Мақолалар

Ҳар бир ҳодиса Аллоҳ иродаси ила бўлажак

Улуғ ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло «Жосия» сурасининг 3-ояти каримасида марҳамат қиладики:

« Албатта, осмонлару ерда мўъминлар учун оят(белги)лар бордир».

Ушбу ояти каримага мувофиқ, табиатдаги тирик организмларнинг ҳаёт кечиришига тафаккур назаримиз билан қарасак, қуйидаги боғланишни кўришимиз мумкин:

бир жойда яшайдиган организмлар бир-бирига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди;

бир жойда яшайдиган организмларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам салбий таъсир остида бўлади; (паразитлик, йиртқичлик).

бир жойда яшайдиган организмларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам фойда олади.

Учинчи ҳолат бўйича фикр юритсак. Бир жойда яшаш иккала организм учун ҳам фойдали бўлиш ҳолати «мутуализм» (лотинча «мutus» – ўзаро) дейилади.

Масалан, микориза замбуруғлари ўсимликларнинг илдизларига яшай туриб, уларнинг илдизларига фосфор ва минерал моддаларни етказиб беради. Ўз навбатида замбуруғлар ҳам, илдизлардан углерод ва бошқа органик моддаларни олади. Ўрмонларда ёғоч қипиқлари билан озиқланиб яшайдиган чумолиларнинг (термит) айримларининг ичида бир ҳужайрали хивчинли содда ҳайвонлар яшайди. Ушбу чумолилар организмида ўша ёғоч қипиқларини парчаловчи ферментлар  йўқлиги сабабли, бу вазифани бир ҳужайрали хивчинлилар бажаради. Яъни ёғоч қипиқларини парчаловчи ферментларни хивчинлилар ажратади. Чумолиларнинг хивчинлиларсиз яшай олмаслиги-ю, хивчинлиларнинг ҳам, фақат ўша чумолиларнинг ичагида яшашга «маҳкумлиги» ҳақида нима дейишимиз мумкин? Бундай ҳолатни Улуғ ва ҳикматли Яратгувчининг хоҳиши ва изни иродасисиз юзага келиши, мутлақо мумкин эмаслигини ҳар қандай инсофли одам яхши англайди.

Беда илдизида истиқомат қиладиган махсус бактериялар озиқланиши натижасида,  боғланмаган азот ўғитга айланади. Демак, бактерияларнинг ўз “нафсини қондириши” яшил ўсимликларнинг яшашига, яшнашига энг муҳим омил ҳисобланади.

Инсонни тафаккурга чорлайдиган аломатлардан бири – чучук сувда кун кечирадиган айрим балиқлар тухумларини икки паллали юмшоқ танли-тишсизнинг мантия бўшлиғига қўяр экан. Балиқ тухумлари чиғаноқ ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Улар бу юмшоқ танлидан фақат яшаш жой сифатида фойдаланади. Ажабо! Бу балиқларга бундай антиқа усулда тухумларини “ижарага” қўйишни ким ўргатди экан?

Акулалар ҳам тишларини антиқа усулда тозалашар экан, улар ўлжаларини еб бўлгандан сўнг сув юзасига чиқиб, оғизларини очиб туришар экан. Бунинг ҳикмати шундай эканки, тишларидаги овқат қолдиқларини лойхўраклар «иштаҳа билан» тозалаб қуйишар экан.

Ажабо! Бундай услубдаги овқатланишни лойхўраклар кимдан ўргана қолибди?

Ва яна аксинча, бегемотлар ҳам  озиқланиб бўлишгач, йирик сув ҳавзаларига тушиб олади. Улар баҳайбат оғизларини очганда, балиқлар галаси ҳеч сесканмасдан бегемот тишлари орасидаги озуқа қолдиқларини иштаҳа билан баҳам кўради. Ақлли бегемотлар балиқлар ўз ишларини якунлаганларидан сўнгина оҳисталик билан оғизларини ёпади.

Ёки мана бу ҳолатга диққат қилинг. Аниқланишича, бутун Африкада иккита бир хил жирафани топиш мумкин эмас. Бир қараганда, бу ҳайвонлар бир-биридан деярли фарқланмайди.

Лекин Кениядаги қўриқхона ходимлари томонидан турли мамлакатларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижасида равшан бўлдики, ҳар бир жирафанинг бўйнида фақат ўзига хос бўлган доғлар мавжуд бўлиб, уларнинг нақши бошқасида такрорланмас экан. Жирафага хос бўлган  бу мўъжизавий ҳолни, олимлар ҳали изоҳлаб беролмаган ҳодиса – одамларнинг бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган бармоқ изларига ҳам ўхшатса бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло “Раъд” сурасининг 4-ояти каримаси охирида:

         «...Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир», деб марҳамат қилмоқда. Аммо биз қачон тафаккур юритамиз-у, қачон бу аломатларни англаб етамиз?! Бу аломатларни англаб олмоғимиз учун эса, диний фанлар билан бир қаторда, албатта, дунёвий фанларни ҳам пухта ўрганмоғимиз лозим бўлади. Аслида, Ислом динида илмни диний ва дунёвий деб ажратилмайди.

