Мақолалар

Тўнғич қизимга мактуб

Мунис қизгинам, бир иш қилишингдан олдин обдон ўйла, шошма-шошарлик қилма, қатъий қарорингдан кейинги воқеалар кетма-кетлигига мендек жавоб берма. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади, мабодо сенга нисбатан зулм ва ноҳақликлар бўлса барчасини Аллоҳга ҳавола эт, бандасига эмас. Неки сўрасанг, Аллоҳдан сўра, беминнат ёрдамчи, ягона илоҳдир. Ҳар бир нарсани Аллоҳга таваккал қилиб бошла, ошкораю пинҳона ёд эт.

Мушкул вазият ва қийинчиликларга бардош қилиш билан кўп ютуқларни қўлга киритиш мумкин. Ҳаётдаги оғир кунлар келгусидаги мусибатли кунларга бардош беришда мадад бўлади сенга. Бу дунё ўткинчи бўлибгина қолмай, синов-имтиҳондир ҳам. Ҳеч қачон нотаниш одамлар суҳбатида бўлма, эътиқод-амалинг Буюк Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳадислари бўлсин. Илм олишда дангасалик қилма, диний ва дунёвий билимларингни кучайтир. Аллоҳга ибодат қилиб ота-онанг ҳаққига ҳам дуо қил қизим. Ўрганганларингни жигарларингга ҳам ўргат, мабодо мен улгурмасам...

Билмайман, сенга қандай синовлар келади. Хотиржамликка чўмилиб, ғафлатда қолма.

Менга синов фақат турмушдан келди. Чунки мен хотиржам эдим. Оилавий масалаларда чин дилдан, очиқ кўнгиллик ила фақат яхшиликларга ошно бўлиб эр ва қариндошлар масаласида қўлимдан келганча тиришиб ҳаёт бошладим. “Ўзинг яхши – олам яхши”. Ҳар бир ишни холис Аллоҳ учун қилсам, бундан ким айб топади шиорларим ила бошлаган турмушимда совуқ, изғирин, бўронлар бошланган. Ҳар бир ишни икки томони бўлгани ҳолда фақат салбий кашф этила бошладим.

Қалбингни Аллоҳдан ўзгасига топширма. Эвазига алам оласан. Атрофингдаги бузғунчи, ғийбатчи, дилозор кишиларга фақат ачиниш кўзи билан қарагин, зинҳор нафратланма, улар сен орқали, сен улар орқали синаляпсан, сабрли бўл. Балки сенга ҳақларингга риоя этадиган, Аллоҳнинг омонатига эҳтиёткорлик билан муомала қилгувчи куёв насиб этар. Аммо ҳеч нарсадан хотиржам бўлма. Ҳаётда сен кутмаган зарбалар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаб қўй. Охират азобларидан дунё азобларини устун қўйма. Жаннат ҳақида кўпроқ фикр юрит, дунё матоҳидан юз ўгир. Ҳар бир нарсанинг ҳикмати бор. Зеро, Аллоҳ берганни олиб қўйгувчи йўқ, бермаганини тортиқ қилувчи йўқ. Аммо сенга бераётган насиҳатларимга амал қилишим шу ёшда ўзгаришим қийинроқ бўлмоқда. Яшаб турган уйимни амманг меники дейиши, миниб турган машинамизни амакинг бошқани номига расмийлаштиришига роса жазавам тутди. Ҳар доим ҳар хил нарсалар эгри йўллар ахтаришлари асабимнинг, соғлигимнинг йўқолишига сабаб бўлди. Дунё матоҳи учун куюнма, майли юлғучларга бер уни. Эвазига соғлигингни асрайсан. Қизим ҳаттоки оғзингдаги луқмани тортиб олишлари ҳам мумкин, аммо қалбингда “нега?” деган савол туғилмасин – азобинг ортади. Шукр қилки “ҳақхўрлар” имонингни олишга қодир эмас. Ўшалар ачинишга лойиқ бўлмасалар-да ачин ва қўл силта.

Қизим биров нарса берса севинма, миннати ўлдиради. Бировлар ёрдамига умидвор бўлма, кутма... Нафсингни ҳар томонлама енг, кўпроқ китоб ўқи, қалб гапга ўчлигини ҳам йўқот. Ҳасратларингни ўзгаларга айтиш ила енгил бўлишни ўйлама ҳам. Дўстинг Аллоҳ, дардкашинг онангдир. Мен йўқ бўлсам сингилларингга суян, ишон. Оила ва фарзандларини энг охирги ўринга қўйишини олмаган-да даданг рисоладагидек турмуш ўртоқ, аъло даражадаги отадир. Баъзи хислатларидан яқинлари фойдаланишади, халос.

Қорани оқдан ажрата оладиган ёшдасан. Илмли бўлсанг, сабрли бўласан. Сабрли бўлсанг, ҳеч кимнинг зулми ўтмайди. Баъзида сендаги жаҳлни кўриб ҳайрон қоламан, бу қаердан келди. Вазмин ва имонли бўл. Чегараларни аниқлаб, ҳадлардан ўтма. Ҳаётни, сенга берилган умрнинг ҳамда имкониятларнинг қадрига ет. Бошимдан ўтганларини шикоят қилиб эмас, ибрат бўлсин деб эслатдим. Шайтоннинг макрларидан эҳтиёт бўл деб айтдим. Аслида улар ҳам ёмон одамлар эмас...

 Ўзингни бегоналарнинг ёмон назаридан асра қизим!

 

Онаизоринг

Read 10457 times
Tagged under

Мақолалар

Top