Мақолалар

Тугаб битмайдиган хазина

Донишманд халқимиз: “Оз бўлса етар, кўп бўлса кетар” дея бежизга айтмаган. Дарҳақиқат, қаноат ҳақида сўз очилганда, албатта, бу сўзга сабр сўзини қўшиб ёзамиз, гапирамиз, боиси битта: бу сўзларни бир-биридан ажратиб тасаввур қилиш мушкул.

Тарихдан маълумки, она халқимизнинг юксак камолотида буюк алломаларимиз, улуғ уламоларимиз, бобокалонларимиз қолдирган бой маънавий мероснинг ўрни беқиёс. Мана шундай комиллик сифатларидан бири – қаноат ҳақида тўхталар эканмиз, аввало, “қаноат” тушунчаси ўзи нима эканини билиб олишимиз даркор. Ҳакимлардан бири айтадики: “Қаноат – тақсимланган ризққа рози бўлиш, кўнгил хотиржамлигидир”. Яна бири айтадики: “Қўлингдаги борига шукр қилиб, ушалмайдиганига умид боғлайвермаслигинг”, деб айтган. Динимизнинг асосий манбалари Қуръон ва суннатда қаноат борасида марҳамат қилинган оят ва ҳадислар билан танишсак.

Эркакми ё аёлми  кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, биз унга пок ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлиги баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”.

Жобир  ибн  Абдуллоҳ розияллоҳу  анҳу ривоят қилади: “Пайғамбар соллалоҳу алайҳи вассалам: Қаноат  – тугаб битмайдиган хазинадир, дедилар”.

“Қаноат – инсон ўзига тақсим қилиб берилган нарсаларга (ризқ-рўзи, умри, амаллари, бахтли ёки бахтсизлардан бўлишига) рози бўлишидир”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллалоҳу алайҳи вассалам: “Парҳезкор  бўл, инсонларнинг энг ибодатлиси бўласан,  қаноатли бўлгин, одамларнинг шукр қилувчироғи бўласан”, дедилар”.

Ривоят қилинишича: “Фақиру  мискинлар бамисоли ўликларга ўхшайди,  лекин Аллоҳ таоло уларни қаноатлари туфайли қайта жон бахшида этган инсонлардир”.

Бишр Ҳофий: “Қаноат – мўминнинг қалбидагина таскин топадиган мулкдир”, деган.

Абу Сулаймон Дороний: “Ризо мақомидаги қаноат сифати гўёки зуҳд мартабасидаги вараъ мақомига ўхшашдур, қаноат – ризо мақомининг аввалги  мартабаси бўлса, вараъ – зуҳд мақомининг энг биринчи мартабаси ҳисобланур”, деган.

Абу Бакр ал-Мароғий: “Ақлли инсон – дунё ишларини қаноат ва орқага  суриш билан, охират ишини эса, қизиқиш ва тезлаштириш билан, дин ишларини илми ва ижтиҳоди билан амалга оширадиган кишидир”, деган.

Абу Абдуллоҳ ибн Хафиф: “Қаноат – йўқ нарсаларга ортиқча  қизиқавермаслик, мавжудларидан беҳожат  бўлиш”, деган.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ: “Азизлик ва беҳожатлик ўзларига биродар ахтариб, йўлга  тушганида, қаноатни учратиб, ҳамсафар  бўлган экан”, деган.

Бир ривоятда: “Кимнинг қаноати кучли бўлса, унга барча нарса тотли бўлади, кимки барча ҳолларда холиқига тавба қилиб юрса, Аллоҳ уни қаноат билан ризқлантириб қўяди”, дейилган.

Ривоят  қилинишича: “Абу Ҳозим (р.а) семиз қўй гўшти осиб қўйган қассоб олдидан ўтаётганида, қассоб: “Эй, Абу Ҳозим, бу семиз қўй гўштидан олиб кетинг”, деди. У киши: ёнимда пулим йўқ”, деди. Қассоб: “Насяга бераман”, деди. Шунда у зот: “Ўзимда, бундан ҳам яхшироқ қарзим бор, бу – жон қарзимдур”, деб жавоб қилди.

Улуғлардан биридан: “Инсонлар ичида энг қаноатлиси ким? деб сўралганда,  инсонларга фойдаси кўп тегадигани, уларга оғирлиги кам тушадигани”, деб жавоб берди.

Айтадиларки, “Аллоҳ таоло беш нарсани беш нарса ичига яшириб қўйди; азизликни – тоатга, хорликни – масиятга, виқорни – бедорликка, ҳикматни – очликка, бойликни – қаноатга.

Иброҳим ал-Мористоний: “Душманингдан ўч олганингдек, очкўзлигингдан, қаноат билан ўч олгин”, деган.

Зунун ал*Мисрий: “Ким қаноатли бўлса, замондошларидан роҳат олибди, тенгдошларидан умри узун бўлибди”, деган.

Қаттоний: “Кимки, қаноатни олиб, очкўзликни сотса, азизлик ва одамийлик фазилатига эга бўлибди”, деган.

Қайси инсоннинг икки кўзи инсонларнинг қўлидаги нарсага қараб қолса, маҳзунлиги чўзилаверади.

Ривоят: “Бир киши сув бўйида бақлажондан тушган нарсаларни еб ўтирган донишмандни кўриб қолиб: “Эй Ҳаким, агар султонга хизмат қилганингизда, бу нарсани еб ўтиришга ҳожат бўлмасди”, деди, Донишманд: “Агар сен шу нарсага қаноат қилганингда Султонга хизмат қилиб ўтирмасдинг”, деб жавоб қилди”.

Ривоят: “Мусо алайҳиссалом тамаъни Хизрнинг олдида эслаганларида. Хизр алайҳиссалом унга: “Бу нарса сиз билан мени орамни ажратувчидир”, дедилар”.   

Ривоятлардан бирида: “Мусо ва Хизр алайҳиссалом атрофига бир кийик келди. Улар оч эдилар. Шунда Мусо олдидаги кийик қовурилмаган. Хизр олдидаги кийик эса қовурилган ҳолда кўринди”, деб айтилади.

Аби Язид раҳматуллоҳу алайҳдан бу  мартабага нима билан эришдингиз? деб сўралганда, у зот: “Дунё сабабларини йиғиб, қаноат  арқонига тугиб, ростгўйлик манжаниқига ўрнатдим, сўнг ноумидлик денгизига отиб юбориб, ором топдим”, деди.

Ривоят: “Жунайд раҳматуллоҳу алайҳни ҳузурида ўтиргандим, атрофида кўп етим-есирлар  ҳам бор эди. Бир одам 500 динорни ҳазратнинг  олдига қўйиб, “Бу пулни мана буларга тарқатиб берасиз”, деди, у зот: “Ўзингга борми? деб сўради. Ҳалиги киши: “Бор, пулим кўп”,  деди, у зот: “Яна бўлишини хоҳлайсанми? деб сўради, У: “Ҳа”, деди, Жунайд раҳматуллоҳу алайҳ: “Ол, бу нарсаларингни, ўзинг биздан кўра муҳтожроқ экансан”, деб пулни олмади.

 

Мухторхон Акрамов,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Read 5336 times
Tagged under

Мақолалар

Top