Мақолалар

Масжидга кирганда бошқа, чиққанда бошқа одам бўлмайлик

Ўн беш йиллар чамаси қайсидир нашрда ўқиган эдим. Бир одам масжиддан чиқиб машинасини ўт олдирибди. Кейин бир оз қизигунча магнитофонидан амри маъруф эшитиб ўтирибди. Шу вақт унга бир гавдали одам яқинлашиб: “Шу дискни қаердан топсам бўлади?” деб сўрабди. У бошқа дискка кўчиртириб келиб бериши мумкинлигини айтибди. Улар эртасига соат 10.00 да шу ерда учрашадиган бўлибди. Нимадир бўлибди-ю, эртасига у ярим соат кечикиб қолибди. Учрашув жойига келса, ҳалиги одам кутиб турган экан. Унга қарата: “Сени қара-ю, намоз ўқийсан тағин”, дея маломат қилибди.

Дарҳақиқат, намозли, ниёзли одам билан бенамознинг фарқини намоз ўқимайдиган одамлар ҳам билади. Шунинг учун улардан бирига ишонч билдириш масаласига келганда кишининг қалби, агар у буткул маҳв бўлмаган эса, шубҳасиз, намозхонга мойил бўлади. Негаки, Аллоҳ таоло ҳар доим ўзига ибодат қилган одамнинг юзини нурли қилиб қўяди. Зотан, Қуръони каримда:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُواْ وَعَمِلُواْ الصَّالِحَاتِ وَأَقَامُواْ الصَّلاَةَ وَآتَوُاْ الزَّكَاةَ لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ

“Албатта, иймон келтирган, яхши амалларни қилган, намозни қоим қилиб, закот берганларнинг ажрлари Раббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Ҳақиқий иймон эгаси бўлган кишилар доимо яхши амалларни қиладилар, хусусан, намозни вақтида яхшилаб адо этадилар.

Иқтисодий соҳада эса, закот берадилар. Рибохўрлар одамларнинг пешона тери билан топган даромадларини ҳаром йўл билан ўзлаштириб олаётган бўлсалар, мўминлар ўзлари пешона тери билан топган ҳалол молларидан закот чиқариб одамларга, шундай еб кетарга берадилар. Қайтариб олиш ёки ўрнига бошқа нарса олиш умидлари ҳам йўқ. Уларнинг бирдан-бир умидлари «закот берганларнинг ажрлари Раббилари ҳузуридадир», деган ваъдададир. Улар икки дунёда эминлик ва бахт-саодатда бўлурлар)” (Бақара сурасининг 277-ояти).

Бинобарин, намоз инсоннинг феълига таъсир этади, уни ёмонликлардан қайтариб, ўша ёмонликлар ортидан келадиган балолардан асрайди. Шунинг учун ҳам биз намозга бориш учун ҳаво совуқ кунларда ҳам тиришиб таҳорат оламиз;  баъзиларимиз йўл пули сарфлаб, баъзиларимиз узоқ йўлни яёв юриб масжидга келамиз. Жамоатга қўшилиб намоз ўқиймиз ва бундан қалбимиз роҳатланади, жисмимиз покланади. Раббимиз ваъда қилган 27 карра савобдан насиба олиб қолиш, гуноҳларимиз кечирилиши умидида шунча ишларни қилиб масжидга келамиз, ўнгимизда-сўлимизда, олдимизда-ортимизда турган намозхон биродарларимиз билан жамланиб ибодат қиламиз.

Лекин баъзиларимизнинг ғалати бир одатимиз бор: негадир улар намоз тугаганидан сўнг эса зикрга, тиловатга, дуога қарамасдан масжиддан учиб чиқиб кетади. Ана шундай шошқалоқ биродарларимиз бир тансиқ таомни катта иштаҳа билан тайёрлаб, кейин уни емай кетиб қолган кишиларга ўхшайди.

Ўзи масжиддан нега учиб чиқиб кетамиз? Чунки банкда ишимиз бор, кеч қолсак навбатимиз ўтиб кетади, ошхонага чопамиз, йўқса, қорнимиз очиб қолади... дунёнинг шунақа ишларга шошиламиз!

Баъзида саҳобалар намози билан бизнинг намозимиз ўртасидаги фарқ бормикан?.. деб ўйлайди одам. Аслида биз каби бошдан оёқ гуноҳга ботган, намозларини ҳам қиёмига етказа олмай чала-чулпа ўқиб юрган, тақвоси ҳам ўзига яраша бўлган гуноҳкор банданинг саҳобаи киромлар намози ҳақида гап очиши, яна уларнинг намози билан ўзининг намозини қиёслашни хаёл қилиши кулгули. Аммо бандамиз-да, хаёлга ҳар хил фикрлар келаверади. Уларни жиловлаб бўлмаса, лекин ўзи бунда ғайритабиий ҳодиса ҳам йўқ. Чунки улуғларимизнинг намозини ўзимизнинг намозимиз билан қиёслаб ўргансак, хато ва камчиликларимиз фош бўлиб, уларни тўғрилаб олишга мушарраф бўлармиз...

