Мақолалар

Вақт қиличдир...

Аллоҳ таоло инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан яратди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд, 8 ).

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда харис бўлган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканини яхши билган ва шунга мувофиқ амал қилган. Буюк олим Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: «Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди».

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ  айтади: «Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол».

Баъзи донишмандлар: «Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир», деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади, яъни умринг беҳуда кечади», деб таъкидлашган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаёти, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари, башоратлари орқали вақт бебаҳо неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилган: «Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: «Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман», деб жар солади».

Динимизнинг таълимотида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтарган. Хабарларда келишича, «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради». Ғайратли, шижоатли бўлиш, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради» (Табароний ривояти).

 

Муслим АТАЕВ,

Тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4791 times

Мақолалар

Top