Мақолалар

Бугунги жума мавъизаси: Гиёҳвандлик–офат

بسم الله الرحمن الرحيم

ГИЁҲВАНДЛИК - ОФАТ

Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири ва энг даҳшатлиси гиёҳвандликдир. Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни “Ихтиёрий жиннилик”, деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақли ҳушини йўқотади. Гиёҳвандлик ҳақида ҳам муқаддас динимизда керакли кўрсатмалар берилган.   

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

... يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ ...  

(سورة الآعراف/157)

яъни: “... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф сураси, 157- оят).

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, у инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عن أم سلمة  رضي الله عنها قالت: " نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ )وَمُفْتِرٍ(

 (رواه الإمام ابو داود والإمام حاكم)

яъни: Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).

 Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда:

عَن ابْن عمرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما أَن رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ:

 " كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ"  )أخرجه الإمام مُسلم .(

яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”  (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:

عن ثابتِ بن الضَحَّاكِ اَنَّ رَسولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قال: لَعْنُ المُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنْيَا عُذِّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ (رواه الإمام الدارامي).

яъни: Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”  (Имом Дорамий ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

عن أبي سعيدِ الخُدْرِي رضي الله عنه أنَّ رسولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قالَ: "لاَ ضَرَرَ وَ لاَ ضِرَارَ"

( رواه الإمام إبن ماجه).

яъни: “Ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шундек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган мол дунёсини исроф қилишга ҳаққи йўқ. Унинг ноўрин ерларга ишлатишидан ва беҳуда бўлишидан сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 195- оятида шундай марҳамат қилади:

 ...وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ...

яъни: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”.

Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни сотиб олиш учун ҳечам аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади. Исрофгарчиликнинг бундан ёмонроқ кўриниши бўлмаса керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا

яъни: “Шубҳасиз исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди” - дейилади (Исро сураси, 27-оят).

 Ушбу оятга кўра, маблағларини мана шундай ноўрин жойларга сарфлаётганларни шайтоннинг биродари дейиш мумкин. Чунки уларга шайтондан бошқа ҳеч ким дўст бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғимиз лозим.

Пайғамбаримиз (сав)дан Абу Саъид ал Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : "مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَ ذَالِكَ أَضْعَفُ الْإيْمَانِ" (رواه الإمام المسلم).

яъни: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.  (Имом Муслим ривояти)

Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Маҳаллалар ва қишлоқларда шу йўл билан тез бой бўлиб қолишни истаган, қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас. Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида сутра ҳақидаги баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

“Сутра” деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади.

عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً

(رواه الإمام البُخَارِيُّ والإمام مُسْلِمٌ).

яъни: Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туришга рози бўлар эди”, дедилар”. Абу Назр (ҳадисни Бусрдан ривоят қилган ровий:) Қирқ кун дедими, ёки ой, ё йилми, билолмадим, деган (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин. 

عَنْ طَلْحَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا وَضَعَ أَحَدُكُمْ بَيْنَ يَدَيْهِ ِثْلَ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ فَلْيُصَلِّ، وَلَا يُبَالِ مَنْ مَرَّ وَرَاءَ ذَلِكَ (رَوَاهُ الإمام مُسْلِمٌ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қачонки бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермасдан намозни ўқийверсин, дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса ёки намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади. 

Агар сутра бўлмаса ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтса, (намозхон уни) тасбеҳ ёки ишора билан қайтаради. 

Бу қайтариш намозхоннинг “Субҳаналлоҳ!” деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан бўлади. Аёл кишилар эса ўнг қўлини чап қўлига уриб, қарсак каби овоз чиқариш ила қайтарадилар.

Сутранинг энига чегара белгиланмаган, аммо бўйи, яъни баландлиги энг ками бир зиро (газ) бўлиши керак. Бир газнинг узунлиги турлича белгилаб келинади. Баъзилар 46,2 см, десалар, бошқалар 70 см деб таъкидлайдилар. Демак, эҳтиёт учун 70 см ва ундан ҳам узунроқ бўлгани маъқул.  Оёқ билан сутранинг оралиғи намозхон бемалол сажда қила оладиган миқдорда бўлиши лозим.

Сутранинг самараси:

- Намазхоннинг олдидан ўтувчи кимсанинг гуноҳкор  бўлишини олди олинади.

-   Намозхоннинг фикри намоздан чалғимаслиги учун ёрдам.

- Намозхоннинг олдидан ўтишга зарурати бор кишини мушкулликка туширмаслик.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи буюрганидек намоз ўқиш бахтини муяссар айласин! Омин.

Read 3767 times
Download attachments:

Мақолалар

Top