Буни қарангки, айнан шундай савол саҳобийлар Аллоҳнинг раҳматига етган замонларданоқ бошланган экан. Буюк тобеин Ҳасан Басрий ҳазратларидан: “Саҳобаи киромнинг исломий ҳаёти, тушунчалари қандай эди?” деб  сўраганларида. У зот: “Агар сиз саҳобаларни кўрганингизда уларни телба деб ўйлаган бўлардингиз, Агар улар сизни кўрганларида булар мусулмонлар эмас, деб ўйлаган бўлар эди”, деб жавоб берган эканлар. 

Ҳақиқатан, имон келтирганмиз, исмимиз мусулмонча, масжидга борамиз, бироқ масжиддан чиққанимиз заҳоти буткул бошқача одам бўлиб қоламиз. Имонга, намозга,  масжиддаги ҳолимизга, бошдан оёқ зид бўлган бир инсонга айланамиз.  Баъзиларнинг оғзидан чиқаётган беҳаё сўзларни эшитган киши шу одам ҳам масжиддан чиққанмиди дея ҳайрон бўлиб қолади. 

Гоҳида гувоҳ бўламизки, муаззин азон чақириб бошлаганда одамлар тўда-тўда бўлиб масжидга йўл солар экан, бир қисм инсонлар масжиднинг олдидаги бирор соя жойни эгаллаб олиб нос чекиб, нарда, қарта ўйнаб ўтиради...

Ана шундан ҳам аён бўладики, бизнинг ўқиётган намозимиз бошқаларни таъсирлантирмаяпти, уларнинг феълида бир ўзгариш ясамаяпти, улар бизга ҳавас қилиб ортимиздан масжидга эргашиб келмаяпти. Чунки шунчаки бир одат билиб, эл кўзи учун қилиняпти намозларимиз. Имон жойида, намоз жойида, аммо масжиддан чиққанда бутунлай бошқа одам қиёфасини оляпмиз, ҳатто айрим намозхонлар ўша нардачиларнинг ёнига бориб ўтиряпти. Яқинларимизнинг, қўшниларимизнинг тўйларига боряпмиз. Лағв. Гир-атрофингиз елкалари очиқ, уят жойлари бўрттирилган аёллар. Ана шу тўйларда юзхотирчиликни, андишани сабаб қилиб ўтирамиз. Намоз вақти кириб қолади, ўйнаётганларни, қилпиллаётганларни, валсга тушаётганларни тарк этиб намоз ўқиб олиш учун масжидга чопамиз, намоздан сўнг яна бу ерга...

Бироқ мусулмонларнинг ҳаётий принциплари аниқ бўлмоғи, имоннинг қийматини жойига қўймоғи лозим эмасми? Бу принциплар  Қуръони каримда, ҳадиси шарифда белгилаб берилмаганми?  Ҳақсизликка, ботилга, бидъатга ботмасдан яшамоғимиз лозим эмасми! Мана бу ояти каримага диққат қилайлик:

الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُولَـئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ

“Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.)” (Бақара сурасининг 27-ояти).

Бу оят каримада фосиқлик қиладиган, ҳақ йўлдан адашган кимсаларнинг залолатда экани очиқ айтилган. Бунда кескинлик ила аҳли китобнинг охир замон пайғамбарига имон келтиришдан бўйин товлаши айтилганки, улар сўзларида турмайдилар ва пайғамбар алайҳиссаломга имон келтирмайдилар. Ислом дини ғоят катта эътибор қаратган қариндошлик алоқаларига, қўшни ва яқинларига эътиборли бўлиб, уларга ёрдам беришни тарк этадилар. Фитна ва фасод унсури бўладилар. Шу тариқа ҳам дунёда, ҳам охиратда зарарлар кўрадилар.

Имон келтирмоқ, намоз ўқимоқ, жамоатга қўшилмоқ ва бошқа ибодатларни шунчаки одатга айлантириб олиб, уларни ҳиссизлик, туйғусизлик ила илму амал қилибгина бажариб қўйиш асло мумкин эмас экан. Уларни хушуъ ва хузуъ билан бажаришимиз, агар намоздан роҳат туймай қолган бўлсак, дарҳол бунинг сабабини ўрганиб, уни даф қилишимиз лозим экан. Намоз ўқиш шундай бир ҳаракатки: фақрнинг ҳолини англамоқ, ғарибу ғурабонинг ёрдамига ҳозир бўлмоқ, етимнинг, қалби ўксикнинг қўлини тутмоқ, дин, имон, ватан, миллат учун фидокор бўлиб, юртимизда тенглик-баробарлик ўрнатишга интилмоқ, тафриқага, ҳар турли ширкка, хурофотга қарши бормоқдир.

Имондан, намоздан қалб тўлқинланмаса, демак, шуурсизлик, лоқайдлик олдинги ўринга чиқиб олибди.

Имон ва намоз бизни ришватдан, кибрдан, фоиздан, фаҳшдан, ёлғондан, товламачиликдан, риёдан, ширкдан муҳофаза этади. Акс ҳолда қилган ибодатларимиз ўзимизни ўзимиз алдаб умримизни ўтказишимиз бўлади, холос.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3633 times

Мақолалар

Top