Мақолалар

Оғу кетидан қувиб, оҳ чекманг!

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин, яхшилик ва ёмонлик тушунчаларига инсонлар турлича таъриф берадилар. Баъзи инсонлар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимоти шуки, исломда ниманики яхши деб буюрилган бўлса у яхши, ниманики ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда ҳаётига зарар етказишликка сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан инсонларни қайтарган, қайтарибгина қолмасдан балки, ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: “… У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”, деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром, дейилади. Яна бир ҳадисда Ҳар ким ўзини ўзи заҳар билан ўлдирса қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади , дейилган.

Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири бўлиб у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам ўта зарар келтирувчи бўлган иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар улар маст қилади ва баданни бўшаштиради.

У инсонни ўта ялқов, кам ғайрат, атрофида бўлаётган ходисаларга эътиборсиз бўлишига сабаб бўлади. Кўзни хиралаштириб, тишларини сарғайтиради ва вақтидан олдин тўкилиб кетишига олиб келади. Барчага маълумки, инсоннинг   бахт-саодати унинг ақл-идрокига боғлиқдир.  Инсон ақли билан ўзига зарарли ва фойдали нарсаларни ажратади. Гиёҳванд моддалар эса инсон жавҳари бўлмиш ақлдан мосуво қилади. Аллоҳ таоло инсонни ақли сабабаидан бошқа махлуқлардан афзал қилиб яратди. Шунинг учун ақлига путур етказувчи ҳамма нарсаларни ҳаром қилди, ман этди.

Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликларига, шунингдек,ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилишлик билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Ҳадиси шарифда Ҳар ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша билан азоб берилади, дейилади. Гиёвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга у исрофгарчиликка киради.бу моддаларни истеъмол қилишлик мол-дунё ва бойликни исроф бўлишига олиб келади.

Исроф эса Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан ҳаром қилинган бўлиб, у инсонни хор-зорликка элтади. Саломатликка етказадиган зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин. Гиёҳванд моддаларни зарарларини замонамиздаги илмий тараққиётлар ҳам исботламоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар аста-секин оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир. Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсон асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қатиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.

Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп бўлиб гиёҳванд кимса аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш , аҳамият ва парво ҳислари қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёшларнинг гиёҳвандликнинг биринчи навбатдаги қурбони бўлиши жуда ҳам аянчли холдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳвандлик кишилар қавму-қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар холларда майиб – мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда кўринаётган ҳақиқатдир. Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳаром ҳисобланади.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Парвардигоро! Мени кексайиб қолган чоғимда ризқу-рўзимни кенгроқ қилгайсан” , деб дуо қилганлар. Киши ёшлигиданоқ қарилик ғамини ейиши, ўзини ичкилик ва гиёҳвандликдан асрашлиги, қариганда хор-зор бўлиб қолишдан сақланиши жуда ҳам лозим эканлиги ушбу ҳадис мазмунидан англаш қийин эмас.

Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби

Read 3048 times

Мақолалар

Top