Мақолалар

“Виртуал севги” – аср вабоси!

“Виртуал севги” – интернет ижтимоий тармоқларида бир-бирига номаҳрам бўлган йигит ва қизларнинг ўзаро суҳбатлашиши, бир-бирига шаҳватни уйғотувчи гап-сўзларни айтиши, ўзининг расмларини бир-бирига юбориши бўлиб, айрим ҳолларда, бу иш оилалилар ўртасида бўляпти ва қанчадан қанча оилалар бузилиб кетиши содир бўлмоқда.

Афсуски, жамиятимизда бу каби иллатлар кўпайиб бормоқда. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам, айниқса, ёшларнинг ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Бу муаммонинг ечими борми? Қуйида шу ҳақида сўз юритамиз.

Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдалари бор. Масалан, оила аъзолар, ота-она, қариндошлар ва дўстлар билан мулоқот қилиш имконини беради. Шу билан бирга унинг хатарли томонлари ҳам бор. Кўпчилик одамлар бу жиҳатига эътибор қилмайдилар. Унинг катта хатарларидан бири – “виртуал севги”лардир.

Номаҳрамлар бир-бирларининг суратларига қараши ҳис-туйғуни бошқарувчи миядаги кўплаб ҳужайраларнинг ҳалок бўлишига олиб келади. Профилларда йигит ва қизларнинг суратини кўриш ва бошқаларга юборишнинг осонлиги ҳамда ёшларда бекорчиликнинг авж олгани ҳаром алоқаларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Виртуал танишув бориб-бориб реал кўришувга, у эса зинога олиб келмоқда. Бу нарса ёшларнинг бугунги кунини ҳам, келажагини ҳам барбод қилади. Вақтлар зое бўлмоқда, авратлар очилмоқда, оилавий, шахсий маълумотлар ташқарига чиқиб кетмоқда.

Олимлар аллақачон исботлашганки, йигит қизга шаҳват назари билан қараса, миясида муайян гармонлар ишлаб чиқарила бошлайди. У гармонлар жинсий алоқага масъул ҳисобаланади. Юрак ҳам бу пайтда тез уриб, кўп қонни ўтказади. Бу жараён қисқа муддатда содир бўлади. Шунинг учун бегона аёл-қизларга қарашдан бутунлай тийилиш керак. Бу тийилиш, юқорида айтилганидек, мия гармонларни бевақт ишлаб чиқаришининг олдини олади. Юракни ҳам бир маромда ишлашига боис бўлади. Кўзни тийиш кишини бир умрлик надомат, турли жинсий, руҳий ва бошқа касалликлардан, ҳаром ишлардан тийилишига сабаб бўлади.

Ижтимоий тармоқларга кирган киши фойдали нарсаларни кўриш ва ўқишни ният қилиши керак.

Биргина тугмани босиш билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсага кўзи тушади. Аллоҳнинг амрига бўйинсўниш керак ва ўша тугмани босмаслик керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).

Ҳаромга ундаган нафснинг хоҳишига юрмай, сабр қилиш улкан савобни қўлга киритишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло мана бу оятда шундай деган:

  إِنِّي جَزَيْتُهُمُ الْيَوْمَ بِمَا صَبَرُوا أَنَّهُمْ هُمُ الْفَائِزُونَ

“Албатта, Мен бугун уларни сабр қилганлари учун мукофотладим. Албатта, улар ўзлари ютуққа эришгувчилардир” (Мўминун сураси, 111-оят).

Агар сиз ҳаромга назар солишдан ўзингизни тийсангиз, бундан мақсадингиз Аллоҳнинг буйруғига итоат қилиш, қиёмат куни Унинг ҳузурида туришдан қўрқиш бўлса, сиз мана бу оятда ваъда қилинган мукофотга эришасиз, инша Аллоҳ.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى

“Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Нозиот сураси, 40-41-оятлар).

Қизларнинг суратига ҳар қанча назар солсангиз ҳам, бир куни барибир вафот этасиз. Қабрингизда ва Охиратда сизга ас қотадиган нарса амалингиздир. Шундай экан, сизга қандай амал ҳамроҳ бўлишини ўзингиз танланг!

Аллоҳ таоло қайтаргани учун ҳаромга қарашдан тийилган кўзни дўзах ўти ёндирмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Уч киши борки, уларнинг кўзлари дўзахни кўрмайди. Булар: Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўз, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга боқишдан тийилган кўз”. Имом Табароний ривоят қилганлар.

Ҳаромга назар солишдан тийилиш иймоннинг зиёда бўлишига ва қалбда ҳаловат туйилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар сен Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун бирор ишни тарк этсанг, Аллоҳ унинг ўрнига сен учун ундан яхшироғини беради”. Имом Аҳмад ривояти.

Мабодо ҳаром нарсага қараб қўйсангиз, қалбингизга шайтон “Энди тавба қилсанг ҳам фойдаси йўқ”, “Энди солиҳ амал қилсанг ҳам фойдаси тегмайди” ёки “Мана бун гуноҳни ҳам қил. Кейинроқ тавба қилиб оласан” деб васваса қилишига йўл қўйманг! Бу васвасага қулоқ солсангиз, у сизни гуноҳнинг домига баттар тортади ва аҳволингизни оғирлаштиради. Шунинг учун сиз дарҳол тавба қилишингиз ва гуноҳдан тийилиб, солиҳ амаллар қилишга ўтишингиз керак. Агар сиз тавбада бардавом бўлсангиз, бориб-бориб маъсиятни ёмон кўрадиган, ундан нафратланадиган бўлиб қоласиз.

Ҳаромга қараш зинонинг турларидан бири эканини билишингиз керак. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кўз ҳам зино қилади. Унинг зиноси назардир” деганлар. Агар сиз бир аёлга шаҳват билан қарасангиз, кўзингиз зино қилган ҳисобланади. Чунки, кўз номаҳрам аёлга шаҳват билан қараган пайтда танада ҳақиқий зино пайтида бўладиган жараёнлар кечади. Яъни баъзи гармонларнинг ишлаб чиқарилиши, зинога тайёрланиши каби. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фарж уни ё тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради” деганлар.

Юқоридагиларни ўқиб чиқдингиз. Энди кўзингизни ҳаромга тикишдан тиясизми? Ёки яна қарайсизми? Аллоҳ таоло бу кўзни ибодат саналган нарсаларга қарашга, қараш орқали ҳам савоб олишга буюрган. Шунинг учун кўзингизни Аллоҳнинг Каломи – Қуръонга қарашга ўргатинг. Бундан ташқари ота-она, аҳли аёл, фарзандлар, дўстлар ва устозларнинг юзларига самимий табассум билан боқишга ўргатинг. Мана шунда ажру савоб оласиз.

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

Read 5311 times

Мақолалар

Top