Мақолалар

Муносабат: Интернет тезлашади – қадамимиз жадаллашади

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ мумтоз шоиримиз Абдулла Орипов “Қаён кетмоқдасан, эй учқур замон” деб ёзган эди. Дарҳақиқат, замон шу қадар шитоб билан илгарилаб бораётирки, унга ҳамнафас бўлиш учун ниҳоятда тезкорлик талаб этилмоқда.

Кишилик жамияти тарихидан аёнки, ҳар бир даврнинг ўзига хос бўлган илғор технологиялари бўлади ва улар турли номлар билан аталади. Лекин Одам алайҳиссалом авлодлари  ер юзида тарқала бошлаган кезларданоқ ахборот технологиялари борасида етакчиликни қўлга киритганлар катта ютуқларга эришиш борасида бошқаларни доғда қолдириб кетган. Айтайлик, дарахтларга қўйилган белгилар, хат ташувчи каптарлар, почта хизмати, телефон, телеграф, Интернет... ва бугунга келиб инсоният ахборотнинг мислсиз қудратга эга эканини росмана пайқаб қолди.

Ҳатто бундан икки аср муқаддам француз императори Наполеон Бонапарт ҳам мен бутун бошли қўшиндан кўра, битта газетадан кўпроқ қўрқаман, дея ахборотнинг нақадар катта куч эканини эътироф этгандан кейинги вақтларда ҳам унинг кучидан ғоят устамонлик билан фойдаланиб келганларнинг ўзлари, ҳатто унинг қудратини бор бўй-басти билан идрок этмаган эди.

Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги ахборот хуружи энг ядро қуролларидан ҳам хатарлидир. Бундай хуружларга қарши туриш учун эса ана шу технологияни эгаллаш масаласида бошқалардан наинки ортда қолмаслик, балки ҳаммадан илгарилаб кетиш давр талабидир.

Бинобарин, XXI юзйиллик – ахборот асри. Қайси давлат ва жамият ахборот-технологиялари борасида пешқадам бўлса, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, таълим-тарбия, борингки, ҳамма соҳада пешқадамлик ўша давлат томонда бўлади.

Шунинг учун ҳам кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар жиддий муҳокама қилинди ва  ахборот технологиялари соҳасида ҳали қилинадиган ишлар кўплиги, эришилган натижалар бошқа давлатларга қараганда анча паст кўрсаткичда эканини қайд этилди.

Йиғилишда қайд этилишича, ахборот-коммуникация ривожланиш индекси рейтингдаги 176та мамлакат ичида Ўзбекистон 95-ўринда экан. Қўлга киритган ютуқларимиз ўзимизники-ю, аммо Ал-Хоразмийлар, Ал-Берунийлар, Мирзо Улуғбеклар, Али Қўшчилар авлодларининг айнан шу соҳада бу ўринда туриши ижобий кўрсаткич эмас. Буни алоҳида таъкидлаган юртбошимиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини уч йил ичида жаҳондаги энг обрўли 1 000 университет сафига киритишни таъминлаш, соҳада жаҳонда етакчи бўлган университет ва компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг хорижий стажировкаси ва малака оширишини кенг ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бунинг учун миллий кадрлар тайёрлаш ишлари ҳали талаб даражасида эмаслиги қайд этилди, мутасаддиларга дунёнинг йирик ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги корпорациялар билан тенглаша оладиган миллий операторимиз ва дастурчиларимизнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбари йиғилишда “Интернетдан 20 миллион аҳоли фойдаланади, деб ҳисобот бергансизлар. Бироқ, миллий Интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли, аҳолининг аксарият қисми Интернетдан фақат Телеграмда ёзишма учун фойдаланади, холос”, деди. Ана шу Телеграм асосчиси Павел Валерьевич Дуров ушбу мессенжерни 33 ёшида яратган. Телеграм аҳолига қулайлик бўлиши баробарида у бир йилда 13 миллион даромад ҳам келтиради. Мамлакатига шунча миқдордаги валюта тушумини таъмин этади. Шундай мессенжерларни ва бошқа дастурларни бизнинг ёшларимиз яратса, уларнинг ўзлари қанча фойда олади ва мамлакатимизга қанча кўп фойдаси тегади. Бу жуда ҳам қизиқ: айтайлик, хориждаги қандайдир тенгдошлар, қариндошлар, ҳол-аҳвол сўрашиб, ҳазил-ҳузул қилиб ўтирганидан мессенжер миллионлаб даромад олади.

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, Интернет – кони хазина. Унга шу қадар кўп илмий манбалар жойланганки, ана ўшаларни қулай шароитда ўрганиш бўйича махсус миллий дастурлар яратилса, халқнинг, ёшларнинг илми янада зиёда бўлишига катта ҳисса қўшилган бўлади.

Ана шу жиҳатларини ҳисобга олган Президент интернет тезлигини ошириш ва нархларни арзонлаштириш, чекка ҳудудларда ҳам телекоммуникацияларни кенгайтириш юзасидан кўрсатма берди.

Умид қиламизки, жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда Интернетнинг ишлаш тезлиги жадаллашади ва бизнинг ташлаётган одимимиз ҳам илдамлашади.

ЎМИ матбуот хизмати

Read 5769 times
Tagged under

Мақолалар

Top