Мақолалар

Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан (7-мақола): Таҳажжуд – тунги намоз

Она Ватанимизда кумуш қишнинг чилласи бошланганига ҳам бир ҳафта бўлди. Танамиз совуқ ҳавога мослашди. Узун тунларимиз ибодатда, қисқа кунларимиз файзли баракотли ўтмоқда. Юртимизда ислоҳотлар жадал суръатларда давом этаётир. Халқимиз катта ижтиомий-сиёсий ўзгаришлар бўлаётганидан мамнун. Айниқса, муқаддас динимизни ўрганиш учун ажойиб қулайликлар яратилмоқда.  Диний ўқув муассасалари қошида Араб тилини ўрганиш курслари ҳам иш бошлади. Курсга ўқишга иштиёқмандларнинг кўплигини кўрсангиз, ажабо, халқимиз илмга шунчалик ташна экан-а, деб севиниб кетасиз. 

Қўшни давлатлар билан ҳам алоқаларимиз яхшиланиб, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрўси ошиб бораётир. Инчунун, Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий учрашувида иштирок этган Президентимиз куни кеча Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан суҳбатда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди.

Юртбошимизнинг ана шу саъй-ҳаракатлари наинки, Ўзбекистон халқининг тинчлиги, хотиржамлиги, ҳаётининг янада фаровон бўлиши, балки минтақамиз, МДҲ давлатлари тинчлиги йўлидаги чинакам фидокорликдир. Биз давлатимиз раҳбарининг ғайрат-шижоатидан ўрнак олиб, кундузлари меҳнатда фаол бўлсак, тунлари ибодатда қоим бўлсак, қандай яхши!

Замҳарир қишнинг тунларини тоат-ибодат билан ўтказаётган юртдошларимизга иймонлашмоқни ният қилиб, таҳажжуд намози ҳақида сўз юритишни ният қилдик. 

Таҳажжуд қандай намоз?

Таҳажжуд – хуфтон намозидан кейин ёки тунда бир неча соат ухлаб туриб ўқиладиган нафл ибодат. Шу боисдан уни “тунги намоз” ҳам деб атайдилар.  Агар бу намоз туннинг бир қисми ухлаб ўтказилгандан сўнг ўқилса, ана шунга “таҳажжуд” деб аталади. Таҳажжуд намозининг энг ками икки ракат, энг кўпи ўн икки ракат бўлади. Энг афзали, бу намозда ҳар икки ракатдан сўнг салом айтилганидир, деган олимларимиз.

Таҳажжуд қандай ўқилади?

  1. Ният қилинади;
  2. Ҳар икки ракатдан сўнг салом айтиб саккиз ракат ўқилгани маъқул. Бу билан азза-базза тунда уйқудан туриб, таҳорат олиб намоз ўқиган одам саждаларининг сонини кўпайтириб олади;
  3. Ибн Обиддиннинг “Раддул Мухтор” китобида айтилишича, таҳажжудни ҳар тўрт ракатда салом айтиб ҳам ўқиса бўлади.
  4. Таҳажжуд тўрт ракат қилиб ўқилганда тўрт ракатли бошқа намозларга ўхшаб ўқилаверади.

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради”, дейилган (Термизий ривояти). 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон қочирмаганлар. Ҳатто оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).

Энди ушбу намоз ҳақида севимли Пайғамбаримизга нозил бўлган ояти карималарни ўрганамиз.

Аллоҳ таоло Расулига қуйидаги оятларда бундай хитоб қилган:

Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79);

Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Раббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбеҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт. Шоядки, рози бўлсанг (Тоҳо, 130);

Кечасида ҳам Унга тасбиҳ айт. Ва саждадан кейин ҳам (Қоф, 40);

Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт (Тур, 49);

  1. Эй, ўраниб ётувчи.
  2. Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ.
  3. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл).
  4. Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил.
  5. Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз.
  6. Албатта, кечки ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур.
  7. Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор.
  8. Албатта, Раббинг сенинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади. Ва кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар...” (Музаммил);

“Эртаю кеч Раббинг исмини зикр қил. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт” (Инсон, 25-26)

Бу ояти карималардан таҳажжуднинг ниҳоятда савоби улуғ намоз экани аён бўлмоқда. Демак, ярим тунда уйқудан туриб ушбу намозни ўқиётган азизларимиз улкан савобларга эришаётган экан.

Раббимиз бизни ҳам ана шундай савобларга эришувчилардан қилсин! 

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, меҳрибон Парвардигоримиз тунлари ибодат қилувчи обидларни Ўзининг муборак Каломида мақтаган ҳам. Ўша мақтовларни кейинги мақоламизда ёритамиз, иншоаллоҳ!

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 5654 times

Мақолалар

Top