Мақолалар

“Тамаъ жамиятдан чиқаргай сени”

“…Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчилардир” (Тағобун сураси, 16-оят).

Шоир Саъдий Шерозий нафсни маломат қилиб, шундай деган эди:

Кишини бузуқ нафс этар хору зор,

Гар оқил эсанг сен уни айла хор.

Тамага бўйсунмаса ҳар киши,

У қул эрмас, озод ўтар турмуши.

Тамаъ жамиятдан чиқаргай сени,

Уни ҳайдагил, у чиқармай сени.

Дарҳақиқат, нафси бад инсонни не кўйларга солмайди? Унга тобе бўлганлар хор ва забун, уни қўлга олганлар эса ҳақиқий мард бўладилар.

Улуғ алломаларимиздан бири нафсни ўлдирувчи унсурларни учта деб баён этади: “Нафсни фақат уч нарса билан ўлдириш мумкин. Булар хомушлик ханжари, очлик қиличи ва танҳолик найзасин қўлга олиб хузуъни тарк қилишдир. Агар кимда бу уч қурол бўлмаса, унинг нафси ҳеч қачон нажотга келмайди. Яъни бўйсунмайди. Ҳар кимки симу зарга қизиқса, унинг иши оқибатда изтиробли, аламли бўлади. Кимки ишларини охират учун қилса, унга Аллоҳ таолодан кўп марҳаматлар келади.  Дунёнинг моли хокисорлар учун ва охират парҳезкорлар учун бўлади.

Эй ўғил, шайтон сенинг душманингдир. У сенинг бўйнингга  оловли кишан солишни истайди. Кунинг бошланишида бирор ёмон иш қилдингми? Бу ишинг билан жоҳиллик қилдинг. Кимки тоати дангасалик билан бўлса, унинг самараси гумроҳлик ва адашиш бўлади. Тоат қилиш вақтида худди шамол каби шитоб ва ғайрат билан ҳаракат қил. Шунингдек, дунёнинг ишларидан, ташвишларидан озод бўлиб, жону дил билан тоат қилишга кириш. Гарчи бу ер сенинг ётар жойинг бўлса ҳам, унинг қаърига киргач сенинг жону танингга ҳеч раҳм қилинмайди”.

Ҳазрати Сўфи Аллоҳёр “Нафси шум баёнида” шундай деган эди:

Кел э кас, бўлма акнун тобеи нафс,
Сўлур ахшом сабо бу гардани ғафс.

Ҳама тоатларинг хўбию софи,
Яқин билсанг, эрур нафсинг хилофи.

Яъни, эй инсон энди ўз нафсингга тобе бўлма. Чунки бир кун бу йўғон бўйнинг сўлади. Гарданингга ажалнинг тиғи ботиши муқаррар. Сенинг барча тоат-ибодатларингни яхшиси ва покизаси, шубҳасиз, ўз нафсингга хилоф иш тутишингдир.

Ҳақиқатан, ҳар ким ўз нафсининг бошини янчиши ва доимо хор тутиши лозим. Уни қўлдан келганча ҳаромдан узоқ сақлаш керак.  Қоринни овқат билан лиқ тўлдирмаслик шарт. Агар шундай қилса, худди ҳайвон каби ўзининг охури, яъни овқати учун яшовчи бўлиб қолади. Ҳар ким нафс итини тўйдирса, уни гуноҳ қилишга журъатли қилиб қўяди. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш ҳайвонларга хосдир. Инсон эса бу борада латиф ва парҳезкор бўлмоғи лозим. Бутун кечани кундузга қадар уйқу билан ўтказманг.  Агар киши кечаси туриб икки ракат намоз ўқиса ҳам ўз қабри учун савоб чироғини ёққан бўлади. Ҳаддан зиёда уйқу ва  овқатланиш фақат ҳайвонларга хосдир. Уйқуда ётганлар Ҳақ таолонинг инъомларидан баҳраманд бўла олмайдилар. Яъни, кимки тунларда уйқуни тарк қилиб ибодатда бўлса, Ҳақ таолодан унга файз ва ҳол неъматлари етишади.

Фаридуддин Аттор “Панднома” асарида шундай келтиради: “Ҳар кимда “менинг номим яхши бўлсин”, деган завқ, хоҳиш, манманлик бўлса, у хос бандалардан эмас, авомлардандир. Бу нафсни туяқуш деб билгин. Чунки у на юк ташийди, на осмонга учади. Агар унга “осмонга уч” десанг, “туяман”, дейди ва агар устига юк ортмоқчи бўлсанг “қушман”, дейди. Ям-яшил майсанинг ранги ҳам мафтункордир. Аммо мазаси аччиғу ҳиди нохушдир. Агар сен нафсга итоат қилиб юрсанг, унинг фармони очлик ва чанқоқдан бошқа нарса эмас”.

Нафс сенга тоатларда суст бўлишни ўргатади. Гуноҳлардан узр сўрашдан сакраб ўтказиб кетади. Яъни гуноҳларга тавба қилишдан чалғитади. Нафсингни зиндонда сақлагин ва у сенга нима буюрса унга хилоф қилгин. Худди туядек йўлга тушиб юк таши. Тоат юкини Аллоҳ таолонинг даргоҳига олиб бор. Худойи таолониг юкини жон билан ташиш лозим, йўқса худди ит каби хор бўлиб туриш лозим. Кимки ўз юкини кўтариб борса, бу дунёда ўз жонининг ғамини еган бўлади.  Ҳар кимнинг Ҳақ таоло ҳузурида юки бўлса, у тажаллий қилувчидан ёрдам олади. Яъни Ҳақ таоло ҳам унга ёрдам қилади.

Кимки туяқушдек ўз юкидан қочса, унинг ҳаёти гулистонидан барглар тўкилади, ўз умрини барбод қилади. Йўл хатарлидир, пистирмада ўғри бор. Шайтон алайҳиллаъна иймонни ўғирлаш учун тайёр турибди. Лекин бир жойда тўхтаб туришдан йўлда юрган яхшироқ. Мунзил узоқ, юкинг бошингдан оғиб турибди. Бас, сен ҳам ҳаракат қил, бошқалардан қолиб кетма. Ҳар кимнинг бу йўлда оғир юки бўлади ва ҳар нафас дийдасидан қон ёшлари ёмғирдек оқиб туради. Сенда кўп ортиқча лаш-лушлар бор, уларни ташлаб юкингни енгиллатгин. Йўқса, бу йўлда сенинг ишинг қаттиқ бўлади, оғир азобларни кўрасан. Аслида сенинг юкинг бу дунёда йиққан ўлимтикларингдан иборат. Сен эса унинг изидан хору зор бўлиб юрибсан”.

Мутасаввиф шоир Махтумқули: Бўлма коми нафс учун ҳар сифланинг олдида паст,/ Обрўсизлик юкин чекмакка маҳзур ўлмағил”, деган эди.

Яъни, нафсингни талабини бажараман, хоҳишини қондираман, деб ҳар нокаснинг олдида паст кетмагин ва обрўсизлик юкини тортишдан ҳузурланмагин.

 

Баҳодир УСМОНОВ,

Янгийўл тумани “Пусур Оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 3749 times

Мақолалар

Top