Мақолалар

Оналарнинг шарафли бурчи

Ҳар бир ота-она фарзанд кўрганда хурсанд бўлaди, ўзларини дунёдаги энг бахтиёр инсонлар деб ҳис қилади. Ана шу хурсандчилик кунидан бошлаб улар зиммасига фарзанд тарбиялашдек масъулиятли вазифа тушади. Буни эса сидқидилдан бажаришлари шарт бўлади. Зеро, фарзанд тарбияси, унинг диёнатли бўлиши ва соғлигини сақлаш ота-онанинг зиммасидаги бурч ҳисобланади.

Фарзандни тарбиялашда унинг ўсиш ва ривожланиш даври эътиборли эканини англаб етиш зарур. Жумладан, боланинг эмизикли даври келажаги учун жуда аҳамиятли.   Зеро, Аллоҳ таоло гўдак болаларнинг ризқини ўзига хос озуқа қилиб яратди. Боланинг соғлом ўсишида она сутининг аҳамияти ва фойдалари беқиёс. Она сути гўдак  учун ризқ қилиб берилган тайёр озуқа ва соғлом бўлишининг гаровидир.

Динимизда гўдакнинг она сути билан озуқаланишига катта эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда фарзандларни она сути билан озуқалантиришга буюриб, шундай марҳамат қилади:

“...Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар.(Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир...”(Бақара сураси, 233-оят).

Оят дарак гап маъносида бўлса-да, аслида, буйруқни ифода этади.  Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ишларнинг ҳар бирида кўплаб ҳикматлар ва бандаларининг дунё ва охиратлари учун манфаатлар бор.

Фақиҳларимиз фиқҳ китобларида алоҳида “разоат” (эмизиш) бобини келтириб, унга тааллуқли масалаларни батафсил баён қилиб ўтганлар.

Тиббиёт мутахассислари ҳам она сути боланинг соғ-саломат улғайишида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкиллайдилар.

Тиб илми билимдони Абу Али ибн Сино она сутини қуёш нурига қиёс қилади. Ер юзидаги барча тирик мавжудотлар учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган бола учун ҳам она сути шундай зарур экан.

Она чақалоғини озиқлантиришида нафақат фарзандининг, балки ўзининг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига кўплаб манфаатлар бор. Илм-фан тараққий этаётган ҳозирги даврда олимлар томонидан турли тадқиқотлар, илмий изланишлар олиб борилиб, бу улкан ҳақиқатнинг янгидан-янги фойдали жиҳатлари аниқланмоқда.

Оналарнинг гўдакларини эмизишидаги ўз саломатликлари ва фарзандлари соғлиги учун фойдалари, ҳикматлари борасида яна мутахассислар томонидан кўплаб илмий изланишлар олиб борилиб, янги кашфиётлар қилинади, албатта.

Лекин фарзандини она сути билан озиқлантиришнинг фойдасини билмаган баъзи “замонавий” оналар вақти йўқлиги ёки бошқа арзимас баҳоналар билан бу муқаддас ва масъулиятли амалдан бўйин товлайди.

Оналик бахтига муяссар бўлган диёнатли, ўзлигини йўқотмаган ҳеч бир аёл узрсиз ўз боласини озиқлантиришдан бош тортмайди. Туғилган фарзандини она сути билан боқиш онанинг шарафли ва масъулиятли бурчи эканини унутмайди.

 Дадамирзаев Муҳаммад Зариф

тайёрлади

Read 4837 times

Мақолалар

Top