Мақолалар

ҚАНОАТ – БОЙЛИКДИР

Қаноат – бир чашмадир, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадир, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди; у бир экинзор, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдир, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бор.

Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони тамагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.

Шоҳ улдур – олмайди-ю, беради, гадо улдур – сочмайди-ю, теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғон, унга кирсанг, нафсинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққи, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан холос бўласан. Қаноат ҳокисорликдир, натижаси юксаклик, у – муҳтожлик, фойдаси эҳтиёжсизлик. Қаноат экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; йўлдир, (йўлчилиги) қаттиқ, лекин борар манзили севинтирувчидир.

Қаноатда қанча роҳат ва фароғат бўлса, унинг акси тамада шунча разиллик ва уқубат бор.

Хасис табиатли одамнинг дўсти тиламчи ва нокасдир; разолат уларнинг феъл-атворига мосдир. Улар муносабатига камситиш ва енгилтаклик хосдир. Ҳар кимда бу сифатлар мавжуд бўлса, бундай одамни халқ ёмон кўради. Ана шу туфайли нокаслик, разиллик ривожланади, одамгарчилик ва инсонийлик эса завол топади. Булар ор-номус уйини куйдирувчи бир ўтдир; иззат-ҳурмат хирмонини совурувчи ва улуғворлик шамини ўчирувчи бир елдир. Тамагирнинг бирор нима олишга ўчлиги худди еб-тўймаснинг таомга очкўзлигига ўхшайди. У бири тубанлар ҳаракати бўлса, бири ҳайвонлар одатидир.

Қаноат шундай бир жавҳарки, элни тамагирлик ва нокаслик балосидан халос қилади ва халқни бундай офатдан қутқаради. Тамагирлик ва нокаслик гўё икки ёқимсиз эгизаклар: униси бундан ёмон, буниси ундан ёмон – иккаласи ҳамма ёмондан ёмон.

 

Алишер НАВОИЙнинг “Маҳбубул қулуб” асаридан

Read 6417 times
Tagged under

Мақолалар

Top