Мақолалар

Қаноат- туганмас  бойлик

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берди. Шу билан бирга уни ушбу неъматлар ҳақида синов қилиб, имтихондан ўтказишни ҳам ирода килди. Ҳақиқий мўмин  киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр-тоқат килади ва Парвардигордан бунинг эвазига ажру-савоб ато қилишини сўрайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мўминга ҳурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга  хайрлидир. Агар  унга бирон зарар етса, сабр килади. Бу ҳам унга хайрлидир”,  деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Исломга ҳидоят қилинган, яшашидан рози ва қаноатли кишига жаннат бўлсин. Ўзларингизга қаноатни лозим тутинглар. Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир”, дейилади (Имом Табароний).

      Мўминнинг саодати Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага рози бўлишидир. Аллоҳнинг Раззоқ сифатига имон келтириб, Унга ҳақиқий таваккал қилиш, борга ҳам, йўққа ҳам шукр қилиш қаноатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушнинг барча жабҳасида қаноатли эдилар. У зот (алайҳиссалом) бундай  дердилар: “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки кўнгил тўқлигидадир” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) кирганида, у зотнинг ёнбошларида бўйранинг изи кўриниб турарди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Эй, Аллоҳнинг Расули, тўшак солганингизда юмшоқроқ  бўлмасмиди?”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен дунёда иссиқ кунда бир дарахт тагида сояланиб, сўнг уни ташлаб кетган отлиқ кабиман”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

        Қаноатли киши фақирликдан қўрқмайди, бахиллик ҳам қилмайди.  Гуноҳдан  сақланади, эзгуликда бардавом бўлади.  Инсон учун аслида бир кунлик  егулик ёки унга етарли маблағ, тинчлик ва сиҳат-саломатликнинг ўзи катта  бахтдир.

Инсон ҳарчанд ортиқча мол топишга уринмасин, тақдир қилинганидан ортиғига  эришолмайди. Агар у Аллоҳ берган  нарсага озми-кўпми, қаноат қилса, икки дунёда ҳам танглик кўрмайди. Расулуллоҳ   (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолодан: “Ё Аллоҳ, менга ризқ қилиб берган нарсаларинг билан мени қаноатлантир ва шуларда  менга барака ато эт. Менга келувчи нарсаларнинг фақат яхшисини бер!” деб қаноатли бўлишни сўраганлар.

 

К. Исмоилов

Read 5930 times

Мақолалар

Top