Мақолалар

Шеърият бўстони

УМР ЎТМОҚДА

Неларгадир интиламан, етмоқ истайман,

Етай дейман, арғумоғим жадал қистайман.

Етиб зўрға қўл узатсам ўшал ярқироқ,

Сароб чиқар, дилгинамни қийнайди фироқ.

Кунлар ўтар, ойлар ўтар, умр ўтмоқда,

Боболарим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Қайларгадир югураман, толиб қоламан,

Манзилимга етолмайин, ҳориб қоламан.

Бир лаҳза тин олиб-олмай яна манзилга

Талпинаман, чопқиллайман, сўлиш оламан.

Йиллар ўтар, йўллар ўтар, давр ўтмоқда,

Момоларим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Изланаман, шамолдан тез, сувдан-да тиниқ

Мўъжизанинг сир-асрорин билиб олишга.

Уринаман селларнинг ҳам жиловин олиб,

Эл измига, юрт корига жадал буришга.

Еллар ўтар, селлар ўтар, замон ўтмоқда,

Азизларим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Тизгини йўқ туйғуларда титраб қоламан,

Ечим топмай гоҳо оғир ўйга толаман.

Умр йўли қайга туташ, сўйла, замондош,

Англадикми – шу азиз эл энг яқин қўлдош.

Англадикми – инсоф-имон энг содиқ йўлдош...

 

СОҒИНЧ

 

Ўлими олдидан онам сўзлари:

«Отангнинг юзига тик боқма, болам,

Нега кўринмайди, кенжа неварам!

Рози бўл! Бу сенга охирги нолам...»

 

Сўнгги нафасда ҳам онам раҳматли,

Отамни эслади, бўлди мукаррам.

Неварасин суйиб, таскинлар бериб,

Бошида парвона бўларди ҳар дам.

 

Онажон, ўлим ҳақ, умр ўткинчи,

Юрганман, кулганман бўлиб ҳазилкаш.

Энди дунёларга сиғмас ўкинчим

Сиз учун қора ер бағри қазилгач.

 

Онажон, меҳрингиз ҳамон излайман,

Начора, тополмай тунлар бўзлайман.

Қўмсайман, қайлардан излай, онажон,

Соғинч денгизида ўртанади жон...

                                                                   

Маҳмуд ШОМИРЗАЕВ

 

Ғаллаорол

Read 6442 times

Мақолалар

Top