Мақолалар

Ватаннинг тинчлиги – бахтимиз калити

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда инсоният тинчлик нақадар улуғ неъмат эканини тобора теран англамоқда. Дунёнинг турли мамлакатларини домига тортаётган уруш, ихтилоф, зиддият ва келишмовчиликлар қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлмоқда. Шу сабабли шаҳарлар вайрон, халқ саросимада, тараққиёт инқирозга юз тутган. Маънавият-маърифат издан чиққан. Бир бурда нонга зор болалар кўчаларда тентираган. Оила маликаси бўлишга ҳақли аёллар хўрланган...

Ана шундай пайтларда юртимизнинг тинч-осудалиги, халқимизнинг бахтиёрлигидан қувонасан киши. Одамларнинг кайфияти чоғ, усти бут, қорни тўқ. Шукрлар бўлсинки, тўй-ҳашамлар, байрамлар шоду хуррамликда ўтмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз обод, осмонимиз мусаффо, ризқимиз тўкин, бағримиз бутун.

Нотинчлик ва беқарорлик, зиддият ва қарама-қаршилик бўлган ҳудудда меҳр-оқибат, ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик ва тотувлик, ҳамжиҳатлик бўлмайди. Жаннатмонанд юртимизнинг қадрига етиш, унинг сарҳадларини ҳимоя қилиш, турли хуруж ва бузғунчи ғоялардан асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини яна бир бор ҳис этмоқдамиз. Шундай озод ва обод юртда яшаётганимиздан фахрланмай, ғурурланмай бўладими, ахир?!  Бунинг учун ҳар тонг Яратганга шукроналар айтамиз.

Юртимизнинг тинч, халқимизнинг осойишталигини кўзлаган ҳарбийларимиз туну кун юрт сарҳадларини кўз қорачиғидек асрамоқда. Ёшларимиз ичида ҳарбий бўлишни қалбига тукканлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта.

Ватан меҳри барчамизга она сути, ота насиҳати, устозлар таълимоти билан кириб қон-қонимиз, жон-жонимизга сингиб улгурган. Унинг тинчлиги – бизнинг тинчлигимиз, унинг қувончи биз учун бахт-омад калити эканини бир зум бўлса-да унутишга асло ҳақимиз йўқ.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 

Read 7087 times

Мақолалар

Top