Энди какку қушнинг қуйидаги айёрона ишларига қаранг: Руминиядаги Орадия шаҳрида жаҳоннинг 78 мамлакатидан келтирилган 750 қуш турининг 10 мингдан зиёд тухумини ўзида мужассам этган антиқа музей мавжуд. Ушбу коллекцияда каккунинг тахминан 150 га яқин хилма-хил тухуми бор. Ажабо, биргина қуш турли-туман тухум қўйиши мумкинми?   Ниҳоят зоологик ҳақиқат аниқланди: Энг муҳими шундаки, какку тухум қўйишдан олдин, қораялоқ, жиблажибон, малиновка, сойка ва шулар сингари қушларнинг инларидаги тухумларни кўриб, айнан  уларнинг тухумларига ўхшаш тухумини бемалол ташлаб кетаверар экан-ки, бу тухумларни ўгай ота-оналар парваришлаб, вояга етказар экан.

 

 

Демак, мўъмин кишигина, тафаккур қиладиган қавмгина ерда ҳам, осмонда ҳам, ҳатто ўзида ҳам Аллоҳнинг буюк, қудратли яратувчи зот эканига далолат қилувчи аломатларни кўриши мумкин. Аллоҳнинг ҳидоятидан маҳрум, ғафлатда юрган кишилар учун эса бу мўъжизаларнинг ҳаммаси бўлиши мумкин бўлган оддий оддий бир ҳолдир. Худди шундай бўлиши лозимдек. Улар ўзларича мўъжиза кутади, мўъжиза талаб қилади. Аслида табиатнинг ўзи, борлиқдаги барча мавжудотлар, уларнинг яшаши, ҳаракати, аниқ бир қонуният асосида бошқарилиши мўъжиза эмасми?  

 Қутб оқ айиғи ҳеч қачон саҳрога яшашга интиқ бўлмаганидек, жазирама чўлнинг камтаргина хизматчиси бўлмиш туя ҳам, қаҳратон муз қояларига бориб яшашга орзуманд бўлмайди.

Ҳайвонот оламида кишиларни лол қолдирадиган аломатлар фақат бугина эмас. Қимматли вақтингизни олган ҳолда, айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Аксарият ҳолларда, ҳайвонлар, паррандалар ёки ҳашоратларнинг ташқи ранги, шакли ўзи яшаётган муҳитга ўхшаш бўлади. Бешиктерватар, ниначи, яшил чигиртка ва шунга ўхшаш ҳашоратлар яшил япроқлар орасида яшаганидек, бошқа жониворларнинг ҳам, ўз ранглари ёки кўринишларига мос жой топганликлари уларнинг фаросатларига далолатми ёки Яратувчининг ҳикматигами? Куропаткин деган қушнинг ёз фаслида бошқа, қишда бошқача “либос” кийиши унинг кийимлари кўплигидан эмас, ҳарҳолда.  

Балиқларнинг увилдириқ ташлаш жойига миграцияси ҳам, эволюциянинг тасодифий ҳодисаси эмас, Яратгувчининг бетакрор мўъжизасидир.

Шу ўринда “Ёшлар” телеканали орқали намойиш этилаётган илмий-маърифий кўрсатувнинг бир сонида, пингвинларнинг урғочиси тухумларини эркакларига  ишониб топшириб, бир қанча вақт озиқланиб, куч-қувватга тўлишлари учун сафарга чиқишлари ҳақида маълумот берилди. Бу вақтда ота пингвинлар тухумларини оёқлари орасида, совуқдан сақлаб турадилар. Бу жонивордан ибрат олишимиз лозим бўлган жиҳатлари ҳам борки, кучли қор-бўронли  совуқларда ҳам, йиртқич қушлар ҳужум қилганда ҳам, тухумларини ташлаб кетишни хаёлига келтирмайди. (ҳаётда ўз фарзандини кўча-куйда ташлаб кетаётган кимсаларнинг шу пингвинчалик фаросати йўқми? шу ҳайвондан ибрат олса бўлмайдими?). Улар совуқда жон сақлаш учун тўдалашиб, бир-бирига жипслашиб олади. Тўданинг ташқарисидагилар  билан ичкарисидагилар вақти-вақти билан ўрин алмашади. Иссиққина жойини бировга бериш ҳатто ҳазрати инсонга ҳам малол келса-да, лекин бу ҳайвонлар бундай олийжанобликни бажонудил қилишади.

Ўрмонда яшаётган маймунлар турли-туман дарахтларнинг аччиқ баргларини истеъмол қилиши натижасида, ошқозонлари оғриб қолганида, одамлар тайёрлаб, ғамлаб қўйган ёғоч кўмирни ўғирлаб қочар экан. Табобатдан бехабар бу маймунлар, ана шу ёғоч кўмир, ошқозон оғриғи учун даво эканини билганини қаранг.

Касал бўлиб қолган қарғалар, печканинг мўрисидан чиқаётган тутунга ўзларини урганининг боиси шу эканки, улар бир муддат шу тутун ичида бўлса, касалликларидан асорат ҳам қолмас экан. Яна ўша ўрмон қарғалари, чумолиларнинг уясига туриб, уларнинг ғашига тегади. Жаҳли чиққан чумолилар қарғага ёпирилиб, унга ўзларидан чумоли кислотасини сепади. Бу фурсатда қарға ҳузур билан ҳатто қанотларини ҳам ёйиб юборади. Чумоли кислотаси қарғадаги турли паразит ва бактерияларни қириб ташлайди. Ажабо! Биз онгсиз деб ҳисоблаган бу қушлар, қайси табобат билим юртида таҳсил олишган экан?

Ҳайвонларнинг, қушларнинг турли-туман шаклдаги уя, ин қуриб олишлари ҳам, турмуш тарзи ҳам, табиатнинг тасодифий ҳодисаси бўлмай, Яратгувчининг иродасидир.

П. РАСУЛОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси                                         

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Read 5137 times

Мақолалар

Top