Ҳар доимгидек иштиёқ билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига отландим. Кўпчилик учун севимли бўлган бу жойда барча шароитлар етарли, ёруғ, истаган китобингизни топишингиз мумкин. Аммо...
Одатдагидек, кутубхона гардеробига яқинлашганда ҳамманинг юраги безиллайди. Ё навбат кутишдан чарчайсиз, ё гардероб ходимининг муомаласидан жаҳлингиз чиқади. Китоб мутолаасига бўлган иштиёқ кишини икки қадам олдинга етакласа, бу каби ҳолатлар бир қадам орқага тортади. Бу сафар ҳам вазият ўша-ўша. Охир-оқибат мен қатори навбатда турган ўрта ёшлардаги аёлнинг ҳам сабри тугади шекилли, "Синглим шеригингиз ҳам ёрдам берса, бўларкан", деганини билади, гардероб ходимидан “яхшигина” жавоб олди.
– Овқатланяпти! – деди зарда билан.
– Ҳа, майли-куя! Лекин бу ерда шунча одам кутиб турибди. Навбатчилик қилиб қўйсаларинг бўлар экан-да, унда.
– Келинг, ўзингиз кириб қўя қолинг, сиз билан “смена алмашамиз”, 370 минг ойликка ишла-а-аб юрасиз…
Гардероб ходими ва ҳалиги аёл ўртасидаги сўз “жанги” анча давом этиши билан бирга жуда “бежирим” сўзларга ҳам “бой бўлди”. Қолган навбатда турганлар ҳам баттар бўлмасин, деб ортиқча аралашишмади. Роса қирқ дақиқа деганда, аранг кийимларимни топширдим. Бир томондан китобхонларнинг кўплигидан қувонсанг, бир томондан гардероб ходимларининг ҳар галги “муомала”сидан таъбинг тирриқ бўлади.
Вазиятни кузатар эканман, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг “Тафаккур” журналида эълон қилинган “Тўғри силжитмоқ азми” номли суҳбатидаги қуйидаги фикрлари ёдимга тушди: "Театр гардеробдан бошланади" деган нақлни биласизми? Аслида театр ундан ҳам олдин чиптахонадан бошланади. Чипта сотувчининг муомаласиданоқ спектаклга “ташхис” қўйса бўлади. Эътибор берганмисиз, театр фаррошларининг челагига кигиз ўралган бўлади. Расми шундай: тиқ этган товуш чиқмаслиги керак. Қай бирини айтай, театрнинг ўз арконлари, тартиб-қоидалари бор. Шулардан бирортасини буздингизми, тамом, кейин “Нега спектаклларга одам келмаяпти?”, деб калаванинг учини тополмай юраверасиз".
Кутубхона-чи? Бу жой ундан ҳам муқаддас даргоҳ-ку. У ердаги бу каби муомала маданияти, бундан келиб чиқадиган ноқулайликлар, албатта, китобхонларга таъсир қилмай қолмайди. Шу каби қаттиқ назоратни ўрнатиб қўйиб, кутубхонага киришдаги бу каби муомалани “яратиб” қўямиз-да, “калаванинг учини тополмай юраверамиз”.
Ёшлар китоб ўқимаяпти, деб танқид қиладиганларга эса кутубхонага бориб, вазиятга ўзлари баҳо беришларини тавсия қилган бўлардим. Кутубхонага келувчилар чунонан кўпки, ҳар гал базўр бўш жой топиб ўтираман.
Тўғри хавфсизлик яхши, лекин эшикнинг олдидаёқ жуда кўп ушланиб қолиш ҳам фойдаланувчилар дилини сиёҳ қилади. Доимий тиқилинч вазиятнинг олдини олиш учун гардеробни кенгайтириб, ишчи ходимлар сони оширилса, киришда қандайдир осонроқ режим ўрнатилса, фойдаланувчилар учун янада қулайликлар яратилармиди? Кутубхонага келган фойдаланувчи илм олишдан бошқа нарсалар учун ортиқча вақт ажратишга мажбур қилинмасмиди шунда.
“ЎзА” дан олинди