Мақолалар

Факт: китобхонга таом кўпроқ юқади
Доим китобга ошно инсон ҳатто кексайганда ҳам мантиқий фикрлаш қобилиятини йўқотмайди. Ёзма ва оғзаки нутқнинг равон ва чиройли бўлиши ҳам мунтазам китоб ўқишга боғлиқ. Биз шу каби маълумотларни жуда кўп ўқиганмиз. Аммо, китоб мутолааси борасида янада қизиқарли фактлар ҳам бор экан.
 
Китоб саҳифалардан, саҳифа эса қаторлардан иборат. Мутолаани ҳам айнан қаторлардан бошлаймиз. Аввал биринчиси, кейин иккинчиси, учинчиси.... Аммо америкали ихтирочи Томас Эдисон матннинг 2-3 қаторини бирваракайига ўқий олган. Ва бир саҳифага яқин матн сўзма-сўз ёдида қолган.
 
Одатда бирон матнни яхшироқ тушуниш учун уни ҳижжалаб ўқиймиз. Аммо, бу усул билан кўзни толиқтириб қўйиш мумкин экан. Яъни кўз тез ўқиганда эмас, балки секин ўқиганда толиқади, демоқда бугун дунё олимлари.
 
Танишингиз сиздан китоб сўради. Бердингиз. У эса ҳадеганда қайтармаяпти. Баҳонаси ҳам тайёр: ҳали ўқиб тугатганини йўқ. Ундан хафа бўлишга шошилманг. Ҳамма ҳам тез ўқий олмайди. Маълум бўлишича инсонларнинг фақат 5 фоизигина бу қобилиятига эга.
 
Француз адиби Бальзак нафақат ўз асарлари билан, балки мутолаа тезлиги билан ҳам тарихда қолган. У ярим соатда исталган романнинг 200 саҳифасини ўқиб ташлаган. Рус ёзувчиси Максим Горький эса бир дақиқада 4 мингта сўз ўқий олган. 
 
Ҳарфни кўзимиз танимайди. Ҳамма гап мияда. Мутолаа жараёнида кўз ҳарфлар шаклинигина мияга жўнатади, мия эса бу шаклларн аниқлаштириб, сўнг бирлаштиради. Натижада бизга таниш сўз ҳосил бўлади.
 
Ашаддий китобхондан моҳир изқувар чиқиши мумкин, деса ишонаверинг. Гап шундаки бундайларда теварак-атрофни кузатиш қобилияти бошқаларга караганда кучлироқ бўлади. Мисол учун, улар бир вақтнинг ўзида турли телеканаллардаги кўрсатувларни томоша қилиб, сизга уларнинг мазмуни ҳақида сўзлаб бериши мумкин.
 
Ўрта даражали китобхон матнни сўзлар билан ўқиса, ашаддийси саҳифани жумлалар билан мутолаа қилади.
 
Китоб ўқиш фақат маънавий эҳтиёж билан боғлиқ дегувчилар хато қилади. Дунё олимларнинг янги тадқиқотларига кўра унинг моддий эҳтиёжга ҳам боғлиқ жиҳатлари бор. Яъни, китобхон инсонга таом кўпроқ юқар экан. 
 

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Read 4719 times
Tagged under

Мақолалар

Top