарган он

Уйғонса у Алпомиш бўлиб,

дея орзу қилганидек, бизнинг жамики адибларимиз ана шундай самимий орзу-ҳаваслар билан нафас олади.

Юртбошимиз 22 декабрдаги Мурожаатномасида айтганидек, ҳали бу юртдан яна Абдулла Ориповлар, Эркин Воҳидовлар етишиб чиқади. Бугунги бажарилаётган бунёдкорлик ишлари эса ана шундай эзгу ниятлар йўлидаги ишлардир.  

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4663 times
Tagged under

Мақолалар

Top