Мақолалар

“Ат-таъарруф...” ва унинг шарҳи

Тасаввуф чин исломий-маърифий ҳодиса сифатида юзага келди. Лекин милодий X-XI асрларда уни бузиб талқин қиладиган, асл ўзанидан узоқлаштирадиган тоифалар чиқди. Шу боис олимлар бу борада дастуриламал бўладиган китоблар ёзишди.

Бу масалада Тожулислом унвони билан машҳур муҳаддис, фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад Бухорий Калободийнинг “Ат-таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасаввуф йўлини билиш ҳақида китоб”) асари асос манбалардан ҳисобланади. Ушбу китобда ақида ва фиқҳга доир турли масалаларга Қуръон оятлари, ҳадиси шариф, улуғ орифлар, дин арбобларининг сўзларига таяниб, ечим топилади.

Бу китобга даврининг улуғ олимларидан Абу Иброҳим Исмоил Мустамлий форс тилида “Шарҳ ат-таъарруф” деган шарҳ ёзган.

Олимнинг тўлиқ исми Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мустамлий Бухорийдир. У нима учун бу китобни шарҳлагани ҳақида бундай дейди: “Дўстлар мендан форс тилида диёнат, муомала, ҳақойиқ, ишоратларни ўзида акс эттирган бир китоб ёзишимни истадилар. Бу китоб улар тушунчаси даражасида бўлса ва ибодатда адашмасалар, чунки тавҳидда ғалат кетиш куфр эрур. Имконим даражасида ҳаракат қилдим ва пиримиз Абу Бакр ибн Абу Исҳоқ Муҳаммад Бухорий Калободий раҳимаҳуллоҳнинг “Ат-таъарруф...” китобини шарҳладим. Сўзимни олдин ўтган азизлар сўзи билан табаррук айладим. Биров менга айб қўймаслиги учун нимани айтган бўлсам, уни оятлар, ҳадиси шариф ёки фиқҳнинг бирор масаласи билан далилладим. Ушбу китобда тавҳидда эътиқод масаласи, диёнат, ҳол, мақом, ҳақойиқ, мушоҳадалар, рамзлар, ишоратлар, шайхларнинг сўзлари ва ҳикоятларни аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ баён этдим”1.

Абдулкарим Самъоний (1113–1167) “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) китобида Мустамлий ҳақида шундай маълумотларни келтиради: “Абу Иброҳим Исмоил Мустамлий Бухоро аҳлидан бўлиб, муфассир эди. Бухорода кўп олимлардан таълим олган. Бу кишидан баъзи муҳаддислар ҳадис ҳам ривоят қилишган. ...Фақиҳ ва муҳаддис киши эдилар. Ҳижрий 434 (милодий 1043) йили зулқаъда ойининг ўн олтинчисида, душанба куни пешиндан кейин вафот этган”2.

Абу Иброҳим Исмоил Мустамлийга яна икки китоб нисбат берилади. Биринчиси – Қуръони карим тафсири. “Имом Мустамлий фазл ва илм бобида дадил, ақл бобида ибрат эди. Унинг тафсири тўғрилиги ва мукаммаллиги билан уламоларнинг якдил эътирофига сазовор бўлган”, деб эслайди XV асрда яшаб ўтган аллома Рашидуддин Ватвот.

Афсус, бу бебаҳо китоб бизгача етиб келмаган. Иккинчиси – “Кашф ул-маҳзуб” номли асар. Унинг бир нусхаси Истанбулдаги Қилич Пошо кутубхонасида сақланади.

“Шарҳ ат-таъарруф” XI асрнинг содда, равон насри намунасидир. Бироқ унда арабча калима ва иборалардан кўп фойдаланилган. Ушбу китобнинг бир неча нусхалари бор. Шулардан энг қадимгиси Покистон миллий музейида сақланаётган форсча нусхадир.

“Шарҳ ат-таъарруф” 1912 йили Покистоннинг Лакҳнав шаҳрида тўрт жилдда нашр этилган. 1850 йили доктор Ҳасан Манучеҳр “Шарҳ ат-таъарруф”нинг баъзи бир жузларини, кейинчалик Муҳаммад Равшан беш жилдли илмий-танқидий нашрини чоп эттирган, 1980 йили доктор Аҳмад Али Ражоий Бухорий “Хулосаи шарҳи таъарруф” номи билан Теҳронда чоп эттирган.

Мустамлий ёзган шарҳнинг турли даврларда, турли мамлакатларда бир неча бор нашр этилгани асарнинг қадр-қиммати ҳамон юксаклигини кўрсатади.

 

Комилжон РАҲИМОВ,

тайёрлади

 

1Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад Мустамлий Бухорий. “Шарҳ ат-таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф”. Теҳрон. (1994–1997), 1 жилд, 15-бет.

2Абдулкарим Самъоний. “Насабнома”. “Бухоро”, 2004, 99-бет.

 

Read 4773 times

Мақолалар

Top