Мақолалар

Саҳобалар номи  билан аталган жойлар

Саъд ибн абу Ваққос

Жиззах вилоятининг  Ғаллаорол туманидаги Авлиё, Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Уйрот, Нурота туманидаги Синтоб, Қизилтепа туманидаги Зарметан қишлоқларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳам Саъд ибн Молик ибн Абу Ваққосга нисбат берилган мақбаралар бор. Зарметандагиси «Саъди Ваққос», Синтоб ва Уйротдагилари «Сабр» ва «Хожа Сабр» деб аталади.

Саналган зиёратгоҳлар маҳаллий аҳоли ўртасида машҳур. Энг ободи ва сўлими Ғаллаоролда.

Саъд ибн Молик отасининг куняси Абу Ваққос номи билан танилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва аллам у кишининг тоғасидир.

Бу зот жаннат башорати берилган ўн саҳобийдан бири ва энг кейин вафот этгани.  Илк муҳожирларданлиги, араблардан биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида курашга киргани, Бадр, Уҳуд майдонларидаги ғайрати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қўриқчилик қилгани, дуоси қабул зот деб шарафлангани, Куфа ва Басра шаҳарларининг қурилиши асосчиси экани Ислом оламидаги нуфузидан ёрқин далолатлардир. Асл қабри Мадина шаҳридаги Жаннатул Бақиъ қабристонида.

 

АБУ УБАЙДА ИБН ЖАРРОҲ

Навоий вилоятининг Нурота шаҳри ва Хатирчи туманидан ўтувчи Шовот анҳори соҳилида ва Қарши шаҳрида Хожа Жарроҳ бобога нисбат берилувчи қабрлар бор. Халқ орасида у киши ҳақидаги турли ҳикоялар машҳур.

Айрим оғзаки баёнларда «Убайд», «Убайдулло» сифатида талқин этилади. «Жарроҳ» сифатини тиббий жарроҳ деб тушуниш хатодир.

Абу Убайда ибн Жарроҳ саҳобийлардан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «амин»  (ўта ишончли) деб улуғлаганлар.

Тўлиқ исми шарифи Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ. Бу зотга ҳам жаннат башорати берилган.

Омир ибн Абдуллоҳ ўн еттинчи ҳижрий сананинг охири Шомда волий бўлади. Иттифоқо, бу ерда оғир вабо тарқалади. Халифа Умар розияллоҳу анҳу бу ҳолдан хабардор бўлиб, мактуб йўллаб Ўрдунда турган волийни хавфсиз жойга чақиртиради, аммо у киши халқни ташлаб кетиб, ўзини қутқармайди. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вабо ҳақидаги ҳадисларига биноан ўша жойда қолиб, вафот этади. Қабри Ўрдунда. Мовароуннаҳрга сафарлари ҳақида маълумот йўқ. Хатирчи, Қарши ва Нуротадаги қабрлар рамзийдир.

 

АБУ САИД ХУДРИЙ

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Хўжақул Эшон қишлоғида Худрий розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган зиёратгоҳ бор. Қабр ва қадимий ҳужранинг ўрни сақланган. Мозор устига туғ кўтарилган. Валий зот сифатида эҳтиром этилади. Маҳаллий халқ «Кўпин ота» деб ҳам атайди. Аслида Куфий бўлса керак.

1967 йили шу қишлоқлик мулло Мўмин бобонинг ташаббуси билан Тошкентдан, диний идорадан борган Исмоил махдум домла тошдаги ёзувларни ўқиб, Муҳаммад Худрийга мансуб эканини ва ҳадис олими бўлганини аниқлайди.

Ҳақиқатда, Худрий машҳур ровий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1170 та ҳадис ривоят қилган. Лекин манбаларда «Абу Саид» деб ёзилган ва «Муҳаммад» деб эътироф этилмаган.

Аниқлик киритувчи манба топилмагани сабабидан Муҳаммад Худрий ва Абу Саид Худрий бир шахс бўлса керак, деб тахмин қилинади.

 

ҲАЗРАТ УККОША

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Баҳрин қишлоғида ҳазрат Уккошага нисбат бериладиган мақбара бор. У «Эсовой» деб аталувчи тепалик устида.

Узоқ йиллар давомида азизланиб, зиёрат этилиб келинаётган бу жой мустақиллик йилларида обод этилди. Маҳаллий халқ ҳашар йўли билан хайрли ишларни амалга оширди.

Тошкент шаҳрининг ҳозирги ЖАР спорт мажмуаси ўрнида ҳам бу зотга нисбат берилган булоқ ва зиёратгоҳ бўлган.

Ҳазрат Уккошанинг тўлиқ исми шарифи Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мукошафатул қулуб» асарининг иккинчи жилдидаги изоҳлар бўлимида «Уккоша ибн Миҳсон Асадий» деб кўрсатилган.

Ҳазрат Уккоша розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиборида ва илтифотида экани бир нечта ҳадисда таъкидланган. Баъзи манбаларда Бадр муҳорабасида қатнашгани айтилади.

 

Суюндик МУСТАФОЕВ тайёрлади

Read 5415 times

Мақолалар

Top