Мақолалар

Тарқатма таклифномалар ҳукми ҳақида мулоҳазлар

Чақириққа жавоб бериш динимиз буюрган амал. Лекин ҳаётимизда “таклифнома”лар оммалашди. Бу бир жиҳатдан яхши. Негаки, тадбир эгаси ҳаммани бирма-бир айтиб юрмасдан таклифномаларни тарқатишни бошқа бир кишига тайинлаб, ўзи бошқа ишлар билан машғул бўлади. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзи одамлар таклифнома воситасидаги чақириқ  юзма-юз, ўз оғзи билан айтилганига тенг эмас, деб ҳисоблаб айтилган жойга бормайди. Шундай ҳолда таклифноманинг ҳукми оғзаки, юзма-юз айтган билан баробар бўладими, деган савол туғилади.

Бу борадаги уламоларимиз турли хил фикрлар айтишган. Шу ўринда уларнинг фикрларига назар солсак.

Биринчи навбатда, таклифноманинг ўзига қаралади. Баъзи  таклифномаларда ким томонидан жўнатилгани ёзилмайди. Таклифнома ана шундай хилидан ёки умуман ким жўнатгани билинмайдиган даражада ноаниқ бўлса, унга жавоб қайтариш, яъни, таклифни қабул қилиб ўша жойга бориш вожиб бўлмайди. Чунки бу “умумий чақириқ”қа ўхшайди. Бироқ таклифнома кимданлиги ёки хоссатан чақирилувчига аталгани билиниб турса – юзма-юз айтган ҳукмида бўлади. Унга бориш вожиб амаллардан саналади.

Меҳмонларга пешвоз чиқишнинг ҳукми қандай?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига Абдулқайснинг элчилари келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афсус надомат ва хижолатни ортга суриб келган элчилар, хуш келибсизлар!..” деб марҳамат қилдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан хулоса қилиб, “Хуш келибсиз” ва шу каби лафзлар билан киши ўз меҳмонининг истиқболига пешвоз чиқиши ўзаро хурсандчилик уйғотади, уларнинг ўрталарига меҳр-муҳаббат солади.

Агар меҳмон ўзи билан чақирилмаган кишини эргаштириб келса...

Бундай ҳолда мезбонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган амални қилиш тавсия этилади. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: Ансорлар орасида Абу Шуайб исмли киши бўлиб, унинг қассоб хизматкори бор эди. Бир куни Абу Шуайб: “Мен учун махсус таом тайёрла, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кишининг бешинчиси қилиб чақираман”, деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кишининг бири қилиб чақирди. Уларга бир киши қўшилиб олди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мезбонга: “Сен мени беш кишидан бири қилиб чақирдинг, бу киши эса бизларга қўшилиб келди. Агар хоҳласанг, унга изн бер, хоҳламасанг тарк эт”, дедилар. Мезбон: “Албатта, унга изн бераман”, деди” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисдан кўплаб фойдалар олинади. Мисол учун, кимки чақирилмаган ҳолда келса уни зиёфатга киритиш ёки киритмаслик мезбоннинг ҳаққи ҳисобланади. Агар бир киши бошқаларга қўшилиб чақирилмаган ҳолда бир мажлисга боришни истаса, у қайтарилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига эргашган кишини мезбон қанақа ҳолда кутиб олишига қараб ўтирмасдан қабул қилдилар-да, унинг ишини мезбонга ҳавола қилдилар. Бу фикрларни Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтиб ўтган.

Меҳмонга такаллуф қилиш...

Меҳмонга такаллуф қилиш яхши, бироқ, бу аввало динимизга ва ақлга мувофиқ келиши керак. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Биз Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдик. У: “Биз (сохта) такаллуфдан қайтарилганмиз”, дер эди”. 

Бу ерда айтилган такаллуф сохта, хўжакўрсин учун қилинган такаллуфдир. Албатта, бу динимизда қоралангани табиий ҳол. Негаки, сохтакорлик – ёлғон ва алдовдир. Бироқ, уламоларимиз “Меҳмон учун сохта бўлмаган такаллуф қилиш ҳар макон ва диёрларнинг урфига боғлиқ. Агар бир қавм урфида меҳмон учун такаллуф қилиш урф бўлиб, бошқасида эса акси бўлса уларнинг урфлари ўзлари учун тўғридир. Ҳар икки тарафнинг ишлари айбга йўйилмайди. Лекин ҳурмат ва илтифот чегарадан чиқиб кетмаслиги керак.

