Мақолалар

Муносабат: Эринчоқ томиримизни уйғотайлик!

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу “Фарзандларингизни ўзингиз ўсган замонга эмас, ўзларининг замони талабига қараб тарбияланг”, деб маслаҳат берганлар. Буюк саҳобийнинг ушбу ҳикмати маъноси ҳозирги кунга келиб янада теранлик асб этмоқда. Зотан, бугун эскича яшаб бўлмайди, деган гапни эшитганда баъзилар собиқ шўро замонини назарда тутиб, ўша давр эскирганини тушунади. Ана шу тушунчасининг ўзиёқ уларнинг ҳали ҳам эскича яшаётгани ва шундай фикрлаётганини намоён қилиб қўяди.

Алалхусус, замон шу қадар шитоблашдики, кечаги нарса бугунга келиб эскириб қоляпти. Замон тезкор, тадбиркор ва инновацион ғояларга бой одамлар замони бўлди. Шунинг учун ҳам кириб келган янги “2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб аталди.

Аслида бунга олдиндан тайёргарлик кўрилиб келинганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳукумат аппарати қайта шакллантирилган эди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси ташкил этилганди. 

3 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда мазкур икки комплекснинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аксар ташкилотлар ўз фаолиятини замон талабига мослай олмаётгани, сусткашлик қилаётганини таъкидлади. Бунинг оқибатида ишлар жадал юрмайди ва қилинаётган ишлар салмоғи кўринмайди. Шу боисдан президентимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деб алоҳида таъкидлади. 

Президент бошчилигидаги йиғилишнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилган хабарини кўриб, шундай хулосага келиш мумкинки, бугунги замонда қайси соҳада ишлаётган кадр бўлмасин, ўз устида ишламаса, ўзининг соҳасига, жамият ҳаётига, Ватан манфаатига дахлдор масалаларни ўрганиб бормаса, ҳар куни ушбу мавзуларга доир адабиётларни ўқимаса, тез орада ишидан айрилиб қолиши тайин. Зотан, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш дегани – ўз устида тинимсиз ишлаш, жамиятга дахлдорлик туйғуси, жонсараклик, тадбиркорлик, янги технологияларни ўз вақтида ўзлаштириб бориш дегани эмасми ўзи. Ҳар бир касб эгаси ўқишдан-ўрганишдан толмаса,  илм-фан ютуқларини ҳаётга татбиқ этиб борса, маҳсулотлар ва хизматлар сифати яхшиланишда давом этади. Бу ўз навбатида, таннархнинг пасайишига шароит яратади.

Бир сўз билан айтганда, илм-фан ютуқларини ўзлаштириб бориш, замон билан ҳамнафас бўлиш дегани, худди оғир уйқудан уйғонишдек гап. Бошида ўрнидан туриш қийин кўриниб эриниб ётган одам бир амаллаб туриб олиб мусаффо тонг ҳавосидан бир тўйиб нафас олганда ҳамма эринчоқликлари сочилиб йўқолиб кетганидек, замонавий технологияларни муттасил кузатиб бориш қийиндек кўрингани билан бу ишни одат қилиб олган одамга роҳатга айланади, унинг ҳамма ишлари ўз-ўзидан осонлашиб бораверади. Давлатимиз раҳбари биздан ана шуни – танимиздаги эринчоқ томиримизни уйғотиб, ўзимизга қулайлик яратиб олишимизни талаб қиляпти. Биз ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб, шунга амал қилсак, Ватанимизни гуллатиб юборамиз, иншоаллоҳ.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 5099 times
Tagged under

Мақолалар

Top