Мақолалар

Гиёҳвандлик – аср вабоси

Бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири – гиёҳвандликдир. Аллоҳ Таоло инсонга ақл бериб,  барча мавжудотдан устун қилди, мукаррам қилди, азизлади. Инсон  ақли билан нима фойда-ю, нима зарар эканлигини ажратади. Ақлга путур етказадиган барча нарса ҳаромдир. Ислом дини ақл йўлига ғов бўладиган маст қилувчи барча воситаларни, шу жумладан, ҳашиш яъни гиёҳвандликни ҳам ҳаром қилди.                 

Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтдилар: “Ҳар бир маст қиладиган нарса хамрдир ва шунинг учун хар бир хамр ҳаромдир”. Хамр ичувчига қандай жазо белгиланса,  уни истеьмол қилувчига ҳам шундай жазо белгиланади. Уни ейувчи ҳам, уни севувчи ҳам Аллоҳ ва унинг Расулининг ғазабига учрайди. Уни истеьмол қилиш инсоннинг динига, ақлига, хулқига, табиатига зарар бўлади. Ибн Ҳожар роҳматуллоҳи алайҳ гиёҳвандлик етказадиган 120 хил зарарни санадилар. Бир марта истеьмол қилган инсон бу моддага жуда тез ўрганиб қолади. Тананинг бунга эҳтиёжи кескин ортиб боради. Тананинг фаолияти сусайиб, қарамлик ҳолати юзага келади. Гиёҳвандлик инсон фикрини ўтмаслаштиради, хотирани сусайтиради, ибодатдан тўсади, шарму-ҳаёни кеткизади, меҳр-муҳаббатни йўқотади. Гиёҳвандликка ружу қўйган одам, оиласидан бора-бора ажралади. Чунки уни кўзига на оиласи, на ота-онаси, на фарзандлари кўринади. Унга ўша 2 дақиқалик роҳат бўлса бас. Молини ҳам, уйини ҳам ва охирида ғурурини ҳам сотади. Гиёҳванд кишилар  ўзини оридан, шаънидан ҳурмати, касб-ҳунаридан айрилади. Оиласи бузилади, фарзандлари тирик етимдек бўлиб қолади. Қисқаси гиёҳванд инсон нафақат ўзига балки яқинларига ҳам бир умр азоб беради. Гиёҳванд инсон худдики бир қуриб бораётган дарахт кабидир... 

Шариатимиз нозил бўлганидан бери гиёҳвандликнинг ҳаром экани,  уни ҳалол санайдиган киши кофир бўлиб қолиши айтилган  ва барча уламолар шунга  иттифок қилган. Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо ҳаром эканини таькидлашган. Гиёҳванд моддаларни истеъмол  қилиш,  ишлаб чикариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш оқибати бахтсизликдир. Уламолар гиёҳванд моддалар орқали қилинган касб ҳаромдир, уларни таьсири остида ўқилган намоз қабул эмас, улардан келган фойда ҳам ҳаром уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, деганлар.

Бирлашган Миллатлар Ташқилоти Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилинган резолюциясига кўра, 26 июнь халқаро гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва уларни ноқонуний айланишига қарши курашиш  куни  сифатида белгиланган. Гиёҳвандлик хавфи ҳозирги кунда жуда юқори. Бир йилда гиёҳвандлик орқасидан 73 миллиард АКШ доллари микдорида маблағ айланишини ҳисобга олсак, бу жирканч ишни орқасида нималар борлигини тушунасиз. Дунё бўйлаб асосий гиёҳвандлик  етиштирувчи давлатлар Афғонистон, Колумбия, Покистон, Венесуэла киради. Бугунги кунда 250 миллиондан зиёд гиёҳвандлар рўйхатга олинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам   марҳамат қиладиларки: “Сизлардан ким ёмон, мункар, қабиҳ ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан монеьлик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин!

Ушбу ҳадисга биноан гиёҳвандликка  қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Фарзандларимизнинг ҳар бир қадамидан хабардор бўлишимиз зарур. Лоқайд бўлмаслигимиз керак. Аллоҳ барчамизни  бундай офатлардан, бундай балолардан Ўзи омон сақласин. Юртимизни тинч,  халқимизни фаровон қилсин. Омин.


Ш.Камолов,

 Бухоро шаҳар “Маҳмуд Торобий” 

жоме масжиди имом-хатиби

Read 4934 times

Мақолалар

Top