Мақолалар

Муаммонинг илдизи динимизга амал қилинмаётганида

Аллоҳ таоло оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун низом ва қонунлар жорий этган. Қуръони каримда оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканини таъкидлаб бундай дейди:

«Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриёдлар берганмиз» (Раъд сураси, 38-оят).

Динимизда оила фаровонлиги, саодати учун оила аъзолари ўзларини қандай тутиши лозимлиги, эр-хотиннинг бурч ва вазифалари, оила бузилишини олдини олиш борасида кўплаб тавсиялар берилган. «Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик (Зориёт сураси, 49-оят).

Жамиятда пайдо бўлган ҳар-бир ҳолатнинг ўзига яраша сабаб ва омиллари бўлади. Оила бузилиши барча жамиятларни қаттиқ ташвишга солган ва солиб келмоқда. Бу муаммони ҳал этиш учун ҳар бир жамият турли чоралар кўрган ва кўриб келмоқда. Мусулмонлар эса оилани мустаҳкам сақлашни ўзига шиор қилиб олган. Зеро, динимизда оила мустаҳкамлиги учун барча чоралар кўрилган.

Эрнинг зиммасидаги аёлнинг ҳаққи, аёлнинг зиммасидаги эрнинг ҳаққи, ота-она ҳаққи, фарзанд ҳаққи тўғрисида қанчадан қанча оятлар нозил қилинган, ҳадислар зикр этилган, китоблар нашр қилинган ва ҳамон нашр қилиниб келмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, ўз динимизни яхши билмаганимиз ва унинг таълимотларига амал қилмаганимиз оқибатида оилавий ҳаётимизда қатор муаммолар, хусусан, оила бузилиши каби нохушликлар кўпайиб бормоқда. Бу кўнгилсизлик «талоқ» масаласида ўзини яна хам очиқ намойиш этмоқда.

Ҳаттоки, бу бало тўйларидан ўн беш ёки йигирма кун ўтган келин-куёвлар орасида ҳам учраб туриши ҳеч кимга сир эмас. Баъзи куёвлар талоқ билан келинни ўзига бўйсундириш пайида бўлади. Келинлар ўзларининг талоғингни бер дейишлари билан қўрқмасликларини намоён қилмоқчи бўладилар. Баъзилар бу нарсани билмаслигини баҳона қилса, бошқалари ёшлик қилибмиз дейдилар. Натижада оила таназзулга кетади. Аммо ҳеч бирлари ораларига талоқ тушиб бўлгандан кейин муродимга етдим деб тинчиб қолмайди. Балки талоқ тушган куннинг эртасигаёқ талоққа йўл ахтара бошлайди. Куёвдан талоқ сабабини сўрасангиз арзимаган нарса ёки можарони сабаб қилиб кўрсатади. Келин эса ораларидаги болалари кўзларига кўриниб, уларни тирик етим қилиш ёмонлигини эслаб қолади.

Шу машмашалар ўрнига эp-хотин ўзлари ораларидаги муаммоларни, талоқни ўртага қўймай ҳал қилса бўлмайдими? Ахир талоқдан Аллоҳнинг Арши ларзага келади. Аллоҳнинг ғазаби келади! Нима учун бу нарсалар ўйлаб кўрилмайди. Баъзи куёвлар келиннинг қайсидир хулқини ёқтирмаслигини баҳона қилади. Лекин бу ҳам талоқ учун арзирли сабаб эмас. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъмин (эр) одам мўъмина (хотинига ) ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқларидан бири ёқмаса, бошқаси хурсанд қилади дейдилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қилинса, аёлига яхши муомалада бўлса; аёллар ҳам ўз зиммасидаги эрининг ҳақларига риоя қилса, эрига итоат қилса, бундай нохушликларнинг олди олинган бўлар эди. Юқорида назарда тутилган салбий ҳолатларнинг келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролар йиғинлари вакиллари, соғлиқни сақлаш ходимлари ва мутасадди ташкилотлар билан жойларда никоҳланувчиларнинг ота-оналари ва қариндош уруғлари томонидан ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик мақсадида, тиббий кўрик натижасидан сўнг тўй кунини белгилаш (мазкур ҳолатда келин ёки куёвни даволаш чоралари белгиланган бўлса, даволаниш жараёни муддатига қараб никоҳни қайд этиш ва тўй маъросимини белгилаш) мақсадга мувофиқдир.

Х. Матяқубов

Хонқа туман бош имом-хатиби

Read 4186 times

Мақолалар

Top