Мақолалар

Ота-она  меҳмондир

Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга  шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).

Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).

Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилса, асло малол олмаслик керак.

Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тириклигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.

Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-ахлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.

Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.

Расулуллоҳ  ҳузурига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...

 

Фазлиддин МУСАХОВ,

Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме

масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4310 times

Мақолалар

Top