Мақолалар

«Вақф» фондининг асосий вазифалари, амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар - видеоинтервью

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган эди. Фонд ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлмади.

https://youtu.be/jMyDmsB03UU

Амалга оширилаётган ишлар, фонднинг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида фонд бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов билан "kun.uz" нашри суҳбатлашди.

- Муҳтарам Президентимиз 2018 йил 16 апрелда «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида тарихий фармонга имзо чекдилар. Тарихий деганимиз, рамзий маънода ҳам, тарихий маънода ҳам. Сабаби юртимизда 1928 йилгача хонликлар ва амирликларда вақф ишлари юритилган. Сўнгги бор 1929 йилда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида тўхтатилган.

Фонднинг асосий мақсади юртимизда етишиб чиққан буюк алломаларимизни дунё маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссасини тараннум этиш. Шу билан бирга, одамларимиздаги мурувват, саховатлилик туйғуларини янада оширишга кўмаклашиш. Хусусан, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжидларимизни ободонлаштириш, унда хизмат кўрсатаётган имом-хатиб ва ноиблар, мутаваллиёт ва муаззинларга моддий-маънавий кўмак бериш - мана шу фонднинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, уларга янги қурилаётган уйлардан олиб бериш, кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган имом-домлаларимизни рағбатлантириш, диний таълимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам вазифалардан бири ҳисобланади. Халқимиз орасида кам таъминланган, моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилаларга ёрдам бериш ҳам ҳисобга олинган.

16 апрелда фармонга имзо чекилган бўлса, 1 майдан ўз фаолиятимизни бошладик. 10 май куни Адлия вазирлиги орқали ўз Низомимизга, гувоҳномамизга эга бўлдик. Рамазон ойининг баракасидан шу кунга қадар кенг кўламли ишлар қилиб қўйдик. Хусусан, қон қуйиш институтига бориб 10 нафар болажонга моддий кўмак бердик. Қолаверса, кўзи ожизлар жамиятида 200 кишилик ифторлик уюштирдик.

Шу кунларда баъзи бир ташкилий ишларни амалга оширишни режа қилганмиз. Хусусан, ўз сайтимиз фаолиятини йўлга қўйишни. Телеграмда vaqf.uz саҳифаси ўз ишини бошлаган. Шаффофликни таъминлаш мақсадида фондга тушган маблағлар ҳар куни эълон қилиб борилади. Бу Президентнинг фонд ҳақидаги фармонида ҳам ўз аксини топган. Бу борада Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада кўмакчи бўлмоқда, - деди Жалолиддин Ҳамроқулов.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, баъзилар ўзлари ажратган маблағларни имом-хатиблар топиб берган ҳақли инсонларга ўз қўллари билан беришни исташар экан. Гарчи, вазифаларига кирмаса ҳам имом-домлалар бу борада одамларга ёрдам қилишар экан. Ж. Ҳамроқуловнинг аниқлик киритишича, аслида, бу ишларни фонд орқали ҳам амалга оширса бўлади. Хўш, қандай қилиб?

- Биринчиси, нақд пул орқали. Улар ўз маблағларини банкдаги ҳисоб-рақамимизга ўтказсалар бўлгани. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, мўмин-мусулмонлар томонидан Аллоҳ розилиги йўлида закот, фидя, ушр ва фитрга ажратилаётган маблағлар ҳақдорларга тўлалигича етиб бориши учун давлат раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар жуда кенг имконият яратиб беришмоқда. Масалан, банк ўз хизмати учун ҳақ олмайди ва бу билан ажратилган маблағ ҳақдорга юз фоиз ҳолатда тўлиқ етиб бориши таъминланади.

Шу билан бирга пластик карталар орқали, ҳисоб-рақамдан ҳисоб-рақамга ва мобил телефонлар орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти бор. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 12 та ва Зангиота мажмуасида бир дона инфокиоскалар ҳам ўрнатилди. Мўмин-мусулмонлар улар орқали закотларини, фидяларини, фитр-садақаларини беришлари мумкин бўлади, - деди «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов.



ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3762 times

Мақолалар

Top