Мақолалар

Қачон гуноҳ қулоқ, кўз, қўл ва оёқдан чиқади, биласизми?

Исломда поклик имондан ҳисобланади. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни, озодаликни имон иши даражасига кўтармаган. Таҳорат танани жисмоний ва руҳий дардлардан, кирлардан поклайди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Мўмин одам таҳорат олса, гуноҳлари унинг қулоғидан, кўзидан, қўлидан, оёғидан чиқиб кетади. У ўрнидан турганида кичик гуноҳларидан пок ҳолида туради!” деганлар.

Яна бир ҳадиси шарифда: “Кимки, таҳоратли ҳолида вафот этса, у шаҳид бўлиб вафот этибди”, дейилган. Жаноб Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам Ҳазрат Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга бундай дегай эканлар: “Эй Анас! Агар ўлим фариштаси олдинга келганида, сен таҳоратли бўлсанг, шаҳидлик мартабасини қўлдан чиқармайсан!”. Киши таҳорат олиб ухласа, унинг бош томонида бир фаришта ҳозир бўлиб, тонггача унинг гуноҳларининг мағфиратини тилаб ҳақига дуо қилади. Туну кун таҳорат билан юришга одатланмоқ лозим. Зеро, бу улуғ суннатдир. Доимо таҳоратда юришни ўзига одат қилган инсонни Аллоҳ таоло қуйидаги хислатлар билан мукофатлайди:

  • Фаришталар унинг суҳбатига рағбат қилишади.
  • Қалам унинг номаи аъмолига бетўхтов савоб ёзиб туради.
  • Барча аъзолари ва бўғинлари тасбеҳ айтади.
  • У намозни бошланишидаги имомнинг такбири таҳримасига улгуради. Ҳар доим такбири таҳримага улгурадиган киши охиратда алоҳида мақом мартабага эга бўлиши ҳақида хушхабар бор.
  • Таҳорат билан уйқуга ётган бандасига Аллоҳ таоло бир фариштани юборади, у фаришта тонггача уни инсу жин ёмонлигидан муҳофаза қилади.
  • Доимо таҳоратда юришни ўзига одат қилган инсон вафот этганида осон, қийналмай жон беради.
  • Аллоҳ таолонинг ҳифзу ҳимоясида бўлади.

    Ҳар намозга янги таҳорат олиш Жаноб Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларидир.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Парвардигоро! Қалбимни нифоқдан пок қил!” деб дуо қилардилар. Зоҳир таҳоратисиз намоз қабул бўлмаганидек, қалб пок бўлмагунча Ҳақ таоло маърифати ҳам муяссар бўлмас.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кимки тахорат қилса ва таҳоратини чиройли қилса, унинг жасадидан қилган хатолари чиқади ҳаттоки, тирноқлари остидан ҳам”, деб марҳамат қилдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки таҳорат қилса ва у таҳоратини чиройли қилса, сўнгра “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва анна Муҳамаддан абдуҳу ва расулуҳу”, деса у учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у унга хоҳлаганидан киради”, деб марҳамат қилдилар.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга қараб айтдиларки: “Эй Билол сени қандай амалинг борки мен сени жаннатда оёқ товушингни эшитдим”, дедилар. Шунда Билол: “Ё Аллоҳнинг Расули мени ҳеч қандай амалим йўқ, фақат ҳар сафар таҳорат қилгандан кейин икки ракат намоз ўқийман”, деб жавоб берди. Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда мана шу нарса бўлса керак”, дедилар.

      Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: Таҳорат қилаётган киши таҳоратини таъзим билан қилиши ва бу таҳорат билан Роббининг зиёратида бўлишини билиши, сўнгра гуноҳларига тавба қилиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло сув билан ювишни гуноҳлардан покланиш белгиси қилди. Таҳоратни Аллоҳ исми билан бошламоғи лозим. Ғарғара истиншоқ қилса, оғзини ғийбатдан ва ёлғондан, юзини ювса, ҳаромга қарашдан покланган бўлади. Бошқа аъзоларда ҳам шундай. Аъзоларни ювиб бўлса, Аллоҳга дуо қилади ва тасбеҳ айтади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими ходими

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

тайёрлади.

Read 5174 times
Tagged under

Мақолалар

Top