Меҳмонга таом тайёрланиш ҳам ўртача ҳолатда яъни, исрофгарчилик ва йўқчилик ўртасида бўлиши керак. Чунки ҳадиси шарифга мувофиқ, ишларнинг энг яхши ўртачасидир.

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Бир кишининг таоми икки кишига кифоя қилади. Икки кишининг таоми тўрт кишига кифоя қилади. Тўрт кишининг таоми саккиз  кишига кифоя қилади(Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Ҳадиси шарифда кўрсатилганидек, дастурга амал қилиш ўртамиёна дастурхон бўлади. Бугунги кунимизда одамлар ўз ҳолатидан келиб чиқиб, тўкинроқ дастурхон ёзиши аслида жоиз. Бироқ шариатимизда бу ҳолатлар бошқалар ҳам ўшандай дастурхон ёзиши одат тусига  айланишига таъсир ўтказса ёки бошқалардан “кимўзар” ўйнагани туфайли бўлса қайтарилади.

Ана шу тарздаги зиёфат динимизда қораланади. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мутаборийлар таомларини ейишдан қайтардилар”.

Имом Хаттобий айтадилар: “Мутаборийлар – бир-бири билан амалларини кимўзарга қиладиган кишилардир”.

Бундан қайтарилишининг сабаби, уларнинг дастурхони бошқаларга кўз-кўз қилиш мақсадида риёкорлик учун ёзилгандир.

Рухсат билан кириш, таомдан кейин ортга қайтиш...

Аллоҳ таоло ўз бандаларига ўргатган гўзал одоблардан бири изн берилса таом учун бошқаларнинг уйига кириш, таом еб бўлингандан сўнг эса ортга қайтишдир. Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! ...” (Аҳзоб сураси, 53-оят).

Мазкур ояти каримада мўминлар Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига фақат изн берилганидан сўнг таом учун киришлари мумкинлиги таълим берилмоқда. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар бошқа мусулмонларнинг уйларига ҳам изнсиз кирмас эдилар. Чунки оятдаги қайтариқ фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари хос эмас, балки барча мўминларнинг уйларига ҳам тегишлидир.

Аввал катталар, сўнгра ўнг тарафдагилар... 

Меҳмондорчиликка таклиф қилган киши зиёфатда катталарни муқаддам қилиши, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиши лозим. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Тушимда бир мисвок ила тиш тозалаётган эдим. Бири иккинчисидан каттароқ бўлган икки киши менга қўл узатар эди. Мен мисвокни ёши кичигига бердим. Шунда менга: “Каттасига (бер)”, дейилди. Сўнг мисвокни олиб ёши каттасига бердим”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қуйидагилар Аллоҳ таоло улуғлашидандир: ёши улуғ кекса мусулмон кишини икром қилиш, Қуръонни ёд олиб, у борада ҳаддан ошмаган ва унга жафо қилмаган қорини икром қилиш ва одил салтанат эгасини икром қилиш”.

Яна бир ҳадиси шарифда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ичимлик келтирилди. У зотнинг ўнг тарафида ёш йигит, чап томонида эса улуғ саҳобийлар ўтирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар-да, сўнг ўнг тарафида ўтирган йигитга қараб (ўнг тараф биринчи ичишини назарда тутиб): “Сендан аввал уларга беришимга рухсат этасанми?”, дедилар. Йигит эса: “Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, Сиздан кейин ичишлик ҳақимни ҳеч кимга бермайман!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга идишни узатдилар(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифларга биноан аввало катталарга ҳурмат кўрсатиш, сўнгра ўнг тарафда ўтирганларга узатиш кераклиги маълум бўлади.

Охирги ҳадис бўйича баъзилар: “Ушбу ҳадисда катталар эмас, ўнг томонда ўтирган ёш йигит ичди-ку”, дейишган. Уламоларимиз бунга қуйидагича жавоб беришган: “Воқеа шундай бўлган эса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам катталарга беришни яхши кўргани учун йигитдан изн сўрадилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақини талаб қилса бериш кераклигини ўргатиш учун шундай қилганлар. Агар буларни ҳам ҳисобга олмасангиз, унда бу ҳадис фақат ичимликларга тааллуқли холос. Ундан бошқаларида эса катталарга биринчи риоя қилинади”.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи буюрган амаллар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берган суннатларга амал қилмоғимизни насиб айласин.

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент ислом институти

“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири.

Read 6940 times

Мақолалар

Top