Мақолалар

Ҳалол меҳнат – икки дунё саодати

Халқимизда “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик”,  деган ажойиб мақол бор. Албатта, меҳнат кишини улуғлайди. Аммо меҳнат қилиш учун ҳам кишида илм, ақл, фаҳму фаросат бўлиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 172-оятида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” деб марҳамат қилган.

Демак, меҳнатимиз ҳалоллик асосида бўлиши ва поклик мезонида ўлчанишлиги керак экан.

Тарихга назар соладиган бўлсак, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгарлик, Довуд алайҳиссалом эса темирчилик билан шуғулланган. Пайғамбарлар меҳнат билан шуғулланиб бизларга ўрнак бўлган экан, бизлар ҳам ўзимиз ёқтирган касбнинг устаси бўлиб, оиламизни ҳалол покиза ризқ билан боқишимиз керак.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”. Бу ҳадиси шариф ҳар биримизнинг дастурул амалимиз бўлиши зарур.

Ҳалол меҳнат кишини улуғлайди ва жаннатга етаклайди. Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”. Шундай экан, келажагимиз бўлмиш жондан азиз фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатиб, уларни ҳеч қачон ўзгаларнинг ҳақига кўз тикмайдиган, ватани, халқи, дини учун жон фидо қиладиган руҳда тарбия қилмоғимиз лозим.

Ашраф ТОШМУРОДОВ,

Булунғур туманидаги “Пойга тепа” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Read 7259 times

Мақолалар

Top