Мақолалар

Ёшлар ва жиноятчилик: унинг ечими нимадан иборат?

Барчамизга маълумки, ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади.

Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисобланади.

Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз тасдиғини топади.  Демак илм йўлини маҳкам тутиб ёшларимизга илмнинг мохияти ва манфаатларини уқтириб боришлигимиз лозим бўлади. Ўзлари қизиққан касбга эришишларига кўмаклашиб туришлик, улар билан бирга ҳамнафас бўлиб, ҳаётий тажрибаларимиздан уларга илиниб туришлигимиз лозим. Шундагина улар ўз йўлларини топиб оладилар ва ҳаётда  адашмайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди: “…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда айрим ёшларимиз орасида бузғунчилик ва жиноятлар содир этилаётгани ачинарли ҳол. Бундай жиноят ва нохушликлардан ўзини асраш эса ҳар бир эътиқодли инсоннинг мусулмон сифатидаги бурчидир.

Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, тафаккурни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди: “Айтинг: биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”. Ёшларимизни турли хил жиноятлардан ҳимоя қилишда, айниқса бунгунги кунда авж олаётган турли нохушликларга сабаб бўлаётган, инсонлар ўртасига рахна солинаётган фитналар ва унинг салбий ҳолатларидан ўниб ўсиб келаётган ҳар бир ёш авлодларимизни огоҳ этиб, уларга тушунтириб боришлик бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳозирги кунда мафкуравий-ғоявий жиҳатдан диний асосга таянадиган турли инқилобий ҳаракатлар дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида  ҳарбий қуролли тўқнашувлар тусида амалга оширилмоқда. Шахс ва жамият, диний маслак ўрни тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўлмаган ёш йигит-қизлар кўпинча ана шундай инқилобий тўс-тўполонлар ғилдирагини айлантиришга кўмаклашмоқда. Аллох таоло мархамат қилиб шундай дейди, яъни: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)»

Барчаларимиз Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду-насиҳатларига амал қилиб боришимиз лозим бўлади. Ўрталаримизда амри маъруф, наҳий мункар, мусибатларга сабр қилиш, аҳли сунна ва жамоа билан бир сафда бўлиш, бир-биримизга меҳр-шафқат, руҳида яшамоғимиз даркор. Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан  ҳамиша сақланишимиз зарурдир.

Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Мамлакатимизнинг ҳудудида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоққа риоя этишимиз керак.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг номи билан умматларини фитна ва уларнинг ёмонлигидан, гумроҳликдан паноҳ тилашга йўллаганлар. Аксари, ислом уламолари “фитна” деганда динда фитнага тушишни кўзда тутишган. Яъни фитнани имон ҳақиқатларига, ислом хислатлари, сифатлари ва фарзларига бепарво бўлишдан сақланиш, деб талқин қилишган. Айрим уламолар эса Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига хилоф ишларнинг вужудга  келиши-энг катта фитна деб айтишади. Шунинг учун ҳам барча уламолар мусулмонларни ҳамма соҳалардаги турли фитналардан сақланиш, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиришган.

Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар:

Ухлаб ётган фитнани уйғотган ва қўзғотган кишини Аллоҳ лаънатласин!”

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади.

Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсаларни қаттиқ қоралайди.

Ёшларимизга, фарзандларимизга таълим-тарбия берганда, насиҳат қилиб, ўргатганда Ватанга муҳаббат ота-она, оиласига, уларни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар-миллий қадриятларга, онаси тебратган бешикка бўлган муҳаббат эканлигини уқтирайлик. Фақат буни ҳис қила билиш керак, халос.

Буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш дегани. Элдан чиқиш эса, имондан қайтиш демакдир.

 

А.Тўхтабоев,

Бешариқ тумани “Фирдавс” масжиди имом-хатиби

Read 5233 times

Мақолалар

Top